ИСЛОМДА ЛИБОС МАСАЛАСИ
Халқимизда “Уйга палос, танга либос” деган содда ва лекин пурмаъно ибора бор. Демак, гилам, шолча каби тўшамалар хона кўркини очса, дид билан кийилган либос инсонга зийнат бағишлайди. Либоснинг биринчи галдаги вазифаси танани ташқи таъсирлардан (мас: иссиқ ё совуқдан) ҳимоялаш ва авратини беркитиш бўлса, буларга қўшимча равишда яна зийнат ва кўрк ҳам беради. Аллоҳ таоло Қуръони Каримда қуйидагича марҳамат қилади:
Каримда қуйидагича марҳамат қилади: يَا بَنِي آدَمَ قَدْ أَنْزَلْنَا عَلَيْكُمْ لِبَاسًا يُوَارِي سَوْآتِكُمْ وَرِيشًا ۖ وَلِبَاسُ التَّقْوَىٰ ذَٰلِكَ خَيْرٌ ۚ ذَٰلِكَ مِنْ آيَاتِ اللَّهِ لَعَلَّهُمْ يَذَّكَّرُونَ Эй Одам болалари, батаҳқиқ, сизларга авратингизни тўсадиган либос ва зийнат либосини нозил қилдик. Тақво либоси, ана ўша яхшидир. Ана ўшалар Аллоҳнинг оят-белгиларидандир. Шоядки эсласалар. (7:26) Динимиз инсон ҳаётининг барча жабҳаларини қамраб олувчи таълимот бўлгани учун унда ҳатто либос масаласига ҳам катта аҳаммият берилган ва бу борада муайян қоидаларни жорий қилган. Қуръони Каримда марҳамат қилинади: يَا بَنِي آدَمَ خُذُوا زِينَتَكُمْ عِنْدَ كُلِّ مَسْجِدٍ وَكُلُوا وَاشْرَبُوا وَلَا تُسْرِفُوا ۚ إِنَّهُ لَا يُحِبُّ الْمُسْرِفِينَ Эй Одам болалари, ҳар бир ибодат чоғида ўз зийнатингизни олинг. Еб-ичинг ва исроф қилманг. Чунки У зот исроф қилувчиларни севмас. (7:31) Ҳадис шарифда эса Расуллуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: “Албатта, Аллоҳ таоло Ўзининг неъматини бандасида кўринишини яхши кўради”. Юқорида келтирилган далилларга кўра инсон либоси илоҳий неъматлардан ҳисобланиб банда бу неъмат учун ҳам Аллоҳ таолога шукур қилмоғи лозим бўлади. Хўш, бу неъматнинг шукри қандай адо этилади? Шукур тил ва дилда бўлиш билан бир қаторда амалда ҳам бўлиши керак. Либос неъматининг амалдаги шукри эса айнан ўша неъматни берган Зот томонидан бўлган ҳукмларга риоя қилмоқ билан бўлур. Энди Ислом шариатида либос борасидаги асосий ҳукмлар билан танишиб чиқсак.
Эркаклар либосига таалуқли ҳукмлар:
1. Авратни беркитиб туриши Эркак кишининг аврати киндик остидан бошланиб, тиззанинг таг қисмида тугайдиган миқдор ҳисобланади. Эр киши ушбу миқдордаги тана қисмини аёлидан ўзга ҳеч кимга, ҳатто бошқа эркаклар олдида ҳам очиши мумкин эмас. Эркак кийими авратларини беркитиб яна ундан ҳам узунроқ бўлиши яхши ишдир.
2. Ипак ва тилло каби эркак кишига таъқиқланган матолардан холи бўлиши Ҳадиси шарифда ворид бўлишича, бир куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ипак матони ўнг қўлларига, тиллони эса чап қўлларига олдилар ва: “Албатта, мана бу икки нарса умматимдаги эркакларга ҳаромдир”, дедилар.
3. Аёллар либосига ўхшамаслик Ибн Аббос (р.а) айтадилар: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам аёлларга ўзини ўхшатадиган эркакларни лаънатладилар”.
4. Шуҳрат либоси бўлмаслиги Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтганлар: “Ким дунёда шуҳрат либосини кийса, қиёмат куни Аллоҳ таоло унга хорлик либосини кийгазади”. Имом Сарахсий ўзларининг “Мабсут” китобларида айтадиларки: “Бу ўринда шуҳрат либосидан мурод, одамлар бармоқлари билан кўрсатадиган даражада ҳаддан ташқари башанг ва чиройли кийим ёки ҳамма қўли билан кўрсатадиган даражада эскирган ва хунук бўлишидир. Зеро, биринчиси исрофга олиб борган бўлса, иккинчиси ўта ночорликка далолат қилади, ҳолбуки ишларнинг энг яхшиси ўртача бўлганидир”.
5. Турли ҳайвонлар сурати туширилган, ислом дини таълимотларига зид шиор ва ёзуви бор бўлган кийимлар. Сурат агар кийим ишлаб чиқарувчининг махсус белгисида (эмблема) кичик ҳажмда бўлса дуруст ҳисобланади.
6. Либос манманлик ва кибрга олиб бормайдиган тавозени ўзида мужассамлаштирган бўлиши лозим.
7. Тоза ва ҳушбичим либосларни ихтиёр қилмоқ керак.
Алиакбар Абдуллаев, “Кўкалдош” ўрта махсус ислом таълим муассасаси мударриси
Izoh qoldirish