25.04.2022

Аёл

Аёл! сенинг ҳусну-тароватингни минг бор куйласам гар адо бўлмас,

Мухаббат мулкида малика бўлсанг ошиғингдек фақир-гадо бўлмас.

Оёғинг ўпмоққа келтириб ёйсам замин кўксидаги чечаклар етмас,

Осмонни узсаму пойингга қўйсам юлдузлар бир нафас қошингдан кетмас!

Аёл Аллоҳ таоло яратган нозик хилқат. Ислом динида аёлнинг шаъни, қадр-қиммати юксак даражаларга кўтарилади. Қуръони каримнинг 35 та сура ва 100 дан ортиқ оятида аёл сўзининг ишлатилиши ва суралардан бири айнан “Нисо” яни “Аёллар” деб номланиши ва унда аёлнинг мавқеи, унинг ҳаётдаги ўрни, ҳақ-ҳуқуқлари батафсил баён этилиши аёлларга бўлган эътиборнинг ёрқин мисолидир.

Ислом дини аёлга тўлақонли инсон сифатида қараш масаласини ўртага қўяди. Шунингдек, аёл киши эркак кишидек, ҳақ-ҳуқуққа эга эканини эълон қилади. Пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в) бу тўғрисида: “Албатта, аёллар эркакларнинг ёрти қисмидир”, деб марҳамат қилганлар (Имом Термизий ривояти).

Аёл ўз умри давомида ўрни ва вазифаси нуқтаи назаридан бир неча мақомларда бўлади. Жумладан, у Аллоҳ инъом этган суюкли фарзанд, оиладек масъулиятли қўрғонга бека, эркак киши учун солиҳа аёл, фарзандлари учун меҳрибон она ёки кимнидир опа-сингил бўлиб яшайди.

Набий саллаллоҳу алайҳи васаллам шундай марҳамат қиладилар: “Аёл беш вақт намозини ўқиса, (йилда) бир ой (фарз) рўзасини тутса, ўз фаржини ҳаромдан сақласа ва эрига итоат қилса, унга жаннатнинг саккиз дарвозасининг истаганидан  кирсин !”, - дейилади”

Аёл киши фақат эрининг розилиги билангина кўчага чиқиши. Чунки, мантиқан ўйлаб қаралса ҳам, уй аёл кишининг фитрати ва табиатига мос бўлган фаолият майдони ҳисобланади. Эркак киши кўчадаги ишлар, пул топиш, рўзғор тебратиш учун масъул экан, ўз-ўзидан болаларни парваришлаш, уларни уй ичида едириб-ичириб ўтиришга, кийим-кечакларни ювиб, дазмоллашга вақти бўлмайди. Бу табиатан аёл кишининг фитрий вазифаларидандир. Аллоҳ таоло Қуръони каримда аёлларга хитобан: “Ўз уйларингизда қарор топингиз...!” деган (Аҳзоб сураси, 33-оят

Набий саллаллоҳу алайҳи васаллам шундай марҳамат қиладилар: “Эрнинг хотини устидаги ҳаққи аёлнинг эр рухсатисиз уйдан чиқмаслигидир. Агар шундай қилса, (яъни, эр изнисиз кўчага чиқиб кетса) то тавба қилгунча ёки уйга қайтгунча Аллоҳ ундай аёлни лаънатлайди” (Имом Байҳақий ва Имом Таёлисий ривоятлари).

Албатта, бу зикр қилинган оят ва ҳадислар аёл кишининг умуман кўчага чиқиши мумкин эмаслигини англатмайди. Балки, бу – уйнинг ишларини зое қилган ҳолда бесабаб, эрига айтмасдан кўчага чиқиб кетавериш, саёқ юрадиган бўлиб қолиш каби салбий ҳолатларга тааллуқли. Ҳолбуки, эрига айтиб ўз эҳтиёжи учун кўчага чиқиш, ота-онасини кўриб келиш ва ҳоказолар, албатта, шариатимизда мумкин бўлган ишдир.

