08.03.2022

Улуғ ойни қаршилаб

 

Ибн Хузайма келтирган ҳадисда: Салмон Форсий  разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Шаъбон ойи охирида бизларга хутба қилдилар:

عَنْ سَلْمَانَ الْفَارِسِيِّ ، قَالَ : خَطَبَنَا رَسُولُ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ فِي آخِرِ يَوْمٍ مَنْ شَعْبَانَ ، فَقَالَ : " أَيُّهَا النَّاسُ إِنَّهُ قَدْ أَظَلَّكُمْ شَهْرٌ عظَيِمٌ ، شَهْرٌ مُبَارَكٌ ، شَهْرٌ فِيهِ لَيْلَةٌ خَيْرٌ مِنْ أَلْفِ شَهْرٍ ، 

Эй инсонлар! Буюк, муборак ой сизларга соя солиб турибди. Бу ойда минг ойдан кўра яхшироқ бир кеча бор.

جَعَلَ اللَّهُ صِيَامَهُ فَرِيضَةً ، وَقِيَامَهُ تَطَوُّعًا ، مَنْ تَقَرَّبَ فِيهِ بِخِصْلَةٍ مِنَ الْخَيْرِ كَانَ كَمَنْ أَدَّى فَرِيضَةً فِيمَا سِوَاهُ ، 

Аллоҳ таоло бу ойнинг рўзасини фарз қилди, кечаси бедор бўлишни нафл қилди. Ким унда бирор бир яхшилик ила Аллоҳга яқинлик ҳосил қилса, худди бошқа ойларда фарзни адо қилганга ўхшайди.

وَهُوَ شَهْرُ الصَّبْرِ ، وَالصَّبْرُ ثَوَابُهُ الْجَنَّةُ ، وَشَهْرُ الْمُوَاسَاةِ ، وَشَهْرٌ يُزَادُ فِي رِزْقِ الْمَرْءِ فِيهِ ،

Бу ой сабр ойидир. Сабрнинг савоби жаннатдир. Бу ой ўзгалардан кўнгил сўраш, меҳр-мурувват кўрсатиш ойидир. Бу ойда мўмин кишининг ризқи зиёдалашади.

 مَنْ فَطَّرَ فِيهِ صَائِمًا كَانَ لَهُ مِثْلُ أَجْرِهِ مِنْ غَيْرِ أَنْ يَنْقُصَ مِنْ أَجْرِهِ شَيْءٌ وَعَتَقَ رَقَبَتَهُ مِنَ النَّارِ .

Ким у кунда бирор рўзадорга ифторлик қилиб берса, бу унинг гуноҳларига мағфират ва жаҳаннамдан озод бўлишига сабаб бўлади. Ҳамда унга ҳам рўзадорнинг ажридан бирор нарса камайтирилмаган ҳолда ўшанча ажр бўлади”, дедилар. 

 قَالُوا : يَا رَسُولَ اللَّهِ لَيْسَ كُلُّنَا يُفْطِرُ الصَّائِمَ 

Шунда: “Ё Расулуллоҳ, бизларнинг ҳар биримиз рўзадорни таомлантирадиган нарса топа олмаймиз-ку”, дедик. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам:

قَالَ : " " يُعْطِي اللَّهُ تَعَالَى هَذَا الثَّوَابَ مَنْ فَطَّرَ صَائِمًا عَلَى مَذْقَةِ لَبَنٍ ، أَوْ تَمْرَةٍ ، أَوْ شَرْبَةٍ مِنْ مَاءٍ ، وَمَنْ أَشْبَعَ صَائِمًا سَقَاهُ اللَّهُ مِنْ حَوْضِي شَرْبَةً لا يَظْمَأُ حَتَّى يَدْخُلَ الْجَنَّةَ ،   " .

 “Аллоҳ таоло бу савобни рўзадорга бир қултум сув ё ютим сут ё бир дона хурмо билан ифторлик қилган кишига ҳам беради, ким рўзадорни тўйдирса, Аллоҳ таоло уни менинг ҳавзимдан суғорадики, ундан кейин то жаннатга киргунига қадар чанқамайди.

وَهُوَ شَهْرٌ أَوَّلُهُ رَحْمَةٌ ، وَأَوْسَطُهُ مَغْفِرَةٌ ، وَآخِرُهُ عِتْقٌ مِنَ النَّارِ ، وَمَنْ خَفَّفَ فِيهِ عَنْ مَمْلُوكِهِ غَفَرَ اللَّهُ لَهُ وَأَعْتَقَهُ مِنَ النَّارِ ،

 Бу ойнинг аввали раҳмат, ўртаси мағфират, охири жаҳаннамдан озод бўлишдир. Ким қўл остидагига хизматчисига ёки ишчисига енгиллик қилса, Аллоҳ таоло уни мағфират қилади ва уни дўзахдан озод қилади. 

