15.04.2022

Аёлларнинг ҳам таровеҳ ўқишлари суннатдир!

Бисмиллаҳир роҳманир роҳим

Аҳли суннат ва жамаот уламоларининг иттифоқ билан айтган гапларига кўра, таровеҳ намозини аёллар ҳам ўқишлари суннати муаккада ҳисобланади. Афсуски, бизнинг юртларда бу унутилган ва амалда қолиб келаётган суннатдир. Уни тирилтиришимиз керак!

Ҳанафий мазҳабининг улуғ фиқҳий манбаларидан “Мухтасар ал-Виқоя”нинг эътиборли шарҳларидан бири “Жомеъ ар-румуз”да бундай дейилган:

و سن التراويح على الصحيح للرجال و النساء جميعا سنة مؤكدة باجماع الصحابة و من بعدهم من الأئمة منكرها مبتدع ضالّ مردود الشهادة

“Таровеҳ саҳиҳ фатвога кўра эркакларга ҳам, аёлларга ҳам – ҳаммасига суннат қилинган. Бу – саҳобаларнинг ва улардан кейинги имомларнинг ижмоъсига кўра суннати муаккададир. Уни инкор қилувчи бидъатчи, адашган, гувоҳлиги мардуд кимсадир!”.(Шамсиддин ал-Қўҳисоний. Жомеъ ар-румуз. 1-жилд. – Қозон, 1902. – Б. 213).

Яна бир шарҳ – “Шарҳи Илёс”да эса бундай дейилган:

و هى سنّة الرجال و النساء و قال بعض الروافض سنّة الرجال دون النساء

“У эркаклар ва аёлларнинг суннатидир. Айрим рофизий – шиалар айтишича, у эркакларнинг суннати, аёлларга суннат эмас”.(Илёс ар-Румий. Шарҳ Илёс. 1-жилд. – Деҳли: Муртазавий, 1872. – Б. 73).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам таровеҳ ўқиганларида аҳли аёллари, оила аъзоларини ҳам тўплаганликлари саҳиҳ ҳадиси шарифларда ўз аксини топган. Бу саҳоба Абу Зарр разийаллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадиси шарифда очиқ айтилган.  (Масалан, қаранг: Абу Довуд, 1245, Ибн Хузайма, 2206).

Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг аёллари, хусусан, Ойша разийаллоҳу анҳо ва Умму Салама разийаллоҳу анҳо таровеҳни қолдирмай ўқишар эдилар. Ойша онамиз разийаллоҳу анҳо ўз ходимлари Заквон разийаллоҳу анҳунинг орқасида намоз ўқисалар, Умму Салама разийаллоҳу анҳо онамиз ўзи аёллар билан жамоат бўлиб ўқиб берар эдилар.

Саҳоба Жобир ибн Абдуллоҳ разийаллоҳу анҳудан ривоят қилишларича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Убай ибн Каъб разийаллоҳу анҳунинг таровеҳларда кўринмай қолганини сезиб, ундан сабабини сўрабдилар. Убай: “Рамазон кечалари битта ишим бор”, дебди. “Нима иш экан у?” дебдилар. Убай: “Ҳовлимдаги хотинлар: “Биз Қуръонни (тўла) ўқишни билмаймиз. Сен билан намоз ўқисак”, дедилар. Улар билан таровеҳ ўқийман ва витр ҳам ўқийман” деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унга розилик билдириб, ҳеч нарса демадилар (Табароний, “ал-Мўъжам ал-авсат”, 4/3731; Ибн Ҳиббон, 6/2549; Абу Яъло, 3/1801).  Ҳадисшунос олим ал-Ҳайсамий раҳимаҳуллоҳ “Мажмаъ аз-завоид”да ушбу ҳадисни “исноди ҳасан” деган (2/2387).

Мазкур ривоятдан Убай ибн Каъб разийаллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг даврларидаёқ аёлларга таровеҳ ўқиб берганлиги англашилади. Ҳазрати Умар разийаллоҳу анҳу таровеҳни жамоат бўлиб ўқишни қайтадан ташкил қилганларида Убай ибн Каъб разийаллоҳу анҳуни эркакларга Сулаймон ибн Абу Хайсума (Ҳасма) разийаллоҳу анҳуни эса аёлларга таровеҳ ўқиб беришга амр қилган эди. Ҳазрати Усмон разийаллоҳу анҳу даврида эса Сулаймон разийаллоҳу анҳу аёлларга ҳам, эркакларга ҳам таровеҳ ўқиб берган. Ҳазрати Али каррамаллоҳу важҳаҳунинг даврида эса Арфажа ас-Сақафий разийаллоҳу анҳу аёлларга таровеҳ ўқиб берадиган бўлди. (Байҳақий, 2/4788, 4789, Абдурраззоқ, 4/258/8722, Ибн Наср, “Қиём ал-лайл”, 1/93).

