Тавба
ТАВБА - МЎМИННИНГ СИФАТЛАРИДАНДИР
Суюкли ҳабибимиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга уммати қилиб яратган Аллоҳ субҳанаҳу ва таолога ҳамду саноларимиз бўлсин!
Албатта, тавба Аллоҳ азза ва жалланинг бандаларига инъом этган улкан неъматидир. Бандалар зоҳирий ва ботиний хатоларига пушаймон бўлган холатда истиғфор айтишлари, солиҳ амалларини зиёда қилишлари орқали Аллоҳнинг раҳматига эришадилар.
Сиз ўзингизни дунёда бахтли қилмоқчи бўлсангиз, Аллоҳга яқин бандалардан бўлишни истасангиз ва амалларингиз солиҳ ниятларингизга мос бўлишини хоҳласангиз, истиғфорга шошилинг!!!
Агар истиғфорингиз қалбингиздаги комил ниятингизга мос бўлмасдан ғафлатга сизни бардавом қиладиган бўлса билингки, истиғфорингиз истиғфорга муҳтождир.
Тавба бу - ютуқ аҳлининг сармояси, адашган бандаларнинг ҳидоат эшикларининг калити ва гуноҳлардан Аллоҳ таолонинг тоатига қайтишдир. Ўтган набийлар ўз қавмларини тавбага чақириб тўғри йўлни кўрсатганлар. Бу хушхабарни қабул қилган қавмлар нажот топганлар.
Аллоҳ таолло: “Эй иймон келтирганлар! Аллоҳга насуҳ тавба қилинглар! Шаядки роббингиз гунохларингизни ювса ва сизни дарахтлари остидан анхорлар оқиб турган жаннатларга киритса”, деган.
Араб тилида “тавба” сўзи “қайтиш” маъносини англатади. Шариатда эса гуноҳдан Аллоҳга қайтиш деган маънони билдиради. “Насухан” эса холис, жазм, содиқ насиҳат қилувчи маъноларини англатади. Демак “тавбатан насухан” бирикмаси холис тавба, жазм тавба, содиқ тавба, насиҳатли тавба маъноларини англатади. Насуҳ тавба - банда аввал қилган гуноҳ амалига қаттиқ пушаймон бўлиб, абадий ўша ишга қайтмаслигидир.
Аллоҳ таоло Ўзининг азиз китобида :
إِنَّمَا التَّوْبَةُ عَلَى اللَّهِ لِلَّذِينَ يَعْمَلُونَ السُّوءَ بِجَهَالَةٍ ثُمَّ يَتُوبُونَ مِنْ قَرِيبٍ
فَأُولَئِكَ يَتُوبُ اللَّهُ عَلَيْهِمْ وَكَانَ اللَّهُ عَلِيمًا حَكِيمًا
яъни: “Албатта, Аллоҳнинг тавба қабул қилиши фақат ёмонлик (гуноҳ)ни билмасдан қилиб қўйиб, сўнгра тезлик билан тавба қилганлар учун (муқаррар)дир. Аллоҳ айнан ўшаларнинг тавбасини қабул қилур. Аллоҳ илм ва ҳикмат эгасидир” (Нисо сураси, 17-оят).
Хадислардан бирида шундай ривоят қилинади: “Ислом ўзидан аввалги гуноҳларини ювиб юборади”
Яъни, бир киши аввал гуноҳ ишларни қилиб юрган бўлса-ю, кейин мусулмон бўлса, мусулмон бўлиши билан олдинги қилган ишлари ювилиб кетади. Шунингдек, бир мусулмон бир ишни уни гуноҳ эканлигини билмасдан қилиб юрса, сўнг гуноҳлигини билиб тавба қилса ва у ишдан қайдишни жасм қилса, билмасдан қилган гунохлари ювилиб кетади.
Шунинг учун Аллоҳ таолонинг бандадаги ҳақларидан бири, Ўз Роббисига исён қилмаслиги, гуноҳни орқасидан тавба ва истиғфорни тезлаштириши ва молида хато қилиб бировнинг ҳаққига кириб қолганда уни эгасига қайтириб садақа орқали нуқсонларини поклаши лозимдир.