Хотин эрининг ҳаққини ўз ҳаққидан ва ҳамма яқинларининг ҳаққидан ҳам устун қўйиши керак. Чунки зиммасидаги эрининг ҳаққи жуда каттадир. Бу борада Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам шундай марҳамат қилдилар: “Аёл киши эри борида, унинг изнисиз рўза тутиши ва унинг изнисиз уйига бировни киритиши ҳалол бўлмайди” (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривоятлари). Эри тўшакка чақирганда, унга тўсқинлик қилмаслиги. Бу ҳақда Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар: “Қачон эр хотинини ҳожати учун чақирса, у гарчи тандир олдида турган бўлса ҳам дарҳол келсин” (Имом Термизий ва Имом Насаий ривоятлари).

Хотин киши Аллоҳ таоло эрига берган насибага рози бўлиши ва унга инжиқлик қилмаслиги керак. Аёл киши эри топган нарсага шукр қилиб, қаноат либосини кийиб, эрининг ризқ топишдаги машаққатларини қадрлаши, ҳаром касбга ўтишидан қўрқиб, ундан ҳожатдан ортиғини талаб қилмаслиги даркор. Балки, эрини ҳам қаноатга ундаб, ҳаром йўллардан огоҳлантириши зарур. Ўтган салафи солиҳларимиз эрларини кузатаётиб, шундай деган эканлар: “Ҳаром касбдан сақланинг! Биз очлик ва қийинчиликка чидаймиз, аммо дўзах оловига чидай олмаймиз”.

Афсуски, бугунги кунда жамиятимизда баъзи бир аёллар ана шу оиладаги ўз вазифаларини унутиб турли ёд гоялар таъсирига тушиб оила, эр, фарзанд каби илоҳий неъматларни зое қилиб қуйишмоқда. Баъзи хулқи феъли бузуқ халқ душманларининг гапларига учиб уларнинг алдовларига алданиб қолганлар хамда енгил хаётни истаб қинғир қийшиқ йўлни ва енгил елпи ҳаётни танлаган аёллар хам йўқ эмас.

Бироқ, бизнинг юртимизда бундай ҳолатларга беэтиборлик билан қаралмайди. Хусусан президентимиз ташаббуслари билан “Меҳр-1,2,3,4” ва “Меҳр-5” операциялари амалга оширилган. 

Қайд этилишича, бугунги кунгача ўтказилган «Меҳр-1, 2, 3, 4» операциялари доирасида Сурия, Ироқ ва Афғонистонда оғир аҳволга тушиб, чорасиз қолган 438 нафар аёллар ва болалар Ўзбекистонга олиб келинди. Жумладан, «Меҳр» инсонпарварлик операцияси доирасида 2019 йилда Суриядан 156 нафар ўзбекистонлик, асосан, аёллар ва болалар, 2019 йилнинг октябрида Ироқдан 64 нафар ўзбекистонлик бола, 2020 йилнинг декабрида («Меҳр-3») Суриядан 25 нафар аёл ва 73 нафар бола, 2021 йилдаги «Меҳр-4» операцияда эса 24 нафар фуқаро Афғонистондан Ўзбекистонга қайтарилган эди. «Меҳр-5» операцияси доирасида 93 нафар ўзбекистонлик — 24 нафар аёл ва 69 нафар болалар Суриядан Тошкентга олиб келинди. 

Шунингдек, бу аёллар ва болалар Тошкент вилоятидаги санаторийларга жойлаштирилиб, уларга тиббий, психологик ва ижтимоий ёрдам кўрсатилган. Шунингдек, уларнинг шахсини тасдиқловчи ҳужжатларни расмийлаштириш бўйича зарур ишлар амалга оширилган. Келажакда уларга ўз ишлари ва яшаш учун уйлар ташкил қилиб берилган.

Хулоса ўрнида аёлларимизга, азиз ва муҳтарам опа-сингилларимизга шуни эслатиб ўтмоқчимизки, аввало ёши улуғ онахонларимиздан ибрат олишсин. Улар қанчалик қийин шароит, урушлар, очликлар, қийноқлар бўлмасин ҳеч қачон ўзларини аёлликларини ва она эканликларини унутишмаган. Сабр билан, мустаҳкам ирода билан Оллоҳдан нажот сўраб чидашган. 

Аёллар-қизлар илм ўрганинг зеро, илм бахт-саодатингиз калитидир.

Оллоҳ таоло барчаларимизни тўғри йўлдан адашишдан сақласин! Адашганларни бу йўллардан қайтарсин!

Маматова Нигорабону Мамиржановна

Жўйбори калон аёл-қизлар билим юрти ўқитувчиси

Izoh qoldirish