15.07.2022

Калимаи тавҳид

Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин. Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин. Тавҳид – Aллоҳни бир деб билмоқдир. Тавҳид калимаси: «Ла илаҳа иллаллоҳу Муҳаммадур расулуллоҳ». Шаҳодат калимаси: «Aшҳаду анла илаҳа иллаллоҳу ва ашҳаду анна Муҳаммадан абдуҳу ва расулуҳ». Тавҳид калимасининг маъноси: «Aллоҳдан бошқа илоҳ йўқ. Муҳаммад Унинг элчисидир». Шаҳодат калимасининг маъноси: «Aллоҳдан бошқа илоҳ йўқлигига ва Муҳаммад Унинг қули ва расули эканлигига иқрорман». Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам дейдилар: «Бир киши «Ла илаҳа иллаллоҳу муҳаммадур расулуллоҳ» деса, тавҳид калимаси шундай дейди: «Ё, пок Парвардигоро! Мени айтган қулингни кечирмагунингча, мен тинчланмайман!» Aллоҳ фазли билан шундай дейди: «Иззатим ва Жалолим, Жамолим ва Камолим ҳаққи Мени зикр этган бандамни кечирдим». Тавҳид калимасини айтган кимсани маҳшаргоҳда бир гуруҳ малаклар зиёрат этадилар. Уни маҳшар даҳшатларидан қўриқлайдилар. Aллоҳ Мусо алайҳиссаломга Тур тоғида шундай марҳамат этди: «Ё Мусо! Маҳшар ерида фаришталар сени зиёрат этишларини истасанг, тавҳид калимасини кўп зикр эт!» Эй, мўмин киши! Тавҳид калимасини тил билан зикр этиб, асло дилда шубҳага тушма! Шубҳага тушиш – жаҳаннамга тушиш кўприги (сабабчиси). Бундай кишига шафоатчи йўқ. Калимайи тавҳидни кўп зикр қилгин. Тур тоғида Мусо алайҳиссалом сўрадилар: «Aллоҳим! «Ла илаҳа иллаллоҳ» дея зикр этгувчи қулингга қандай ҳақ ато этгайсан?» «Эй, Мусо! Ўша қулимдан рози бўлиб, жаннати Aълода Жамолим билан шарафлантираман!» Калимайи тавҳид фазилати ва уни зикр этганга бериладиган ҳақ таърифга сиғмас даражада. Бунинг мукофотини Aллоҳнинг Ўзи тайин, тақдир ва эҳсон этади. Уни бутун қалб билан тасдиқлаб, шубҳа-гумонсиз ифодалаш лозим. Тавҳид калимасини дилдан айтган одам Аллоҳни Яккаю Ягона Илоҳ деб билади, У Зотга итоат этади, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам суннатларига эргашади. Ана шунда Аллоҳ уни дўзах ўтидан асрайди, жаннатга киритади. Жўйбори Калон аёл қизлар ўрта махсус ислом таълим муассасаси ўқитувчиси И.Уста-Алимова

Izoh qoldirish