Ҳалол ризқ топиш фарздир.
"Ҳалол» сўзи луғатда «ечилган» деган маънони билдиради. Чунки ҳалол нарсадан ман қилиш тугуни ечилган бўлади. Ислом динида ейиладиган нарсанинг ҳалол бўлишига катта аҳамият берилади. Жумладан, ушбу оятда ҳам бу нарса алоҳида таъкидланмоқда. Аллоҳ таоло Бақара сурасида марҳамат қилади: «Эй одамлар! Ер юзидаги нарсалардан ҳалол-покларини енглар. Ва шайтоннинг изидан эргашманглар, чунки у сизларга очиқ-ойдин душмандир» (168-оят).
Эрта билан ҳалол ризқ топаман, шу орқали болаларимни боқаман, деган эзгу ва покиза ниятларда ишига йўл олган инсонга Аллоҳ ҳузурида улуғ ажрлар ёзилади. Шунинг учун Набий с.а.в. бундай деганлар: яъни: “Ким ҳалол меҳнат қилиб, ҳориб чарчаган ҳолда тунаса, гуноҳлари кечирилган ҳолда тунайди” (Имом Ибн Асокир ривояти). Аллоҳ таоло бизнинг зиммамизга Ўз ҳақларини вожиб қилгани каби, хонадонларимиз аҳлларининг ҳам ҳақларини зиммамизга вожиб қилган. Бу ҳақлар эса ҳалолдан топиб, ҳалолга сарфлаш билангина адо этилади. Шу сабабли ҳар бир кишига ҳалол ризқ талаб қилиш, яъни ризқни ҳалол йўл билан топиш йўлини қидириш фарздир.
Исломда насоролар динидаги Аллоҳга муқарраб бўлиш учун ихтиёр қилинган раҳбоният – дунёдан узилиб, уйланиш, бола-чақа қилишни тарк қилиш ва бирор жойга бориб, фақат зикрга машғул бўлиш йўқдир.
Аллоҳ таоло инсонни яратди, табиатига очликни, ташналикни қондириш, бошпана қуриш, уйланиш каби нафсоний тақозоларни жойлади ва ушбу эҳтиёжларини қондириш билан бирга, Ўз ҳақларини ҳам адо этишни талаб қилди.Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам ёшликларида қўй боққанлар, кейинчалик тижорат қилганлар, Мадинаи Мунавварадан бир неча мил узоқликдаги Журф деган жойда деҳқончилик қилганлар, муаллим бўлганлар. Хуллас, дунёда қанақанги ҳалол касб бўлмасин, кейинчалик тараққиётга учраган бўлса ҳам, асли бошланишида бирор пайғамбарнинг касби бўлган. Ким бирор касбни қилаётганида мен бу касбни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга эргашиб қиляпман, зиммамдаги ҳақни адо қиляпман, деб ният қилса, ана шу ишга сарф қилган ҳар дақиқа вақти улкан ибодат даражасига кўтарилади.
Гарчи биз мўминларга пайғамбаримиз(с.а.в) тутган йўлни тутишимиз лозимдир. Ушбу келтирилган ва улардан бошқа оятлар ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадислари асосида бизнинг динимизда ҳар бир мўмин бандага фақатгина ҳалол ризқ топиш фарз қилингандир. Мўмин-мусулмонларга ҳалолга имкон бўла туриб, ҳаромга қўл уриш мутлақо мумкин эмас.
Жўйбори калон ЎМИТМ ўқув ишлари бўйича д.ў Ҳ.Ҳалимова
Izoh qoldirish