
Суратга эмас, сийратга қараб эътибор қилинади
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай марҳамат қилдилар:
“Албатта, Аллоҳ таоло сувратларингизга ва молу дунёларингизга қарамайди ва лекин қалбларингизга ва амалларингизга назар қилади”.
Аллоҳ таоло инсонни ташқи суратига қараб эмас, қалбининг поклигига қараб баҳолайди. Аллоҳ таоло инсонни молу дунёсига қараб эмас, солиҳ амалига қараб тақдирлайди.
Бугунги кунда баъзи мусулмонлар ташқи кўринишларига, жамиятдаги мавқеларига эътибор қаратиб, Аллоҳ таоло эътибор қиладиган ҳолатларни унутиб қўяптилар. Албатта ҳар бир кўриниш нимани талаб қилса, инсон ўшанга мос равишда муомалада бўлиши керак. Масалан, оқ халат кийган духтир гигиенага амал қилмаса ёки ўқитувчи мақомидаги шахс беҳаё сўзларни айтса ва ҳоказо...
Демак, мастура аёлларимиз суратда исломий кўринишда бўлсалар, ўзларини тутишлари ҳам исломий хулқда бўлиши лозим. Шу билан бирга эркакларда бугунги жамиятимизда исломни кўрсатувчи кўринишлардан бу соқол ва дўппи бўлса, булар ҳам ўзларини ножўя ишлардан, бешарм сўзлардан ўзларини тийишлари керак. Аксинча ўз амаллари билан атрофдагиларга гўзал ўрнак ва намуна бўлишлари керакдир.
Албатта ташқи кўриниш гўзал бўлиши Исломда марғуб амаллардан, аммо ҳар бир нарса меъёрида бўлиши матлуб хулқлардандир. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам “Либосларингизни гўзал қилинглар. Одамларнинг юзидаги хол каби чиройли бўлиб юринглар” деганлар. Ушбу ҳадиси шарифдан шу нарсалар маълум бўлмоқдаки, юзимиздаги соқолимиздан бошлаб, оёғимиздаги пойабзалимизгача ўзимизга ярашган кўринишда бўлсин. Муслима аёлларимиз ҳам кийинишлари бошқа юртларига тақлид қилмасдан, балки ўзимизнинг миллий матоҳлардан кийим кийиб, атрофдагиларга ижобий таассурот қолдирсинлар.
Мавлонов Жамол
Izoh qoldirish