Фаросат
Албатта Аллоҳ таоло тақводор бандага шундай фаросат ато этадики, у билан одамлар орасида бўлсин, ёлғиз бўлсин, бир кишига қараб уни ёлғончи ёки ростгўй эканини, яхши ёки фожир эканини фарқлай оладиган, ажрата оладиган бўлади. Фаросат ғайбни даъво қилиш эмас балки, Аллоҳ берган зийраклик ва зеҳну заковат орқали кишиларнинг шахсиятлари ва ички оламлари борасида тахминий хулоса қилишдир. Фаросатнинг бир тури борки, у кишининг тақво даражаси, Аллоҳни таниш кўламига қараб берилади. Кишининг маърифати юксалиб, Аллоҳ билан бўлган иртиботи кучайиб боргани сари ундаги фаросат нури ҳам кучайиб боради. Иймон қувватига қараб, фаросати ўткирлашаверади. Араб лафзидаги «Фироса» – руҳдаги кўз ва ақл кўзи биргаликда инсон кўзига боғлиқ бўлишидир. Кўз бир аъзодир. Кўриш эса руҳдан содир бўлувчидир. Нарсаларни идроки эса икковининг оралигидадир. Қачон ақл ва руҳ нафсни машғул қилувчи нарсалардан халос бўлса, ақл ҳам руҳ кўрган нарсани идрок этади. Авомнинг руҳлари нафслари билан машғул бўлиб, шаҳватларга боғланиб қолгани учун ботиний нарсаларни руҳ орқали кўришдан тўсилиб қолгандир.
Жўйбори Калон ал қизлар ўрта махсус ислом таълим муассасаси ўқитувчиси И.Уста- Алимова
Манбалар асосида тайёрланди.
Izoh qoldirish