28.06.2022

Қурбонлик фазилати

               Қурбонлик – сўзининг ўзаги “қурбон”, арабчадан таржима қилинганда “яқинлашиш” деган маънони билдиради. Ҳанафий мазҳабига кўра қурбонлик қилиш – вожибдир. Қурбонлик қилишни вожиб қиладиган бойлик миқдори – кундалик ҳаёт учун зарур нарсаларидан ташқари 85 грамм тилла ёки унинг қийматидаги мол-мулкка эга бўлишдир. Қурбонлик ҳақида Қуръони каримнинг Ҳаж сурасида шундай дейилади:

وَالْبُدْنَ جَعَلْنَاهَا لَكُمْ مِنْ شَعَائِرِ اللَّهِ لَكُمْ فِيهَا خَيْرٌ …  (سورة الحج/36)

яъни: “(Қурбон қилинадиган) туя ва сигирларни Биз сизлар учун Аллоҳнинг шиорларидан қилдик. Сизлар учун уларда яхшилик бордир” (36-оят).

Қурбонлик – ҳар йили такрорланадиган ибодатдир. Қурбонлик – Аллоҳни улуғлаш учун қулай фурсат ва уни розилигини топишдир. Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади:

لَنْ يَنَالَ اللَّهَ لُحُومُهَا وَلَا دِمَاؤُهَا وَلَكِنْ يَنَالُهُ التَّقْوَى مِنْكُمْ كَذَلِكَ سَخَّرَهَا لَكُمْ لِتُكَبِّرُوا اللَّهَ عَلَى مَا هَدَاكُمْ وَبَشِّرِ الْمُحْسِنِينَ

яъни: “Аллоҳга (қурбонлик) гўштлари ҳам, қонлари ҳам етиб бормас. Лекин у Зотга сизлардан тақво етар. Аллоҳ сизларни ҳидоят қилгани сабабли – У зотни улуғлашларингиз учун – уларни сизларга бўйсундириб қўйди. Эзгу иш қилувчиларга хушхабар беринг!” (Ҳаж сураси, 37-оят). Қурбонлик қилинадиган туя беш ёш, қорамол икки ёш, қўй ё эчки бир ёшга тўлган бўлиши шарт. Бу ёшга етмаган ҳайвонларни сўйиш билан қурбонлик адо бўлмайди. Фақат бир ёшли қўйларга тенглашиб кетган бўлса, олти ойлик қўзи ҳам қурбонликка ярайди.

Шохини баъзиси синган қўйни ҳам қурбонлик қилишга рухсат берилган. Аммо  шохи таг-тубидан синган бўлса уни қурбонликка сўйиш жоиз эмас.

Қўтир қўйни қурбонликка сўйиш учун қўтирлик гўштга ўтмаган ва айни пайтда ем-хашак еб турган бўлиши шарт қилинади. Акс ҳолда қўтир қўйни ҳам қурбонликка сўйишга рухсат берилмайди. (“Ал-Фатово ал-ҳиндийя” китоби. Мана шундай фазилатли амал – қурбонлик қилганимизда ота-она, опа-сингил, ака-ука, қариндошлар, қўни қўшнилар ва маҳалламиздаги камбағал оилаларга ширин сўз айтиш ва эҳсон қилишни унутмайлик. Зеро, динимизда ўзгаларнинг қалбига хурсандчилик солиш Аллоҳ таолога энг севимли ишлардандир!

Аллоҳ таолога севимли бўлган бу кунларда эҳсонларни кўпайтириб, уни муҳтож оилаларга йўналтиришимиз айни муддаодир.

 

 

  Жўйбори Калон аёл-қизлар ислом

 таълим муассасаси Ҳадис фан ўқитувчиси:                              М.Бозорова

 

 

Izoh qoldirish