Ашуро куни ва унинг фазилатлари
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Ашуро куни ва унинг фазилатлари
Муҳаррам ойи – ҳижрий-қамарий йилнинг биринчи ойи бўлиб, у ҳаром ой бўлишидан ташқари, халқ тилида унинг ўнинчи кунига ишора қилиниб, Ашуро ойи ҳам дейилади. Бу кун ҳақида Набий алайҳиссалом: «Бу шундай яхши кундирки, бу кунда Аллоҳ Бани Исроилни душманларидан қутқарган. Шу боис Мусо алайҳиссалом бу кунда рўза тутган. Мен Мусога кўпроқ (яқин бўлишга) ҳақлироқман», дедилар ва у кунда рўза тутиб, одамларни ҳам унинг рўзасини тутишга буюрдилар». (Имом Бухорий ривояти). Бу кунда рўза тутиш ўтган бир йиллик гуноҳларга каффорат бўлади. Бу ҳақда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ашуро кунининг рўзаси – Аллоҳдан умид қиламанки – бир йил олдинги гуноҳларга каффорат бўлади»,деганлар (Имом Муслим ривояти). Демак, бу кунда рўза тутиш бизнинг мазҳабимизда муҳим ҳисобланади. Ашуро кунининг яна бир хислати – бу кунда аҳли аёли, фарзандларига кенгчилик қилиш, кийим-кечак, уйга жиҳозлар олиб бериш, уларни хурсанд қилиш ҳам киради. Тўрт мазҳаб уламолари оиласига рўзғор қилиб беришни мустаҳаб деганлар ва бир қанча далилларни келтирадилар. Жумладан, ҳазрати Абдуллоҳдан қилинган ривоятларни келтирадилар: «Ашуро куни ким оила аҳлига рўзғорини кенг қилиб берса, Аллоҳ таоло йилнинг қолган қисмида унга кенгчилик беради», – деганлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассаллам. Шунга биноан, бу кунда оиламизга кенгчилик қилсак, фарзандларимизга хурсандчилик ато қилсак, Аллоҳ ихлосимизга яраша келгуси йилда барча ишимизга барака бериб қўяди. Муҳаррам ойининг ёлғиз ўнинчи куни эмас, балки бир кун олдин ёки бир кун кейинги кунда ҳам рўза тутиш Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг суннатларидир.
Бу кунларда қилинган амалларга Аллоҳ улуғ ажр ва мукофотларни беради. Бундан ташқари бу ойда ўқиладиган кўплаб фазилатли намоз (нафила) ва дуолар бор, умуман бу ойни унумли ўткизиш учун жидду-жаҳд қилишимиз лозим. Аллоҳ барчамизни амалларимизни ажрини кўпайтириб берсин.Дуоларимизни қабул айласин. Ассалому алайкум вароҳматуллоҳи вабарокатуҳ.
Жўйбори Калон аёл-қизлар ўрта махсус ислом
таълим муассасаси Маънавият ва маърифат ишлари
бўйича директор ўринбосари: И.Уста-Алимова
Izoh qoldirish