29.03.2022

ХИЖРАТНИНГ АСЛИ НИМА ЭДИ

Ҳозирги кунда кўпчилик эшитса ваҳимага тушадиган Исломий ибодатлардан бири “ҳижрат”  сўзи бўлиб қолди. Инсонларнинг бу сўзни эшитса ваҳимага тушишиларининг сабаби, баъзи оқимлар ўз жиноий мақсадларини амалга ошириш учун бу калимани ишлатиб, турли бузғунчи ҳаракатларни амалга оширишган. Аслида эса Пайғамбаримиз Муҳаммад мустафо солаллоҳу алайҳи васалламнинг Маккадан Мадина шаҳрига кўчиб ўтганлари динимиз истилоҳида “ҳижрат”, дейилади. Кейин эса нима сабабдан кетганликлари эътиборга олинади. Пайғамбаримиз солаллоҳу алайҳи васалламга Макка мушриклари ҳаддан зиёд озор берганлиги сабабидан,  у зот динлари, жон ва молларини асраш учун шу ишни амалга оширдилар. Энг аввал эса оз сонли мусулмонлар Маккадан Ҳабашистонга ҳижрат қилишган эди. Бунга ҳам асл сабаб Пайғамбаримиз солаллоҳу алайҳи васалламни чиқарган нарсалар эди. Мана шу оз сонли мусулмонларга  ҳам Расулуллоҳ  ўзлари ижозат берган эдилар. Динига , молу жонига азиятлар ҳаддат зиёд кучайган пайтда амалга оширилган бу “ҳижрат”, бу ибодат, Аллоҳ таолога қурбат бўлиши билан бирга ,У зотнинг буйриғи ҳам саналади. Ҳижрат сўзининг моҳиятини англаган киши унда ҳеч қандай салбий маъно йўқлигига амин бўлади. Ҳижрат икки хил бўлади. Биринчиси маконий ҳижрат бўлиб, дин ва ҳаёт муҳофазаси учун амалга оширади.  Унга таълуқли бир қанча оятлар ва ҳадислар ворид бўлган.  Жумладан Наҳл сурасининг 41-оятида Аллоҳ таоло шундай марҳамат этади: “Зулму қийноқларга дучор бўлганларидан сўнг  Аллоҳ йўлида  ҳижрат қилган зотларни албатта бу дунёда ҳам гўзал (гўшаларга) жойлаштирурмиз. Энди охират ажр мукофоти янада каттароқ эканини (одамлар) билсалар эди!”.

Ҳижрат маъносидаги оятлар Нисо (100-оят), Анфол (74-оят), Наҳл (110-оят) сураларида ҳам келган. 

Иккинчи турдаги ҳижрат гуноҳ ва маъсиятларни тарк этиш. Бу ҳақида Расулуллоҳ солаллоҳу алайҳи васуллам Имом Бухорий ривоят қилган ҳадисда: “Тили ва қўлидан бошқа мусулмонлар саломат бўлган инсон ҳақиқий мусулмондир. Аллоҳ таоло қайтарган тарсаларни тарк (ҳижр) қилган инсон ҳақиқий муҳожирдир” ,- дедилар.

Байҳақий роҳимаҳуллоҳ Ибн Умар розияллоҳу анҳумо ривоят қилган ҳадисда: “Ҳижратнинг энг афзали – Роббинг ёмон кўрган нарсаларни тарк этмоғингдир”,- дедилар.

Бугунги кунга келиб баъзилар томонидан “ҳижрат” сўзи нотўғри талқин қилинмоқда. Ақидапараст оқимлар бу  сўзни ўз мафкуравий қарашларига мос равишда сафдошларини тарғиб қилиб, қелмоқдалар. Бу кучлар дунёнинг нотинч ҳукм сурган ва ўзлари қўним топган митақаларига таассубга берилган шахсларни бир жойга жамлаш ва шу орқала режалаштирган мақсадлари йўлида ҳаракатланишмоқда. Улар илм ва маърифатдан йироқ кишиларни ўз атрофларига тўплашга интилиб,  Ислом диёри бўлган, азон айтиладиган , беш маҳал намоз ўқиш бемалол бўлган, Жумъа ва Ҳайитлар ўқиладиган тинч Ватанни тарк этишга чақиради.

 

Izoh qoldirish