АҲОЛИ ОРАСИДА ЗИЁРАТ ВА ЗИЁРАТГОҲЛАР ТЎҒРИСИДАГИ ТАСАВВУР
Инсон дунёдан ўтиб кетган ота-оналарини, ўз яқинларини, қариндош-уруғларини соғинади. Шунинг учун, шариатимизда қабрларни зиёрат қилиш мустаҳаб ва жоиз амаллардан ҳисобланади. Қабр зиёратининг яна бир хусусияти шуки, у инсонни ким эканини, охиратни, дунёдаги ўрнини, Аллоҳ ҳузуридаги бурчини эслатиб туради. Қабр зиёратига даъват қиладиган энг машҳур ва аъло даражада саҳиҳ бўлган ҳадиси шарифлар мавжуддир. Уларда қабр зиёратининг хосияти ҳақида бундай дейилади:
قد كنت نهيتكم عن زيارة القبور فزوروها فإنها تذكر الآخرة فإنها تذكركم الموت ألا فزوروها فإنه يرقّ القلب و تدمع العين فإن لكم فيها عبرة فإنها تزهد فى الدنيا
“Мен сизларни қабрлар зиёратидан қайтарган эдим. Энди, уларни зиёрат қилаверинглар! Чунки, у охиратни эслатади, сизларга ўлимни эсга солади. Эй, зиёрат қилаверинглар. Чунки, у қалбни юмшатади, кўзни ёшлантиради. Чунки, сизларга унда ибрат бор. У дунёда парҳезкор қилиб қўяди” (Муслим, Термизий, Абу Довуд, Ибн Можа, Ҳоким, Табароний ривоятлари).
Имом ан-Насоий раҳимаҳуллоҳ ривоят қилишларича, қабрлар зиёратининг фазилати сифатида: ولتزدكم زيارتها خيرا – “Уларнинг зиёрати сизларга яхшиликни зиёда қилади”[1], дейилган.
Жумладан, Президентимиз Шавкат Мирзиёев Миромонович ҳам ўз маърузаларида шундай таъкидлаганлар: “Ўзбекистон ҳам саёҳат, ҳам зиёрат учун қулай диёр. Чунки она заминимизда бутун дунёга маълум ва машҳур бўлган аждодларимиз мангу қўним топган. Улар қолдирган бой маънавий-маданий меросга халқаро майдонда қизиқиш жуда катта. Бизнинг вазифамиз аждодларимиздан қолган зиёратгоҳ ва қадамжоларни асраб-авайлаб келажак авлодга етказишдир”[2].
Ватанимиз мустақилликка эришгандан сўнг республикамизда улкан тарихий аҳмиятга эга ўзгаришлар рўй берди. Истиқлолнинг дастлабки кунларидан бошлаб, аждодларимиз томонидан асрлар давомида яратилган улкан тарихий-маданий меросни тиклаш давлат сиёсатининг энг муҳим устувор йўналишларидан бирига айланди. Маданий мерос объектларини муҳофаза этиш, уларни илмий ўрганиш борасида муайян ишлар амалга оширилди. Тарихий- маданий обидаларни консерватсия қилиш, таъмирлаш ва сақлашга алоҳида эътибор қаратилди. Ўзбекистон Республикасининг “Маданий мерос обектларини сақлаш ва улардан фойдаланиш тўғрисида”ги 2001-йил 31-августда қабул қилинган қонуни тарихий меъморий обидаларни муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш соҳасида жаҳон андозаларига мос қонуний асосни яратди.
Бугунги кунда Ўзбекистонда маданий мерос обектларини сақлашнинг тараққий этган тизими ишлаб турибди. Бир неча илмий тадқиқот ва лойиҳа институтлари ҳамда илмий ишлаб чиқариш бошқармалари ёдгорликлар ва санъат намуналарини қайта тиклаш ва консерватсия қилиш ишлари билан шуғулланмоқда. Республикамизнинг барча ҳудудларида меъморий ёдгорликларнинг техник ҳолати устидан назорат қилувчи ҳамда уларнинг эксплуатацияси ва тиклаш таъмирлаш ишларини амалга оширувчи давлат инспектсиялари фаолият юритмоқда.
