Ражаб ойи –тинчлик ойи
Ражаб ойи шаҳрул-ҳарам яъни Аллоҳ таоло инсонлар орасида уруш-низо, жанжалларни ҳаром қилган ойдир. Ражаб ойи динимизда улуғланган ойлардан бўлгани учун унда кўпроқ нафл рўза тутишга ҳаракат қилинади. Усмон ибн Ҳакимдан ривоят қилинади: “Саид ибн Жубайрдан ражаб ойида шу ойнинг рўзаси ҳақида сўрадим. У: “Ибн Аббоснинг: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам рўза тутар эдилар, ҳатто оғизларини очмасалар керак, дер эдик. Оғизлари очиқ бўларди, ҳатто рўза тутмасалар керак, дер эдик”, деяётганини эшитганман”, деди”.”Ражаб” сўзи “улуғлаш”, “ҳурматлаш” маъноларини англатади. Ражаб ойи – Аллоҳ таоло уруш қилишни ҳаром қилган. Аллоҳнинг наздида ойларнинг адади – Аллоҳнинг осмонлар ва Ерни яратган кунидаги битигига мувофиқ – ўн икки ойдир. Улардан тўрттаси (уруш) тақиқланган ойлардир. Ана шу тўғри диндир. Бас, ўша (ой)ларда ўзингизга зулм қилмангиз!” (Тавба сураси, 36-оят).
Эътибор қиладиган бўлсак, Аллоҳ таоло “Бас, ўша (ой)ларда ўзингизга зулм қилмангиз!” деяпти. Яъни, бу ойларда гуноҳ ва масъият ишларини қилиб ўзингизга зулм қилманг. Аслида, бошқа ойларда ҳам гуноҳлардан тийилишимиз лозим. Лекин айнан бу ойларнинг ҳурматини поймол қилиб, қилинган гуноҳ янада каттароқ ҳисобланади. Аллоҳ таоло бандаларини ўзаро иттифоқликда, аҳилликда, тинчлик-омонликда яшашга даъват этиб: “Агар мўминлардан икки тоифа ўзаро урушиб қолсалар, дарҳол улар ўртасини ислоҳ этингиз!” (Ҳужурот, 9) деган инсонпарварлик тамойилини яратишга чақиради.
Демак, дунёда ҳаётнинг бир маромда давом этиши, халқнинг Ҳақ таоло буюрган ишларини мукаммал ва хотиржам адо этишлари учун тинчлик ва осойишталик лозим. Яратган Парвардигор Қуръони каримда ана шу тинчликни сақлаш ва қадрлаш вазифасини инсон зиммасига юклаб, Ислом дини тинчликка тарғиб қилишини, шайтоний йўлларга эргашмаслик лозимлигини таъкидлаб, бундай дейди: “Эй, имон келтирганлар! Ёппасига итоатга киришингиз ва шайтоннинг изидан эргашмангиз! Албатта, у сизларга аниқ душмандир” (Бақара, 208). Яратгандан бир-биримизга тинчлик, амният, хотиржамлик тилайлик!Аллоҳ таоло тинчлик-осойишталигимизни ҳамиша барқарор, юртимизни тинч, меҳнатсевар халқимиз ҳаётини фаровон айласин!
Жўйбори Калон ЎМИТМ ўқитувчиси: И.Уста-Алимова
Izoh qoldirish