Демак, таровеҳни ўқиш аёлларга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг замонларидан бери суннат бўлиб келмоқда!
Ҳозирда аёллар масжидларда жамоатга қўшилиб намоз ўқиш имкониятлари яратилган бўлса, масжидга чиқишлари мумкин, бироқ, уйларида ўқиганлари яхшироқ, албатта. Бизда мана шуниси қабул қилинган. Чунки, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам:

بيوتهنّ خير لهن

“Аёлларнинг уйлари улар учун яхшироқдир”, деганлар. (Абу Довуд, 1/567; Аҳмад, 2/5468; Ҳоким, 1/755; Ибн Хузайма, 3/1684; Байҳақий, 3/5142).

Умму Салама онамиз разийаллоҳу анҳо ривоят қилишича, Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деб марҳамат қилганлар:

خير مساجد النساء قعر بيوتهن او قال خير صلوة النساء قعر بيوتهن

“Аёлларнинг энг яхши масжидлари уйларининг тўридир” ёки “Аёлларнинг намозларининг энг яхшиси уйларининг тўридир”, деганлар.(Аҳмад, 6/26584, 26612; Ҳоким, 1/756; Ибн Хузайма, 3/1683; Табароний, 23/709; Байҳақий, 3/5143; Абу Яъло, 12/7025).

Абдуллоҳ ибн Масъуд разийаллоҳу анҳу ривоят қилишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам марҳамат қилганлар:

 المرأة عورة، فاذا خرجت استشرفها الشيطان

“Хотин киши авратдир! Бас, қачон кўчага чиқса, шайтон у билан шарафланади”. (Термизий, 1/1173, Ибн Ҳиббон, 1/329, Ибн Хузайма, 1/1676; Имом Термизий (р.ҳ.) мазкур ҳадисни “ҳасани саҳиҳи ғариб” деган).

Аёллар уйларида ўзлари жамоат бўлиб ҳам намоз ўқий олмайдилар!

 Имом Молик раҳимаҳуллоҳнинг ривоятларига бағишланган “ал-Мудаввана” асарида Ҳазрати Али каррамаллоҳу важҳаҳунинг “Аёл имом бўлмайди!” деганлари нақл қилинган (“ал-Мудаввана”, 1/86).

 Тўғри, Ойша разийаллоҳу анҳо ва Умму Салама разийаллоҳу анҳо оналаримиздан имом бўлиб аёлларга намоз ўқиб берганлари ривоят этилган (Ҳоким, 1/203, Байҳақий, 3/131, аш-Шофиъий, “ал-Умм”, 1/145, Ибн Ҳазм, “ал-Муҳалло”, 4/219).

Умму Салама разийаллоҳу анҳо онамиз айнан рамазонда аёлларга намоз ўқиб берганлар. Али ибн Ҳусайн разийаллоҳу анҳу ўз жориясига рамазонда оила аъзоларига таровеҳ ўқиб беришни буюрар эди (Музаний, “ал-Мухтасар”, 1/24).

Бироқ, улар имом бўлганда олдинга чиқмасдан биринчи сафда аёллар ўртасида туришган. Таниқли ҳанафий олими Имом аз-Зайлаъий раҳимаҳуллоҳ мазкур ривоятлар Ҳазрати Умар разийаллоҳу анҳунинг аёлларни масжидга келишидан ман қилгунча бўлган даврларда содир бўлганини, аёлларнинг жамоати мансух (бекор) қилинганини ёзади (Зайлаъий, “Насб ур-раъйа”, 2/33). Шунинг учун бўлса керакки, Ойша онамиз разийаллоҳу анҳо: “Аёллар жамоатида хайр йўқ!” деганлар (Аҳмад, 6/24421, 25254; Табароний, 12/13228).

Аёллар кичик ёшдаги болаларни ҳам таровеҳга ўргатишлари мустаҳабдир. Зотан, Ойша онамиз разийаллоҳу анҳодан рамазон ойида болалар ҳам таровеҳ ўқишлари учун ва шунга ўрганишлари учун уларга беланчак ва арғимчоқлар қилиб беришлари нақл қилинган (Байҳақий (2/219/4797).