Юртимиз тарихига оид ёзма манбаларни кўздан кечирганимизда, албатта, азиз-авлиёлар номи билан боғлиқ зиёратгоҳлар тўғрисида кўплаб маълумотларга дуч келамиз. Зотан, ҳар бир муаррих мамлакатда содир бўлган воқеалар тафсилоти ва шаҳарлар тарихини баён этар экан, ўз фикрини аниқ далиллаш учун диққат-еътиборини шак-шубҳасиз муқаддас қадамжоларга, меъморий обидаларга ҳам қаратади. Чунки улар –– тайёр ҳужжат. Ўтмишдаги ҳукмдор сулола вакиллари ўз сиёсатларини тўгри олиб боришда азиз-авлиёлар билан боғлиқ зиёратгоҳлардан унумли фойдаланишгани ҳам бежиз эмас. Масалан, "Темур тузуклари"даги "Эрон ва Турондаги шайхларнинг мозорлари ва қабрлари учун ҳар бирига алоҳида номма-ном назр-у вақфлар ажратсинлар", деган сўзлар фикримизнинг яққол далилидир. Одам боласи ҳали ҳаёт моҳиятини англаб етмаган, тажрибасиз пайтларида майит, мозор ва шу каби тушунчалардан қўрқади. Агар мозор ёки мақбара овлоқ, чакалакзор орасида бўлса, катталар болаларни у ерга боришдан қайтарган "юраги тушиб қолади", қўрқиб касал бўлиб қолади дейишган. Абдулла Қаҳҳорнинг "Дахшат" ҳикоясида бу ҳолат жуда аниқ тасвирланган.
Хожа Аҳрор Валийнинг ҳаёти ва фаолиятига бағишланган "Рашаҳоту айнил-ҳаёт" (Обиҳаёт томчилари) асарида ҳам зиёратгоҳлар ва уларни зиёрати билан боғлиқ кўплаб ҳолатлар акс этган[3]. Бу каби мисолларни кўплаб келтиришимиз мумкин. Шу билан бир қаторда азиз авлиёлар муборак шахсларнинг қабрларини зиёрат қилишга борганимизда инсонда қандайдир ўзгача ҳис пайдо бўлади. Бундай ҳолларда инсон ўзгача оламда яшаётгандай ҳис қилади ўзини. Инсонларни зиёратгоҳларга борганда қандай аҳволга тушишлари, ҳаёлларидан нималар ўтиши, қалбларида нималарни ҳис қилишлари, ҳаракатлари қандай бўлишини ва зиёратдан чиққанларидан кейинги ҳолатларини бугунги кун психологлари чуқур ўрганишган ва оммага эълон қилишган. Зиёратгоҳлар шунчаки барпо қилинмайди. У ерда қадимда ўз билими, салоҳияти билан инсонлар орасида обрў-эътиборга сазовор бўлган ҳамда заамонасида энг кўзга кўринган валийлар, авлиё-ю уламолар қабрлари жойлашган бўлади. Инсонлар шу қабрларни зиёрат қилиш учун қалблари ва руҳиятларини поклаш учун шундай зиёратгоҳларга боришади. Биз ўз тадқиқотимиз доирасида Навоий вилояти зиёратчилари орасида дала тадқиқоти олиб борганимизда аҳоли орасида зиёрат, зиёратгоҳлар ва зиёрат маросимлари билан боғлиқ саволларга жавоб олдик. Ана шу тадқиқотимиз натижаси ўлароқ сизга қуйида Анъанавий зиёратчилар гуруҳини тақдим қилдик. Муқаддас жойларни зиёрат қилиш асосан жамоа асосида ноананавий тарзда амалга оширилган. Бундай вақтда зиёратчилар сони эттитадан кам бўлмаслиги ҳам назарда тутилган.[4]
1. Турмуш қураётган ёшлар гуруҳи. Бу ёшдаги зиёратчилар тоифаси бўлажак турмушни мустаҳкам бўлишини ният қилган ҳола оиласи ёки ўзига яқин бўлган кишилар билан зиёратга келадилар.
2. Турмуш қура олмаган яъни бахти очилмаган ёшлар гуруҳи. Аксарият ҳолларда оила аъозолари билан зиёратга келадилар. Улар зиёрат чоғида муқаддас ҳисобланган дарахтларни қучоқлаб «Худойим бахтимни бергин, юзимни ёруғ қилгин, йўлимни очгин» деган ниятларни айтадилар. Бундай ёшларнинг тасаввурига кўра уларни кимдир кўролмай «йўлини бойлаб қўйган» шу сабабдан уйланолмайди ёки турмушга чиқа олмайди.
