19.02.2022

Саловот айтиш

Аллоҳ таоло Қуръони Каримда айтади:

إِنَّ ٱللَّهَ وَمَلَٰئِكَتَهُۥ يُصَلُّونَ عَلَى ٱلنَّبِيِّ يَٰأَيُّهَا ٱلَّذِينَ ءَامَنُواْ صَلُّواْ عَلَيۡهِ وَسَلِّمُواْ تَسۡلِيمًا

«Албатта, Аллоҳ ва Унинг фаришталари Набийга саловот айтурлар. Эй иймон келтирганлар! Сиз ҳам унга саловот айтинг ва салом юборинг» (Аҳзоб, 56). Ушбу ояти карима Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қадр-қимматлари Аллоҳ таолонинг ҳузурида қанчалар улуғ эканини яна бир бор кўрсатмоқда. Бошқа биров эмас, Аллоҳ таолонинг Ўзи Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга саловот айтиши таъкидланмоқда. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Ким менга саловот айтса, фаришталар унга ҳам менга айтган саловотининг баробарида саловот айтиб турадилар. Банда саловотни хоҳласа оз айтсин, хоҳласа кўп", деганлар.    Қуръон тиловати ва Аллоҳнинг зикридан кейин Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга саловот айтиш энг савобли ишлардан ҳисобланади. Чунки бу нарса Аллоҳ таолонинг амридир. Шунинг учун ҳам намознинг ташаҳҳудида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга саловот айтилади.

   Имом Шофиъий: "Ташаҳҳудда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга саловот айтилмаса, намоз намоз бўлмайди", деганлар. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Қайси бир мусулмон кишининг берадиган садақаси бўлмаса, дуо қилаётган пайтда "Эй Аллоҳим, Ўзингнинг банданг ва Расулинг Муҳаммадга салавот юборгин, мўмин-мўминаларга, муслим-муслималарга ҳам салавот юборгин", десин. Бу унга закот ўрнига ўтади", дедилар.    Демак, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга салавот айтишнинг мақоми ана шундай улуғ экан.    Ҳамма садақа қилиб савоб олиш орзусида бўлади. Аммо бу нарса ҳаммага насиб бўлавермайди. Баъзи кишилар садақа қиладиган нарса топа олмайдилар. Улар садақа қила олмасликдан маъюс бўлишлари турган гап. Аммо уларнинг бу ҳолатларини яхшиликка буришнинг осон йўли бор экан. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга салавот айтсалар, садақанинг ўрнига ўтар экан.    Яна бу дунёда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга салавот айтиб юрган одамларга у Зоти бобаракот соллаллоҳу алайҳи васаллам гувоҳлик бериб, шафоат қилар эканлар, дўзахдан қутулиб, жаннатга киришига сабаб бўлар эканлар. Расулуллоҳ солаллоҳу алайҳи васалламга салавот айтишнинг фойдаси ва самаралари:

Аллоҳнинг амрига бўйсуниш.

Аллоҳ таолонинг салавотига мувофиқ иш қилиш.

Фаришталарнинг салавотига мувофиқ иш қилиш.

Бир салавот учун Аллоҳдан ўн салавот олиш.

Бир салавот учун ўн даража кўтарилиш.

Бир салавот учун ўн ҳасана ёзилиши.

Бир салавот учун ўн гуноҳнинг ўчирилиши.

Дуонинг қабул бўлиши.

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шафоатларига мушарраф бўлиш.

Гуноҳларнинг мағфират қилишиниши.

Ғам-ғуссадан фориғ бўлиш.

Қиёмат куни Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга яқин бўлиш.

Салавот камбағал учун садақа ўрнига ўтиши.

Ҳожатларнинг раво бўлиши.

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга салавот айтган одамга Аллоҳ таоло ва Унинг малоикалари салавот айтадилар.

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга салавот айтувчи покланади.

Салавот айтиш бандага жаннатнинг башоратини беради.

Қиёмат кунининг даҳшатларидан нажот беради.

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам салавот айтувчига жавоб берадилар.

Бандага унутган нарсасини эслатади.

Мажлисни поклашга сабаб бўлади.

Салавот фақирликни кетказади.

Салавот бандадан бахиллик сифатини кетказади.

Салавот дуои баддан қутилишга сабаб бўлади.

Салавот ўз эгасини жаннат йўлига элтади.

У ўз эгасини мажлис нохушлигидан сақлайди.

Ҳамду сано билан бошланган дуони тамомлайди.

Банданинг сиротдаги нурини тўлиқ қилади.

Банда у билан жафодан чиқади.

Салавот баракага сабаб бўлади.

У бандани Аллоҳ таолонинг раҳматига эриштиради.

Салавот Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга бўлган муҳаббатнинг бардавомлиги сабабчисидир. 

Ким жаннатда Набийимиз саллаллоҳу алайҳи васалламга энг яқин бўлишни хоҳлайди – унда Расулуллоҳ саллалоҳу алайҳи васалламга саловотни кўпайтирсин!

 

Жўйбори Калон ЎМИТМ маънавият ва маърифат ишлари бўйича директор ўринбосари:              

 И.Уста-Алимова

Izoh qoldirish