Тинчликни саклаш барчамизни бурчимиз
Тинчлик бу барча халқларнинг, шунингдек ўзбек халқининг ҳам азалий орзуси бўлиб келган. Тинчлик инсонпарвар ва бағрикенг халқимизнинг тили ва дилидан мустаҳкам жой олган энг олий қадрият ҳисобланади.
Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом саҳобалар билан суҳбатлашиб ўтирганларида, саҳобалардан бирлари: “Ё, Расулуллоҳ, биз Аллоҳ таъолодан дуо қилиб сўраганимизда кўпроқ нимани сўрайлик,”- деганларида, Пайғамбаримиз алайҳиссалом: “Аллоҳ таъолодан офият (тинчлик, хотиржамлик)ни сўранглар,”- деб марҳамат қилганлар. Пайғамбар алайҳиссаломнинг бу сўзлари ҳам инсоният учун бу неъматлар нечоғлик муҳим эканлигига далолат қилади. Инсон ким бўлишидан қатъий назар, ўзи яшаб турган Ватани, унинг зилол сувлари, ҳавоси, ноз-неъматлари ва бошқа барча шароитларига шукур қилиб, уни зиёда бўлишини сўраб дуо қилиши — инсонийлик бурчидир.
Шунинг учун ҳам биз юртимиздаги ҳукм сураётган тинчлик ва хотиржамликни сақлашлигимиз, уни турли хил ғаразли хуруж ва ҳамлалардан, фитна ва бўҳтонлардан ҳимоя қилишлигимиз, ўсиб келаётган ёш авлодимизни ҳам улардан бохабар қилиб, ислом динини тинчлик ва хотиржамлик, бағрикенглик дини эканлигини тушунтириб бормоқлигимиз лозим бўлади.
Шунингдек, муқаддас динимизни ниқоб қилиб, ўзларининг ғаразли мақсадларига эришишга уринаётган фирқа ва оқимларга қарши доимо сергак ва ҳушёр туришлигимиз ҳам лозимдир.Юқорида таъкидлаб ўтганимиз каби, инсон учун тинчлик ва хотиржамликни асраб авайлаш-динимизнинг ва давримизнинг талабидир.Жаҳонда рўй бериб турган нотинчликлардан ғафлатда қолишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ! Мамлакатларни, жамиятни, оилаларни, инсониятни ҳалокат ва фалокатга учратадиган энг ёмон мусибатлардан бири – бу бепарволик, ғафлат, лоқайдлик ва шунга оид ёмон ҳислатлардир. Бу инсонларга кўринмайдиган иллатлардан сақланиш барча-барчамизга мухим ва лозимдир.
Аллоҳ таъоло Юртимиз тинчлиги осмонимизни мусаффо ва халкимиз ризкини мул кул қилсин.
Косонсой тумани "Мулла Отавой Охун" масжиди имом хатиби: Мансурхон Тухтахожаев.
Izoh qoldirish