Энг солиҳ банда, бир гуноҳни содир этганда уни мағфират қилишини Аллоҳ таолодан сўрайдиганидир. Роббисига чин тавба билан зорланиб дуо қилади ва Аллоҳ таоло унинг гуноҳини мағфират қилади.
قال بعض السلف: مَن وُفِّق للدعاء، فليُبشر بالإجابة
Баъзи салафлар айтганлар: Аллоҳ таоло қайси бандасига дуо қилишни муваффақ қилган бўлса, дуоси ижобат бўлиши билан хурсанд қилади. Шунинг учун банда ҳар бир амалидан ўзига хайр етишлигини хис этади.
Ҳукамолар айтадилар: Танг вазиятга тушиб қолсанг, Аллоҳнинг рахмати ҳамма нарсадан кенглигини эсла!
Моддий нарсалар маънавий нарсалардан муҳим бўлганида жасад ерга кўмилиб, руҳ осмонга кўтарилмаган бўлур эди.
Инсонлар дунё ҳаётида истиқомат қилар эканлар, моддий бойликлар деб кўп гуноҳлар содир этадилар. Унинг сўнгги оқибати оғир тушкунлик олиб келганда ҳам чин тавба билан Аллоҳ азза ва жаллага илтижо қилсалар, уларни хотиржам ҳаётга олиб чиқади. Шунинг учун мўмин банданинг ҳаётида тавба истиғфорнинг ўрни жуда муҳим. Ота-она фарзандларига тавба ва унинг фазилати ҳақида ёшлигидан таълим бериб бормоқликлари керак.
Исломда эса тавба осон иш, аммо хали эрта, вақти келганди қилиб олармиз деган фикр энг ёмонидир. Аллоҳ таоло билмасдан қилинган хатоларни кечиради, аммо билиб туриб, қасддан қилинганни эмас.
Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Албатта, Аллоҳ банданинг тавбасини модомики у ғарғара ҳолига бориб қолмаган бўлса қабул қилади», дедилар». Термизий, Аҳмад ва ал-Ҳоким ривоят қилган.
Демак, Аллоҳ таоло банданинг жони ҳалқумига келмасидан аввал тавбага шошилиши лозим ва ундан кечиктирса, кеч бўлиб қолади.
Абу Мусо розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Аллоҳ то қуёш мағрибдан чиққунича кундузу гуноҳ қилганлар тавба қилишлари учун кечаси қўлини ёзади ва кечаси гуноҳ қилганлар тавба қилишлари учун кундузи қўлини ёзади», дедилар».
Тавба қилиш қилинган гуноҳга афсус надомат чекиш билан бошланади, сўнгра ўша гуноҳни қайтармасликка азму қарор қилинади. Кейин бу аҳд дилда тасдиғини топади. Шунда бу тавба ҳақиқийми ёки сохта эканлиги унинг эълонидан кейингина амалда билинади. Агар гуноҳ одамлар ҳақига тегишли бўлса улардан узр сўраб ҳақларини жойига қайтариш лозимдир.
Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам тавба қилар ва биз умматни тавба қилишга чақириб ушбу дуони таълим бердилар:
«Аллоҳим! Сен Роббимсан! Сендан ўзга илоҳ йўқ. Мени яратдинг, ва мен Сенинг бандангман. Мен қодир бўлганимча Сенинг аҳдинг ва ваъдангдаман. Сендан ўзим қилган нарсаларнинг шарридан паноҳ тилайман. Сенинг менга берган неъматингни эътироф қиламан. Гуноҳларимни ҳам эътироф қиламан. Мени мағфират қил. Сендан бошқа ҳеч бир зот гуноҳларни мағфират қилмас».
Мазкур саҳеҳ дуони ёд олиб ибодатларга бардавом бўлмоқлигимиз керак. Аллоҳ таоло барчаларимизни Ўзининг каломида зикр қилган солиҳ бандалардан қилиб, хатоларимиз афв этилган ҳолда ҳаёт кечирмоғимизни насиб этсин.
Таълим муассасаси ЎМИТМ укитувчиси: Уста-Алимова Инобат
Izoh qoldirish