Аёллар жамоат бўлиб намоз ўқишлари макруҳи танзиҳий (ҳалолга яқин макруҳ) бўлгани билан, улар эркаклар аралашмайдиган жойда, ўзлари паст овозда жамоат бўладиган бўлсалар ёки эркакларга иқтидо қилсалар ёки ёш болаларга иқтидо қилиб жамоат бўлиб намоз ўқисалар, албатта дуруст. Аёлларнинг ўзлари жамоат бўлган тақдирда, юқорида ўтганидек, имом бўлган аёл биринчи сафнинг ўртасида, ярим қарич олдроқда туради.
Аёллар ўзларининг ёш болаларига иқтидо қилиб намоз ўқиганлари яхшироқ. Чунки, уларни намозга завқ-шавқли қилиб ўстирилади, шу баҳонада, Қуръон суралари ва оятларини кўпроқ ёд олдирилади. Ярим тунгача масжидларда ёш болаларнинг қолиб кетганидан кўра, уйларида оналари ва опа-сингиллари билан жамоат бўлиб таровеҳ ўқиганлари, шак-шубҳасиз, афзалроқдир! Шуни эсда сақлаш керакки, Ҳанафий мазҳабида (ва бошқа мазҳабларда ҳам) фарз намозларига 12-13 ёшга тўлмаган ёш болалар имом бўла олмайдилар. Чунки, уларга ҳали намоз фарз қилинмаган, ўқигани нафл бўлади. Фарз ўқиётганлар нафл ўқиганга иқтидо қила олмайдилар. 

Ҳанафий олимларидан Хуросон уламоларининг кўпчилиги ёш боланинг таровеҳга имом бўлишини жоиз десалар, Ироқ ва бизнинг Мовароуннаҳр уламолари жоиз эмас, дейдилар. Насир ибн Яҳё раҳимаҳуллоҳ ўн яшар бола таровеҳга имом бўлса, дуруст бўлади, деган. Муҳаммад ибн Муқотил раҳимаҳуллоҳ бу таровеҳгагина хос, деган. Чунки, Ҳазрати Ҳасан ибн Али разийаллоҳу анҳу бола пайтида Ойша онамиз разийаллоҳу анҳога таровеҳда имом бўлиб берар эканлар (“Фатовойи Таторхония”, 1-жилд. 486-бет). Шунинг учун Абу Али ан-Насафий раҳимаҳуллоҳ ёш боланинг таровеҳга имом бўлишини жоиз, деб фатво берган. Таниқли ҳанафий олими Абдулҳай Лакнавий раҳимаҳуллоҳ ўзининг “Нафъ ул-муфтий” асарида ёзишича, у бола пайтида қори бўлиб, ўн бир яшар пайтида отаси уни таровеҳга ўтказаверган экан (Абдулҳай ал-Лакнавий. Нафъ ул-муфтий ва-с-соил. – Деҳли: Мустафоий, 1886. – Б. 40). 

Аёллар жамоат бўлиб таровеҳ ўқимоқчи бўлсалар, аввал хуфтонни ўқиб оладилар. Имомлари балоғатга етган аёл киши бўлса, биринчи сафнинг ўртасида туриб ўқиб беради, ёш бола хуфтонга имом бўла олмайди. Имомликка ярайдиган аёл бўлмаса, ҳамма ўз ҳолича хуфтоннинг фарзини ўқиб олади. Сўнг ҳамма ўз ҳолича хуфтоннинг суннатини ўқийди. Кейин эса имомликка ярайдиган аёл ёки, энг яхшиси, ёш бола уларга ўртада олдинда туриб таровеҳ ўқиб беради. Таровеҳ икки-икки ракъатдан ўқилади. Ҳар тўрт ракъат ўқилгандан сўнг бир аёл томонидан уч мартадан тасбеҳ айтилади. Таровеҳда ўқиладиган тасбеҳ матни тақвимларда эълон қилинган. Бу тасбеҳни билишмаса, хоҳлаган тасбеҳни айтиш мумкин ёки уч мартадан саловот айтилса ҳам бўлади. Йигирма ракъат ўқилгандан сўнг ҳам тасбеҳ айтилади, сўнг туриб уч ракъат витр ўқилади. Витрни ҳам хуфтан каби жамоат бўлиб ўқиш мумкин ёки ҳар бир аёл ўзи ўқийди. Намоз сўнггида жамоат бўлиб, элу юрт ҳаққига дуо қиладилар. 

Хуллас, биз айтмоқчи бўлган гапимиз: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам даврларидан бери аёллар ҳам таровеҳ намозларини ўқиб келганлар. Шунинг учун ўзбек аёллари, тақводор момо-бувиларимиз ҳам таровеҳ намозларини ўқишга ҳаракат қилмоқлари керак. Аллоҳ Рамазонда қилган хайрли амалларимизга савобларни кўпайтириб берсин!

 

Жўйбори Калон аёл-қизлар мадрасаси мударрисаси 

Маматова Нигорабону Мамиржановна

Izoh qoldirish