Ғийбат ва унинг каффорати
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим.
Бировнинг молини зулм билан ейиш қандай ёмон иш бўлса, унинг обрўсига тажовуз қилиш манфур амаллардандир. Бировнинг айбини ошкор қилувчи сўзни, агар тўғри бўлса ҳам, айтиш жоиз эмас . Чунки бу билан ғийбат қилинган бўлади. Агар ёлғон бўлса, туҳмат ва бўҳтон бўлгани учун гуноҳи ҳам икки ҳисса бўлади.
Аллоҳ таоло ғийбатнинг ҳақиқий моҳиятини Қуръони каримда баён этиб, инсонларга шундай хитоб қилади:
«...(Ўзгалар айбини қидириб) жосуслик қилманглар ва бирингиз бирингизни ғийбат қилмасин! Сизлардан бирор киши ўлган биродарининг гўштини ейишни хоҳлайдими?! Уни ёмон кўрасиз-ку, ахир! Аллоҳдан қўрқингиз! Албатта, Аллоҳ тавбаларни қабул қилгувчи ва раҳмли Зотдир» (Ҳужурот сураси,12-оят). Ғийбат қилиш ҳаром бўлгани каби уни тинглаш ҳам ҳаромдир. Уламолар бирор зарар туғилиш эҳтимоли бўлмаса, ғийбатдан қайтариш, бунинг имкони бўлмаса, ғийбат бўлаётган ўтиришни тарк этиш, бу ҳам мумкин бўлмаса, ғийбатга қарши норозилик кайфиятида бошқа нарсалар билан машғул бўлиш керак, дейишган.
Пайғамбаримиз саллоллоҳу алайҳи васаллам: "Эй тили билан имон келтириб, дилида имон келтирмаганлар, мусулмонларни ғийбат қилманглар ва уларнинг камчиликларини қидирманглар. Ким уларнинг камчилигини қидирса, Аллоҳ таоло ўша одамнинг камчилигини қидиради. Аллоҳ кимнинг камчилигини қидирса, уни уйидан шарманда қилган ҳолида чиқаради", деганлар .
Ғийбатнинг каффорати икки қисмдир. Афсус-надомат ва тавба қилса, Аллоҳнинг ҳаққини адо қилган бўлади. Кейин эса ғийбат қилинган одамни кўрганда ундан кечирим сўраши шарт. У кишининг ҳаққига доимо истиғфор айтиб юриши лозим бўлади. Чунки бу муомала охиратга қолса, оқибати оғир бўлади. Ғийбат қилишдан сақланинглар! Дарҳақиқат, ғийбат – зинодан қаттиқроқдир. Баъзан киши зино қилади, шароб ичади, кейин ҳақиқий тавба қилиб, бу амалларни такрорламайди. Аллоҳ таоло унинг тавбасини қабул қилади. Ғийбат қилувчи эса то ғийбат қилинган одам уни авф этмагунича мағфират қилинмайди». Демак, имкони бўлса, ғийбат қилинган мазлумдан кечирим сўраш лозим.
Агар у ғойиб ёки вафот этган бўлса, унинг учун истиғфор ва яхши дуони кўпайтириш керак.
Аллоҳ таоло барчамизни ғийбатдан ва унинг ёмон оқибатларидан асраб, ҳидоятга бошласин.
Жўйбори Калон аёл-қизлар ўрта махсус ислом таълим муассасаси
Маънавият ва маърифат ишлари бўйича директор ўринбосари : И.Уста-Алимова
Izoh qoldirish