Аёл-тарбия манбаи
Аёл- тарбия манбаи
Аёл – оила чароғбони, фарзандлар ҳомийси, фаровон, гўзал ҳаёт гарови, хонадон файзидир. Исломда ҳам аёл мўътабар зот сифатида эъзозланади. Шу боис, аёллар ҳуқуқи Ислом динида диққатга сазовор масалалардан бири ҳисобланади. Ислом бошқа маданият, дин, урф-одат ва мафкуралардан фарқли равишда аёлнинг ҳаётдаги ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қилар экан, унинг касб-ҳунар қилишда ва мустақил фикр юритишда эркинлигини уқтириб келган. Барча замонларда аёллар шаънига бўлмағур туҳматлар, камситишлар қилиб келинди, улар хўрланди, жаҳолатга отилди. Аммо Аллоҳ таоло уларни хўрлатиб қўймади, аксинча уларнинг мақомини юқори кўтарди. Ислом жамиятида энг катта ҳурматга лойиқ зот-аёл, аниқроғи она ҳисобланади. Бу Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг: «Жаннат – оналарнинг оёғи остидадир» деган ҳадиси шарифларида ҳам яққол баён этилган. Аллоҳ таоло кўпгина ўринларда баъзи аёлларга эркакларга насиб қилмаган буюк мартабаларни насиб қилди. Ҳарамни илк бор маскан қилган инсон ҳам аёл киши – Ҳожар онамиз бўлдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан кейин Исломни қабул килган илк инсон ҳам, Пайғамбар алайҳиссалом билан илк бор жамоат бўлиб намоз ўқиган инсон ҳам аёл киши – Хадича онамиз розияллоҳу анҳо бўлдилар. Ҳажжатул вадоъда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг умрларидаги энг муҳим хутбалардан бири бўлса, ана шу хутбаларида «Сизларга аёлларга яхшилик қилишни буюраман», деб уч марта таъкидладилар. Ислом дини эрини рози қилган, ҳаромдан ўзини тийган, беш маҳал намозини ўқиган аёлларга жаннатнинг хоҳлаган эшигидан кириш имтиёзини берди, бу имтиёз эркакларга берилмади. Биз Исломнинг аёлларга бундай юксак эҳтироми ҳақида кўплаб гапиришимиз мумкин. Ҳазрати Одам ато билан Ҳавво онамиз Аллоҳнинг тақиқини бузиб, гуноҳ қилиб қўйган эдилар. Жаннатдаги бир неъматдан ейиш ман қилинган эди, аммо шайтон васваса қилди, аёл киши ўртага тушди, ҳазрати Одам аёлларига таслим бўлиб, ўша неъматдан тановул қилиб қўйдилар. Шунда нима бўлди? Аллоҳнинг қаҳри келди, Аллоҳнинг ғазаби келди. Шунда уларнинг аврати очилиб қолди. Демак, авратнинг очилиши Аллоҳнинг ғазаби, қаҳрининг далолатидир. Шунинг учун ҳам, аёл киши авратини очиб юрса, унга Аллоҳ таолонинг ғазаби тушаётганлигининг белгисидир. Буни енгил санаб бўлмайди. Мана шу илоҳий ҳикматни, ҳақиқатни билмаган, ҳақ диндан, бехабар бўлган, ғафлатда қолаётган инсоният бугун аёлларнинг авратини очишни маданият дейиш даражасига тушиб қолди. Маданият аслида ҳалолик тақво шариатга итоатда билинади. Шайх Шабий айтади : «»Ахмоклар устингдан кулмайдиган ва фақихлар (шаъриат билимдонлари) айбламайдиган кийимни кий. Одам диний ва дунёвий билимларни қанча кўп билгани сайин эзгуликка яқинлашиб борар экан аёл- қизларимиз чиройли кийинишлари билан бирга билимли, мулоҳазали ва тарбияли бўлиши лозим. Шарқона тарбиянинг асосини исломий маданият ташкил этади. Инсоннинг кийиниши унинг ички-маънавий дунёсининг сиртида акс этишидир.Шундай экан ҳар бир аёл юзи, икки қўл кафтидан бошқа ҳамма жойи уятли (аврат) бўлгани учун бегона назарлардан яширилиши ва кийиниши ҳам шунга муносиб бўлиши лозим. Азиз опа сингиллар кийинишда, юриш туришда ҳаёли бўлайлик. Иффатимизни асрайлик.Зеро ушбу амаллар исломий одоблар саналиб ҳар бир мусулмондан талаб қилинади.
Аллоҳ таоло барчамизни солиҳ амал қилувчилардан қилсин. Амин роббул аъламин.
Izoh qoldirish