28.10.2022

ФАРЗАНДЛАРИМИЗНИ ЁТ ҒОЯЛАРДАН АСРАЙЛИК!

#Мақола

ФАРЗАНДЛАРИМИЗНИ ЁТ ҒОЯЛАРДАН АСРАЙЛИК!

Бугун фаровон ва тўкин ҳаётда яшаётганимиз учун Аллоҳ таолога қанча шукр қилсак – шунча кам. Табиийки, ҳаётимизни жуда осонлаштираётган воситаларнинг фойдалари кўп. Бироқ танганинг иккинчи томони ҳам борлигини унутмаслигимиз керак. Гап шундаки, бугун турли ғаразли кучлар ахборот технологиялари орқали фарзандларимизни ёт ғоялар домига тортмоқда.
Бугунги воқейлик тинчликни кўплаб мамлакатлар учун ҳали-ҳануз орзу бўлиб қолаётганини кўрсатмоқда. Мутахассислар тинчликка раҳна солувчи омилларни турлича келтирадилар – давлатлар ўртасидаги низоли вазиятлар, фуқаролик урушлари, миллий ва этник низолар, табиий офатлар...

Аллоҳ асрасин, оила ва юрт нотинч бўлса, тўй-томоша, кўнгилхушлик, ҳазил-мутойиба, ҳаёт лаззатини тасаввур қилиб бўлмайди. Инсон бирор луқмани хотиржам ютмайди, ҳар қандай кошона уй-жой, мол-мулк, бола-чақа инсон танасига оғирлик қилади. Айтишларича, нотинчлик, уруш сабабидан охирги беш минг йилда уч миллиарддан зиёд одам ҳаётдан кўз юмган.

Урушлар сабабидан меҳр-оқибат, инсонийлик унутилади, ҳар қандай эзгу амаллар, улуғ мақсадлар поёнига етмайди. Ер қанчалик кенг бўлмасин, шунчалар тор ва зиқ кўринишга мубтало бўлади.

Лекин бу омилларнинг ичида  бугунги кунда энг хатарли ва ҳар қандай давлат тинчлиги, осойишталиги учун жиддий хавф солишга қодир бўлгани экстремизм ва терроризим эканини ҳар бир соғлом фикрли инсон тан олмоқда.

Экстремизм ва терроризм иллатининг сўнгги пайтларда тобора кучайиб бораётгани мазкур муаммонинг нақадар долзарб эканлигини кўрсатади.

Айниқса, ёвуз мақсадлари йўлида муқаддас ислом динимизни ниқоб қилиб олган ғаразли ҳаракат ва кучлар соғлом фикрлайдиган ҳеч бир инсонни  ташвишга солмаслиги мумкин эмас.

Дунёнинг турли бурчакларида, мусулмон давлатларида рўй бераётган қўпорувчилик ва бузғунчилик ҳаракатларидан барчамиз тегишли хулоса чиқариб, доимо ҳушёр, сезгир ва огоҳ бўлиб яшашимиз кераклигини ҳаётнинг ўзи тақозо этмоқда.

Қуръони каримда бегуноҳ одамларнинг жонига қасд қилиш қораланади. Жумладан, “Нисо” сурасининг 93-оятида бундай марҳамат қилинади: “Кимда-ким қасддан бир мўминни ўлдирса, унинг жазоси жаҳаннамда абадий қолишдир. Яна унга Аллоҳ ғазаб қилгай, лаънатлагай ва унга улкан азобни тайёрлаб қўйгай"
          
       Тинчликнинг қадрига етиш, уни асраб авайлаш бизнинг зиммамиздаги бурчимиздир. Бу барча пайғамбарларнинг суннатидир. 
     
      Тинчлик бардавом бўлиши учун биздан талаб қилинадиган нарса, ушбу неъматга шукр келтириш ва тинчликка раҳна солувчи кучларга бепарво бўлмаслигимиздир. Агар бу неъматга шукр қилинмаса, Аллоҳ таоло бунинг ўрнига хавф-хатарни алмаштириб қўяди, бундан Аллоҳнинг Ўзи асрасин.

Жўйбори Калон аёл-қизлар ўрта махсус ислом
таълим муассасаси ҳадис фани ўқитувчиси  М. Бозорова

Izoh qoldirish