03.06.2022

“Жўйбор”га қутлуғ зафарлар муборак!

Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм!

          Азалдан маълумки, кўҳна Бухоро авлиёлар, олиму фузалолар ҳамда Ислом дини йўлида хизмат қилган буюк шахслар етишиб чиққан диёрдир. Бухоро ўзининг илм масканлари, масжиду мадрасалари билан етти иқлимга танилган Она-замин. Шулардан бири “Жўйбори Калон” аёл-қизлар ўрта махсус ислом таълим муассасаси бўлиб, унда таҳсил ва тадрис олаётган Ойпошша ойимнинг невара қизлари закиййа, ташаббускор, пешқадам хонзода изидан бораётган оқила ва орифа талаба қизлар ҳақида сўз юритишга қатъий жазм этдик. Мазкур таълим муассаса республикамизда анча йиллардан буён фаолият кўрсатиб келмоқда ва албатта, юзлаб аёл-қизлар бу даргоҳда таълим-тарбия олиб, жамиятимизда таянч бўлибгина қолмай,  динимиз ривожи  йўлида собитқадам бўлиб, етук ва комил келажак умматни етиштириб чиқаришда хизмат қилиб келишмоқда.

“Жўйбори Калон” аёл-қизлар ўрта махсус ислом таълим муассасаси улкан ютуқларга эришиб, она-шаҳримиз довруғини бутун республикада кенг таратмоқда.  

 

    

           Жумладан, 2022 йил 27-28-май кунлари Наманган шаҳар "Ҳидоя" ўрта махсус ислом билим юртида "Баркамол авлод-2022" спорт мусобақасининг Республика босқичида  спортнинг "стол тенниси" ва "шахмат" турлари бўйича аёл-қизлар ўртасида  мусобақа бўлиб ўтди. 

          “Шахмат” бўйича мусобақада “Жўйбори Калон” аёл-қизлар ўрта махсус ислом таълим муассасаси 2-курс талабаси Нодира Назирова 1-ўринни, "Стол тенниси" бўйича мусобақада Ойдинисо Мамасолиева 2-ўринни қўлга киритишди.

 

 

 

 

Куни кеча 1-2 июнь кунлари Тошкент ислом институтида “Ягона олимпиада-2022”нинг якуний республика босқичи бўлиб ўтди. “Ягона олимпиада” Ўзбекистон мусулмонлари идораси Таълим ва илмий-тадқиқотлар бўлими томонидан республикадаги 10 та ўрта махсус ислом таълим муассасаларининг битирувчи курс талабалари ўртасида ўтказилди. Ягона олимпиадада талабалар Араб тили, фиқҳ ва ақоид фанлари бўйича синовдан ўтказилди. “Жўйбори Калон” ЎМИТМнинг 3-босқич талабаси Сайфуллаева Ўғилой мазкур танловда иштирок этиб, 90.8 балл билан 3-ўрин соҳибаси бўлди. Араб тили фани бўйича талаба қизимиз 10 та таълим муассаса орасида 

 

 

биринчиликни қўлга киритди. Бунинг замирида мазкур илм даргоҳида фаолият юритиб келаётган устоз ва мураббийларнинг неча йиллик машаққатли меҳнати кўриниб турибди. Таълим муассаса жамоаси, педагог-ўқитувчилари ва ишчи-ходимлари ҳамда талабаларнинг чуқур илм олишлари учун етарли шарт-шароитларни яратиб, бу йўлда мунтазам тарғиб қилиб келаётган ва уларнинг ҳар бир ютуқларини рағбатлантириш орқали уларни маънавий-маърифий юксалишларига сабабчи бўлаётган “Жўйбори Калон” аёл-қизлар ўрта махсус ислом таълим муассасаси директори А.Х.Иноятовнинг 

 

хизматлари беқиёс ва беназирдир. Шунингдек, мазкур ўқув йилида таълим муассасасида устозларнинг машаққатли меҳнатлари туфайли кўплаб қория қизлар етишиб чиқаётганлиги, ўқув адабиётлардан ташқари, қўшимча адабиётларнинг хатми кутуб қилинаётганлиги бунинг исботидир. Сўзимиз хотимасида таълим муассаса равнақи, юксалиши ҳамда зафарлар бардавомийлигини  Аллоҳ таоло муяссар айлашидан умидвормиз...

 Таълим муассаса ўқув, малака ошириш ва 

қайта тайёрлаш бўлим бошлиғи Н.К.Рахимова ва

 “Ҳадис” фани ўқитувчиси М.С.Бозорова

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

Izoh qoldirish