17.07.2022
Руҳ нима?
Руҳ мавзуси илмда ҳам, фалсафада ҳам қадим-қадимдан энг мураккаб муаммолардан ҳисобланади. Бу муаммонинг энг тўғри ечимини Қуръони Каримда кўрамиз.
Жумладан, Исро сурасида шундай дейилади:
“Ва сендан руҳ ҳақида сўрарлар. Сен: “Руҳ Роббимнинг ишидир. Сизга жуда оз илм берилгандир”, деб айт” (85-оят).
Аллоҳ таолонинг “сизларга фақат озгина илм берилган” деган гапини француз академиги Шарль Ришар қуйидаги сўзлари билан изоҳлайди: “Нима учун биз очиқ-ойдин ўзимиз фахрланаётган бу илмимиз теварак-атрофдаги нарсаларнинг баъзи кўринишларини идрок қилишдан бошқа нарса эмаслигини айта олмаймиз? Аммо бу нарсаларнинг ҳақиқатлигини биз билмаймиз ҳам, ҳис қилмаймиз ҳам. Жонли ёки жонсиз нарсаларнинг ҳақиқий табиати бизнинг ақлимиздан устун туради”.
Ўз сўзининг охирида у шундай ёзади:
“Ҳақиқий олим камтарин ва журъатли бўлиши керак. Камтарин бўлиши – чунки илмимиз жуда кам, журъат эса – кишини ҳали кашф этилмаган кўп нарсаларга чорлайди”.
“Иймон” китобидан.
Izoh qoldirish