Зиёратга борганда ўқиладиган дуолар
Ҳанафий мазҳаби бўйича, қабрларни зиёрат қилиш эркак ва аёлларга мандубдир. Бошқа мазҳаблар, аёлларнинг қабрларни зиёрат қилиши жоиз эмас, деганлар. Қабр зиёрати жума, шанба, душанба ва пайшанба кунлари бўлгани яхши. Зиёрат ва дуо тик турган ҳолда бўлади. Зиёратчи «Йаасийн» сурасини қироат қилиши мандубдир. Маъқал ибн Ясар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ солаллоҳу алайҳи васаллам: «Ўликларингизга «Йаасийн»ни қироат қилинг», – дедилар». (Аҳмад, Ибн Можа, Абу Довуд ва Ҳоким ривоят қилишган).
Зиёратни хоҳлаётган инсон авволо, ниятни тўғрилаши, ихлос билан, холис Аллоҳ учун зиёрат қилишни мақсад қилиши лозим. Зиёрат пайтида таҳоратли бўлиш суннатдир. Зиёратга борганда қуйидаги ҳадисда келган дуони айтиш лозим. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам мақбарага келдилар ва: “Ассалому алайкум дора қавмим-муъминийн. Ва иннаа иншааллоҳу бикум лаҳиқун”, дедилар”. Маъноси: “Мўъминлар юртининг аҳли, Оллоҳнинг саломи сизларга бўлсин. ИншаАллоҳ бизлар ҳам сизлар билан бирга бўламиз. (Абу Довуд ва Насаий ривоят қилишган).
Шу ҳадисга мувофиқ биз зиёратга борганимизда ушбу дуони ўқишимиз лозим:
.وَ إنَّا إِنْ شَاءَ اللّٰه بِكُمْ لَا حِقُون .السَّلامُ عَلَيْكُمْ دَارَ قَوْمٍ مُؤْمِنِين
Ўқилиши: “Ассалому алайкум дора қавмим-муъминийн. Ва иннаа иншааллоҳу бикум лаҳиқун”.
Маъноси: “Мўъминлар юртининг аҳли, Оллоҳнинг саломи сизларга бўлсин. ИншаАллоҳ бизлар ҳам сизлар билан бирга бўламиз.
Қисқа муддат бўлса ҳам дунё машғулотларини тарк этиб, охиратни ўйламоқ, зиёратгоҳда виқор билан, сокин юрмоқ, қабр аҳлларига салом бермоқ, тик туриб дуо қилиш (Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Бақиъга чиққанларида шундай қилганлар), "Ясин" сурасини ўқиши, бўлмаса, "Ихлос" сурасини ўн бир марта ёки билган сурасини ўқиб савобини ўлганларга аташ, мўминларнинг яхши сифатларини эсга олиш, зиёратдан қайтишда беҳад сокин бўлиш зиёрат одобларидандир.
Шунингдек, «Фотиҳа» сураси, «Бақара» сурасининг аввалидан «муфлиҳун»гача, «Курсий» оятини, «Аманаррасулу»ни, «Таборак» сурасини, «Такаасур» сурасини, «Қул аъуузу бироббил фалақи» ҳамда «Қул аъуузу бироббин нас» сураларини уч мартадан ва «Ихлос» сурасини уч, етти ёки ўн бир марта ўқиса ҳам, яхши бўлади. Қироатнинг савобини ўтганларга бағишлаб дуо қилинади.
Зиёратгоҳга эркак ва аёллар алоҳида-алоҳида тартиб ва навбат билан киришлари лозим. Аёллар имкон даражасида сипо кийинган бўлиши, аврат жойлари, жумладан, боши, кўкраги, оёқ ва қўллари ёпинчиқлар билан тўсилган ҳолатда бўлиши, шунингдек, кийимлари ўзгалар эътиборини тортмаслиги мақсадга мувофиқдир.
Зиёрат вақтида қабр тошларини ўпиш, уларни силаб юз-кўзга суртиш, қабр атрофини айланиб тавоф қилиш, у ерда шам ёқиш, бирор мақсадни кўзлаган ҳолда зиёратгоҳ ҳудудидаги дарахт ёки ёғочларга латта парчаларини боғлаш, мақбара, қабр ва меъморий ишноотларнинг деворларига турли хил ёзув ёки ният сўзларини ёзиш қатъиян ман этилади. Бундай ҳаракатлар ширк ва гуноҳ амаллар ҳисобланади. Аллоҳ таоло ширк амалларни кечирмайди.
Зиёратгоҳда қабрлар ёнида суратга тушиш, қабрларни босиш, уларнинг устига ўтириш, бу жойларда баланд овозда гапириш, кулиш, шовқин солиш ёки бошқаларга салбий таъсир кўрсатувчи ножўя ҳаракатларни қилиш асло мумкин эмас. Мақбара ёки қабрлар атрофида таом пишириш, тановул қилиш, мусиқа эшитиш, ухлаб дам олиш, спиртли ичимликлар ичиш ва тамаки маҳсулотларини чекиш қатиъян ман этилади.
