16.03.2022

Масжидлар ёгингарчиликлар окибатлариданпанох ва яхшиликларга сабабчи булиш дуоси укилади-истисхо

Масжидларда ёғингарчиликлар оқибатларидан паноҳ ва яхшиликларга сабабчи бўлиш дуоси ўқилади – ИСТИСҲО

Ўзбекистон Республикаси Гидрометереология хизмати хабарига кўра, шу йилнинг 16–19 март кунлари юртимиз ҳудудида узлуксиз давом этаётган ёғингарликлар оқибатида, Республикамизнинг 10 та вилоятида сел келиш хавфи мавжудлиги эълон қилинди.
Маълумки, Ислом дини манбаларида ҳар бир ҳолат учун – яхши-ёмон кунлар, хурсандчилик-мусибатли дамларда ўзига хос дуоларни ўқиш ҳақида баён этилган. Ҳақ таолодан шу кунларда юртимизда бўлаётган ёғингарчиликларнинг салбий оқибатларидан паноҳ ва яхшиликларга сабабчи бўлишини сўраб, вақтли намозларда, хусусан, бугун 16 март куни пешин намозида мамлакатимиздаги барча жоме масжидларда ёғингарчиликлар оқибатларидан паноҳ ва яхшиликларга сабабчи бўлиш дуоси (ИСТИСҲО) ўқилади.

ИСТИСҲО (ЁМҒИР ТИНИШИНИ СЎРАШ) ДУОСИ

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ёмғир ёққанда “Аллоҳим уни раҳмат ёмғири айла, азоб ёмғири қилма!” деганлар. Қачонки, ёмғир кўпайиб кетиб, унинг зараридан хавф пайдо бўлса, мазкур дуони ўқиш мустаҳабдир.
Истисҳо (الاستصحاء) бу – луғатда “ҳаво очилиши, само ёмғирсиз бўлишини сўраш" маъносини англатади.
Дуонинг арабча матни:

"اللهم حوالَيْنا ولا علينا، اللهم على الآكام والجبال والآجام والظِّراب والأودية ومنابت الشجر"

Ўқилиши: "Аллоҳумма ҳаваалайна ва лаа ъалайнаа. Аллоҳумма ъала-л-аакаами вал-жибаали ва-л-аажаами ваз-зироби вал-авдияти ва манаабити-ш-шажар".
Маъноси: "Эй Аллоҳ, устимизга эмас, атрофимизга ёғдир. эй Аллоҳ, тепаликларга, тоғларга, чакалакзорларга, қир-адирларга, водийларга ва дарахтзорларга ёғдир". Ушбу сийға билан имом Бухорий ривоятида келган.
Имом Муслим ва бошқалар ривоятида айрим лафзий фарқликлар бор. Имом Муслим ривоятида бироз қисқароқ:

"اللَّهمَّ حوالَينا ولا علَينا ، اللَّهمَّ على الآكامِ والظِّرابِ ، وبُطونِ الأوديةِ ، ومَنابتِ الشَّجرِ"

Ўқилиши: "Аллоҳумма ҳаваалайна ва лаа ъалайнаа. Аллоҳумма ъала-л-аакаами ваз-зироби ва бутуни-л-авдияти ва манаабити-ш-шажар".
Маъноси: "Эй Аллоҳ, устимизга эмас, атрофимизга ёғдир. эй Аллоҳ, тепаликларга, қир-адирларга, водийлар бағрига ва дарахтзорларга ёғдир".
Ёдлаб олиш учун айнан ушбу ривоятдагиси осонроқ. Шу боис ҳам дуо ва зикр китобларида имом Муслим ривоятларида келган дуо тавсия қилинади.
Анас (разияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинишича, бир киши Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) хутба қилиб турганларида масжидга кириб келди ва Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)га юзланиб, "эй Аллоҳнинг Расули, молларимиз нобуд бўлди, йўлларимиз узилди (яъни қурғоқчилик туфайли чорваларимиз, туяларимиз ейиши учун ўт-ўланлар ҳам ўсмаяпти. Уловларимиз озиб кетди. Шу туфайли сафар ҳам қилолмайдиган бўлдик). Шундай экан, Аллоҳга дуо қилинг, бизга ёмғир билан ёрдам берсин!", деди. Шунда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) қўлларини кўтариб "للَّهمَّ أغِثنا ، اللَّهمَّ أغِثنا" яъни "эй Аллоҳ бизга ёмғир юбор, эй Аллоҳ бизга ёмғир юбор" дедилар. Анас (разияллоҳу анҳу) айтадилар: "Аллоҳга қасамки, осмонда бир парча булут ҳам йўқ эди. Салъ тоғи билан масжидимиз орасидаги ҳар бир уй ва ҳовли (аҳли) бунга гувоҳ эди. Шу пайт мазкур тоғ ортидан қалқондек келадиган бир булут чиқиб келди. Самонинг қоқ ўртасига келгандан сўнг, кенгая бошлади. Аллоҳга қасамки, бир ҳафта қуёш кўрмадик. Кейин кейинги жумада Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) хутба қилиб турганларида ўша эшикдан бошқа бир киши кирди ва У зотга юзланиб: "эй Аллоҳнинг Расули, молларимиз нобуд бўлди. Йўлларимиз узилиб қолди (яъни давомли ёмғир ёғаверганидан чорваларимиз ўтлолмаяпти. Ҳаммаёқ сув ва лой бўлиб кетганидан ризқ талабида сафар ҳам қилолмаяпмиз). Шундай экан, Аллоҳга дуо қилинг, ёмғирни тўхтатсин!", деди. Шунда Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) "اللَّهمَّ حوالَينا ولا علَينا ، اللَّهمَّ على الآكامِ والظِّرابِ ، وبُطونِ الأوديةِ ، ومَنابتِ الشَّجرِ" яъни "эй Аллоҳ, устимизга эмас, атрофимизга ёғдир. эй Аллоҳ, тепаликларга, қир-адирларга, водийлар бағрига ва дарахтзорларга ёғдир", деб дуо қилдилар. Анас (разияллоҳу анҳу) айтадилар: "ўша заҳоти ёмғир тинди ва қуёш чиқиб турган ҳолатда масжиддан чиқдик" (Муттафақун алайҳ).

Ушбу ҳадиси шариф Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг Аллоҳга нақадар карамли ва азиз банда эканликларига далолат қиладики, дуо қилишлари билан йўқ жойдан булут пайдо бўлиб ёмғирга мўл бўлдилар. Кейинги ҳафтаси эса ёмғир тинишини сўрашлари заҳоти ёмғир, тиниб булут тарқаб кетди.

Жубори Калон 

Izoh qoldirish