14.02.2022

Ижтимоий тармоқлардан фойдаланиш одоблари

Инсонийлик жамияти ҳеч қачон бир жойда тўхтаб турмайди, доимий равишда ривожланиш ва ўзгаришда бўлади. Интернет пайдо бўлгандан бери баъзилар уни ижобий баҳолашса, баъзилар салбий томонларини гапиради. Бу мавзудаги мақбул қараш шуки, интернет ҳам телевизор, радио каби бир восита. Уни яхшиликка ишлатсак яхши, ёмонликка ишлатсак ёмон нарсага айланади. Бу ердаги энг муҳим омил – инсон омилидир. Чунки инсон бир пайтнинг ўзида яхши маълумот ҳам, ёмон маълумот ҳам тарқатиши мумкин. Ижтимоий тармоқда ким биландир алоқа қилар эканмиз, қандайдир гуруҳ ё каналга аъзо бўлар эканмиз, кимнингдир шахсий профилини кузатар, у пост қилган фикрларига изоҳ ё фикр билдирар эканмиз, биринчи ўринда ўзимизнинг мўмин-мусулмон эканлигимизни ҳамиша ёдда тутишимиз керак. Интернет орқали ўзгалар билан алоқа қилишда шариат рухсат берган нарсаларга амал қилиб, ман қилган нарсалардан четда бўлиш асосий қоида бўлиши зарур.

           Ижтимоий тармоқ аъзоларининг аксари ундаги умрини беҳуда ўтказишмоқда. Сарфланган вақтлари на дунёси учун ва на охирати учун наф келтирмаяпти. Бу эса мусулмон уммати учун нақд офатнинг ўзи. Ислом вақтнинг қадрига етишга, ундан унумли фойдаланишга даъват этади. Аллоҳ таоло Қуръони каримда айтади:

فَإِذَا فَرَغْتَ فَانصَبْ. وَإِلَىٰ رَبِّكَ فَارْغَب

“Бас, қачонки бўш бўлсангиз ибодатга урининг. Ва фақатгина Раббингизга рағбат қилинг”.Ояти каримада вақтнинг қадрига етиш, ундан унумли фойдаланиш, бир фойдали ишни тамомлаб бўшагач, кейинги фойдали ишга рағбат қилмоқ ҳақида сўз боряпти.

Ҳадиси шарифда умрнинг қадри ҳақида шундай марҳамат қилинади:

لَا تَزُولُ قَدَمَا ابْنِ آدَمَ يَوْمَ الْقِيَامَةِ مِنْ عِنْدِ رَبِّهِ حَتَّى يُسْأَلَ عَنْ خَمْسٍ: عَنْ عُمْرِهِ فِيمَا أَفْنَاهُ وَعَنْ شَبَابِهِ فِيمَا أَبْلَاهُ وَعَنْ مَالِهِ مِنْ أَيْنَ اكْتَسَبَهُ وَفِيمَا أَنْفَقَهُ وَمَاذَا عَمِلَ فِيمَا عَلِمَ (رواه الإمام الترمذي)

яъни: “Қиёмат куни беш нарса ҳақида сўралмагунича Одам боласининг қадами Парвардигори ҳузуридан силжимайди: умрини қандай ўтказгани, ёшлигида қандай ишлар қилгани, бойликни қаердан топиб, қаерга сарфлагани ва билган нарсаларига қай даражада амал қилгани (сўралади)” (Имом Термизий ривояти).

Бугунги куннинг талаби – интернетнинг ижобий жиҳатларидан фойдаланиб,  дунё-охиратимизни обод қиладиган, халқимизга манфаат келтирадиган ишларни қилишдир. Ҳар бир мусулмон ҳаётда қандай умуминсоний ва диний қоидаларга амал қилиши лозим бўлса, интернетдан фойдаланишда ёки ўзаро алоқада ҳам шу асосларга риоя қилиши шарт. Акс ҳолда, турли ноқулайликлар ва гуноҳ ишларга аралашиб қолинади. Аллоҳ таоло барчамизга ижтимоий тармоқлардан оқилона фойдаланишни насиб қилиб, уни икки дунёмизнинг обод бўлишига сабабчи воситалардан айласин! Омин!

 

Жўйбори Калон аёл-қизлар ЎМИТМ ўқитувчиси                М.Ўринова

 

Izoh qoldirish