Зиёрат қилинаётган муҳтарам зот ёки қабр аҳллари Аллоҳнинг бандаларидан бири. Ундан бирор мадад ёки нажот сўраш, унга атаб жонлиқ сўйиш катта гуноҳ ва ширк амаллари ҳисобланади. Бундай амаллар зиёрат қилишдан кутилаётган савобларни кетказади. Жонлиқ Аллоҳга атаб сўйилади ва савоби марҳумлар ва қабристонда дафн этилган азизларга бахшида этилади. Қабр устига пул сочиш мумкин эмас. Эҳсон ва садақа пулларини махсус хайрия қутиларига ташлаш талаб этилади. Зиёрат амалларини тугатгандан кейин сокин ва вазмин ҳолатда зиёратгоҳдан чиқиб кетилади. Чиқиш вақтида қабрга таъзим қилинмайди.
Кейинги пайтларда тўй куни келин-куёвларнинг зиёратгоҳларда сайр қилиши урфга айланиб бормоқда. Тўйга келган аёллар, айниқса, келиннинг дугоналари ўта очиқ кийимларда азиз авлиёлар мақбарасида юриши жоизми? Шариатимизда қабристон, улуғ зотларнинг мақбаралари каби жойларни зиёрат қилиш одоблари ва унга оид ҳукмлар батафсил баён этилган. Келин-куёв ёки бошқа шахсларнинг, хусусан аёлларнинг шариатимиз талабига зид ҳолатда зиёрат қилиши динимизда тақиқланган.
Эркакларнинг қабрларни зиёрат қилишлари борасида уламолар барчалари иттифоқ бўлишган. Лекин аёлларнинг зиёрати ҳақида жумҳур уламолар макруҳ санашган. Ҳанафий мазҳаби уламолари эса макруҳ эмас, дейишган ва бунга мана бу ҳадисни далил қилиб оладилар.
Сулаймон ибн Бурайда отасидан ривоят қилади:
“Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Сизни қабрларни зиёрат қилишдан қайтарган эдим. Батаҳқиқ, Муҳаммадга онасини зиёрат қилишга изн бўлди. Бас, у (қабр)ларни зиёрат қилинг. Албатта, улар охиратни эслатади”, дедилар”. Бешовларидан фақат Бухорий ривоят қилмаган. Лафз Термизийники.
Уламоларимиз “Қабрларни зиёрат қилиш эркаклар учун жоиз бўлганидек, агар фитна хавфи бўлмаса, охиратни эслаб, ўлимдан ибрат олиш учун аёллар ҳам зиёратга борсалар жоиз. Агар зиёрат сафар масофасида бўлса, унда, албатта, маҳрам бўлиши шарт” дейишган.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ва бошқа пайғамбарларнинг қабрларини зиёрат қилиш эса бундан мустасно. Аёллар ўзларини юраётган йўлларида бирор қабр учратсалар унинг ҳаққига дуо қилишлари мумкин.
Демак, аёллар дод солиб йиғламасдан, сабрсизлик қилмасдан ва ношаръий хатти-ҳаракатлар қилмасдан, тоҳаратли ҳолда, шариат талабларига мувофиқ либосда бўлсалар ва бидъат иш қилмай, хафаликни янгиламай зиёрат қилсалар, бўлади.
Ибн Обидийн ҳанафий роҳимаҳуллоҳ айтади: “Бизнинг мазҳабдаги тўғри фикрга кўра, шунингдек, Карҳий ва бошқа уламоларимиз айтишича, қабрларни зиёрат қилиш эркагу аёлга жоиздир” (“Ҳошияти Ибн Обидийн”, 2/626).
Шуни эслатиб ўтиш лозимки, аёл кишининг қабрларни зиёрат қилиши деганда яқин қариндошлар ёки ёру биродарлар ҳаққига дуо қилиш учун уларнинг қабрини зиёрат қилиши, шунингдек, ибрат олиш ва охиратни эслаш мақсадида ҳар қандай қабрларни зиёрат қилиш назарда тутилган. Аммо авлиё ёки солиҳ инсонлардан бирон манфаат тилаб ёки бирон зарарни даф қилиш мақсадида уларнинг қабрларини зиёрат қилиш шариатимизда ҳаром қилинган ширк амал саналади.
Муқаддас қадамжо ва зиёратгоҳлар Она Ватанимиз кўрки, миллий маънавият, маданият ва қадриятларимизнинг ноёб дурдоналаридир. Шунинг учун бундай табаррук масканларни кўз қорачиғидек асраб-авайлаш ва келажак авлодларга муносиб етказиш ҳар бир фуқаронинг бурч ва вазифасидир.
Оллоҳ барчаларимизни зиёратларимизни қабул айласин. ИншааАллоҳ! Омийн!
Жўбори калон ўрта махсус
аёл-қизлар билим юрти талабаси
Нажимова Зебинисо Одил қизи
Izoh qoldirish