3. Янги турмуш қурган ёшдагилар гуруҳи. Оилада тез-тез бўлиб турадиган оилавий можаролар яъни икки ёшни бир-бирига кўнгилсизлиги. Бунинг ҳам асосий сабаби гўё уларни кимдир бир-биридан «ескича илм» билан совутиб юборган. Агар улар мазорни зиёрат қилсалар бу нохушликдан халос бўлади деб қаралган.
4. Фарзанд кўрмаётган оилалар. Бундай оилалар зиёратчиларни асосий қисмини ташкил этади. Шу сабабдан «Мазорбувадан фарзанд сўраш» учун тез-тез бориш уларда ананаий тус олган.
5. Туғилган фарзандини тинмай инжиқликлари ва йиғлашини олиш учун келувчилар ота-оналар гуруҳи[5].
6. Касаликка мубтало бўлган беморларни шифо истаб келувчилар гуруҳи. Бундай гуруҳдагилар тери, юрак, асаб, бод касалликларгадаво топиш мақсадида келадилар.
7. Оиладаги яқин киши узоқ сафарда бўлганлар гуруҳи. Бундай гуруҳдагилар «сафардан эсон омон бехатар келсин» деган ниятда ўтганлардан ва мазордаги авлиё руҳидан мадад сўраб ис чиқарадилар.
8. Ёмон тушдан қўрқиб зиёратга борувчилар гуруҳи. Инсонлар онгида «Яхши тушга ҳам ёмон тушга ҳам садақа» қилиш керак тушнчаси ўрнашиб қолган. Шу сабабдан мазорга келиб эҳсон қиладилар. Шу тарзда ўзларини руҳан тинчлантиришга ҳаракат қиладилар[6].
9. Келгусида амалга ошириладиган ишини баҳайр бўлиши учун зиёратга келувчилар гуруҳи. «Мозор бувам қўлласин ишимиз олдинга юрсин» деган ниятда зиёрат қиладилар.
10. Тушида мозордаги авлиёни кўриб турувчилар гуруҳи. Бундай зиёратчилар тоифаси ўзларини ғойибдан шу мазордаги авлиё билан боғлиқ деб қарайдилар. Яъни уларнинг ҳомийси ҳисобланади. Уларнинг тасаввурида «мазор бува доим қилаётган ишларини назорат қилиб, уларни огоҳ этади». Улар ўз вақтида зиёратга бормай қолсалар. Мазорбувадан зиён этади деб ўйлайдилар.
11. Ҳаётда юз берган кўнгилсизликлар ва омадсизликларга учраган зиёратчилар гуруҳи. Бундай гуруҳдагилар учун мазорни зиёрат қилиш сўнги умид ҳисобланади. Чунки уларни тасавурига кўра «Уларга фақат азиз авлиёлар ёрдам қилмаса, бандасини қўлидан ҳеч нарса келмайди».
12. Касб ҳунар эгаларининг касб ҳунар ҳомийларининг мозорларига зиёратлари. Қадимда ўз касбини моҳир устаси бўлган, Оллоҳ юқтирган қобилият билан шу касбни якка даҳоси бўлган шахсларга атаб мақбаралар қурилган. Бугунги кунда шу касбни танлаган инсон қабр эгасини ўзига пир-устоз деб ҳисоблаб уни руҳига қабрини зиёрат қилади[7].
Хулоса ўрнида шуни таъкидлашимиз жоизки, юқорида санаб ўтилган зиёратчилар табақалари гуруҳига яъни улардан айтиладиган гаплар ва бўладиган ишлари шариатимизга тўғри келмайди улар бидъат хурофот саналади. Айниқса зиёратгоҳлар ва қабристонларда ана шундай бидъат ва хурофотларни бажарувчилари асосан аёллар ҳисобланади. Шу туфайли Аҳмад Изуддин ал-Баййануний ўзининг “Таҳорат ва намоз ҳукмлари” китобининг “Қабрларни зиёрат этиш ва уларнинг ҳаққига дуо қилиш” боби,
147-саҳифасида ёзади: “Қабрларни зиёрат қилиш эркаклар учун жоиз бўлганидек, агар фитна хавфи бўлмаса, охиратни эслаб, ўлимдан ибрат олиш учун аёллар ҳам зиёратга борсалар, жоиз. Агар зиёрат сафар масофасида бўлса, унда албатта, маҳрам бўлиши шарт.”[8]
Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи вассаллам ва бошқа пайғамбарларнинг қабрларини зиёрат қилиш эса бундан мустасно.
