Либос-безак эмас,ҳаё омили бўлсин!
Ўзбекона лутф, ҳаё деганда инсоннинг фақат ўзини тутиши ҳатти-ҳаракатлари эмас балки кийиниши ҳам назарда тутилади.Инсон қайерда қандай кийинишни билиши,либос инсонга фақат безак эмас балки унинг ички дунёсини фаҳм-фаросатини кўрсатувчи омил эканини унутмаслиги лозим. Айниқса, аёл ҳар қандай ҳолатда ҳам аёллик ибосини сақлаши зарур. Бу аввало унинг кийимида акс этиб туради. Инсонга биринчи навбатда кийган либосига қараб баҳо берилади. Либос эса ҳеч кимда ҳайрат ёки эътироз туғдирмаслиги керак.
Улуғ аллома Абу Ҳомид Ғаззолий «Қалб ажойиботлари» номли китобида кўркам ва қимматбаҳо кийимларга ўчлик шайтоннинг инсон қалбини забт этиш учун кирадиган эшикларидан бири экани ҳақида ёзган. Дарҳақиқат, шайтон инсонни умр бўйи олий нав ва фахрли кийимлар билан зийнатланишга чорлаб, шу йўл билан ҳам ўзига бўйсундиришга, нафсининг қулига айлантиришга ҳаракат қилади. Алишер Навоий ҳазратлари эса “Эркакларнинг ўзини кўз-кўз қилиш учун ясаниши, хотинларнинг оройиш учун безаниши кабидир. Аммо бу каби безанмоқ ҳар иккаласи учун ҳам номуносиб, хусусан, эркаклар учун кўпроқ шармандаликдир”, дея таъкидлаб ўтган. Кийим сатри аврат, яъни уятли жойларни яширишда бир зарурат бўлгани учун унга кўнгил бермай, ярашган, оддий, қурби етган кийимларни кийган маъқул.
Саҳл ибн Ҳанзалиядан ривоят қилинади: «Бизга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Албатта, сизлар биродарларингиз ҳузурига борурсизлар. Бас, либосингизни тузатинг, эгар-юкларингизни тузатинг, одамлар ичида худди холдек бўлинг», дедилар» (Имом Аҳмад, Абу Довуд, Тобароний ва Ҳоким ривояти). Шундай экан биз инсонийлик ва маънавият бобида дунёга танилган улуғ зотларнинг авлодларимиз.
Демак,кийган кийимимиз бизни ким ва қандай инсон эканимизни кўрсатиб беради. Аждодларимиздан мерос — кийиниш маданияти ўзлигимизни англатишини, асрлар шиддатига дош берган иродамизни, сабру-қаноатимизни, пок умидларимизни ифода этишини унутмайлик.
Жўйбори Калон аёл-қизлар ўрта махсус
ислом таълим муассасаси маънавият
ва маърифат ишлари бўйича директор ўринбосари: И.Уста-Алимова
Izoh qoldirish