اسْتَكْثِرُوا فِيهِ مِنْ أَرْبَعِ خِصَالٍ ، خَصْلَتَانِ تُرْضُونَ بِهِمَا رَبَّكُمْ تَعَالَى ، وَخَصْلَتَانِ لا غِنَى بِكُمْ عَنْهُمَا ، فَأَمَّا الْخَصْلَتَانِ اللَّتَانِ تُرْضُونَ بِهِمَا رَبَّكُمْ : فَشَهَادَةُ أَنْ لا إِلَهَ إِلا اللَّهُ ، وَتَسْتَغْفِرُونَهُ ، وَأَمَّا الَّتِي لا غِنَى بِكُمْ عَنْهُمَا : فَتَسْأَلُونَ اللَّهَ الْجَنَّةَ ، وَتَعُوذُونَ بِهِ مِنَ النَّارِ " .

 Бу ойда тўрт хислатни кўпайтиринглар. Икки хислат билан Роббиларингизни рози қиласизлар. Яна икки хислатга эса албатта муҳтож бўласизлар. Роббиларингизни рози қиладиган икки хислат, “Ла илаҳа илаллоҳ” шаҳодати ва У зотга истиғфор айтишларингиз. Сиз уларга албатта муҳтож бўладиган икки хислат эса, Аллоҳ таолодан жаннатни ато қилишини ва жаҳаннамдан сақлашини сўрашларингиздир”, дедилар. 

Қадри баланд мусулмонлар, бизларнинг хонадонларимизга азиз бир меҳмон ташриф буюраяпти. У шундай ҳурматлики, ким уни чин қалбдан хурсандчилик билан қарши олса, икки дунё саодатига эришади. У меҳмоннинг хайру баракаси чексиз, раҳмату мағфират эшиклари кенгдир. У ҳам бўлса – Рамазони шариф ойи. Энди бундай хайру баракали меҳмон кутиш учун хонадонларимизни оройиш бериб, ўзларимизни осойиш қилайлик.

Бу ой шундай бир мавсумки, бизларни авфу раҳмати билан кўмиб юборади. Бир яхшилик учун чандон ажру мукофотлар берилади. Сон-саноқсиз мағфиратлар, жаннатийлар битиклари янада зиёдалашиб, дўзахийлар адади камайиб боради. Осмондаги малоикалар биз томон интилишади. Дуолар кетма кет ижобатлар, эртаю кеч раҳматлар ёғилади, олинган ҳар бир нафаслар зикр ўрнида қабул қилинади, ҳатто уйқу ҳам ибодат сифатида қабул қилинадиган, гуноҳлар мағфират қилинадиган мавсумга яқинлашмоқдамиз.

Аллоҳ таоло бизларни беллашувга чақирмоқда:

سَابِقُوا إِلَى مَغْفِرَةٍ مِنْ رَبِّكُمْ وَجَنَّةٍ عَرْضُهَا كَعَرْضِ السَّمَاءِ وَالْأَرْضِ أُعِدَّتْ لِلَّذِينَ آَمَنُوا بِاللَّهِ وَرُسُلِهِ ذَلِكَ فَضْلُ اللَّهِ يُؤْتِيهِ مَنْ يَشَاءُ وَاللَّهُ ذُو الْفَضْلِ الْعَظِيمِ

Парвардигорингиз мағфиратига беллашинг ва Аллоҳга ҳамда Унинг Пайғамбарларига иймон келтирганлар учун тайёрланган, кенглиги осмону ернинг кенглигича бўлган жаннатга мусобақалашинг. Ана ўша, Аллоҳнинг фазли. Кимга хоҳласа, беради. Аллоҳ улуғ фазл эгасидир[1]

Спорт мусобақаларида қатнашувчиларнинг мусобақага йил бўйи тайёргарлик кўриши зафар қозониш учун эканини ҳаммамиз яхши биламиз. Шуни унутмайликки ҳамма тайёргарлик кўрганлар ҳам муваффақиятли ўринни эгаллай олмайди. Чунки тайёргарлик ҳам турлича бўлади. Ким кўпроқ жидду-жаҳд билан тиришиб тайёргарлик кўрган бўлса мукофот уники бўлади. Номига тайёргарлик кўрганнинг кўрсаткич натижаси ҳам ўзига муносиб бўлади. Умуман тайёрланмаган, тайёргарлик ҳақида ўйлаб ҳам кўрмаганларни ўзингиз тасаввур қилаверинг. Уларга мукофат қаердан келсин?!. 

Бугун бизга муборак ой соя солиб турибди. Демак биз ҳам зафар қучиш учун тайёргарлик кўришимиз керак. Бу ойда кўпрок савоб ишлаб олиш учун тайёргарлигимиз кандай бўляпти?. Тайёрмизми? Оз кунлар қолди, кўникиб олгунча ўтиб кетади.

Аллоҳим ҳаммамизга Рамазон ойини рисоладагидек кутиб олиш ва ундаги барча ажру мукофотлар ва фазилатларга эришишни насиб қилсин!

Жамол Мавлонов 

 


 

[1] Ҳадид 21

Izoh qoldirish