Аёллар ўзлари юраётган йўлларида бирор қабр учратсалар, унинг эгасининг ҳаққига дуо қлишлари мумкин[9].
Ўзбек халқининг узоқ тарихий тараққиётида ҳар томонлама ривожланиб келаётган муқаддас зиёратгоҳ ва қадамжолар ҳамда уларда таркиб топган кўп қиррали бой анъаналар, удумлар, маросимлар ранг–баранг маданий меросимизнинг энг ажойиб бемисл ва бетакрор намуналарини яратиб келмоқда. Маънавий тафаккур ва шу билан бирга шаклланиб келган маданий меросимиз ўзбек миллий ҳаётининг муҳим ва ажралмас қисми ҳисобланган муқаддас қадамжолар ривожида ҳам айниқса намоён бўлмоқда. Миллий эътиқоднинг ўзига хослиги нафақат мазкур соҳада балки этнография фанининг барча соҳаларида ўз ифодасини топмоқда. Муқаддас қадамжо ва зиёратгоҳларнинг гуркираб ривожланиши ва доимо зиёратчиларнинг диққат–еътиборида бўлиши учун биз уларни асраб-авайлаб келгуси авлодга етказишимиз лозим. Бу барчамизнинг бурчимиздир.
Айниқса, зиёратгоҳларда фаолият олиб бораётган ходим ва ходималар зиёратчиларга тўғри шариатимизга мос ва миллий урф-одатларимизга хос зиёрат одобларини мувофиқ ташкил этишликлари уларнинг маъсулиятлари ва вазифалари саналади. Ҳайрли ишларда Оллоҳ таоло барчамизни жам қилсин.
Фойдаланилган манба ва адабиётлар рўйхати
- Ҳадиси Шариф
- А.Иноятов “Жума ҳақидаги оят ва ҳадислар”
- Ж.Сабуров “Исломда фатво беришга ким ҳақли”
- А. Аширов «Ўзбек халқининг қадимий эътиқод ва маросимлари»
- Изуддин ал-Баййануний “Таҳорат ва намоз ҳукмлари” китобининг “Қабрларни зиёрат этиш ва уларнинг ҳаққига дуо қилиш” боби
- Мухаммад Садик Кашгари “Кодекс приличий на Востоке”
- Интернет маълумотлари.
[1] https://ukkosha.shosh.uz/uz/2017/05/14/qabr-ziyorati
[2] http://uza.uz/oz/politics/turizmni-yanada-rivozhlantirish-masalalari-mu-okama-ilindi-03-10-2017?m=y&ELEMENT_CODE=turizmni-yanada-rivozhlantirish-masalalari-mu-okama-ilindi-03-10-2017&SECTION_CODE=politics
[3] А. Аширов «Ўзбек халқининг қадимий эътиқод ва маросимлари». – Т.: 2007
[4] Рассудова Р.Я. Кулђтовые обќекти Ферганы как источник по истории орашемого земледелия. Кœрсатилган асар. - 98 б.
[5] A. Ashirov «O`zbek xalqining qadimiy e`tiqod va marosimlari». – T.: 2007. – B.29-30.
[6] Мухаммад Садик Кашгари. Т.: Кодекс приличий на Востоке, 1992.- С. 40.
[7] Маматова Н. “Навоий вилоятидаги зиёратгоҳлар ва қадамжолар” БМИ. 2015-й. Б.23-24
[8] Изуддин ал-Баййануний “Таҳорат ва намоз ҳукмлари” китобининг “Қабрларни зиёрат этиш ва уларнинг ҳаққига дуо қилиш” боби, 147-саҳифа.
[9] Al mavsuatul-Fiqhiyatul-Kuvaytiyya”, Quvayt, Dorus Salosil. –J. 24, –B. 88
Маматова Нигорабону Мамиржановна
Жўйбори Калон хотин-қизлар ўрта махсус билим юрти ўқитувчиси
Izoh qoldirish