26.01.2022

Қийинчилик кунларда нархларни асоссиз қиммат қилиш гуноҳдир

Куни кеча, юртимизда кутилмаган ҳолат юз берди. Қозоғистон давлатида юз берган носозлик сабабли Ўзбекистон ва Қирғизистонда ҳам электр энергияси узилиб қолди. Табиийки, электр энергиясига боғлиқ кўп соҳалар: аҳолига сув етказиб бериш, уйларни иситиш тизими, газ етказиб беришга ҳам бу нарса таъсир қилди. Гарчи бу ҳолат кўп давом этмаган бўлсада, баъзи бирларда ваҳимага тушиш, миш-миш тарқатиш, электр энергияси йўқлиги сабабли талаб кўпайган маҳсулотларнинг нархини дарҳол, асоссиз ошириш ҳолатлари кўзга ташланди. Айниқса, қийинчилик ва синовли кунларда нон, ичимлик сув, озиқ-овқат каби халқнинг кунлик эҳтиёжи тушадиган маҳсулотларнинг нархини сунъий кўтариш – инсофсизлик, қийин аҳволдаги мусулмонлардан фойдаланиб қолиш ва мусулмон кишига асло тўғри келмайдиган ишдир. 

Албатта, ҳаётда оммавий равишда кутилмаган қийинчилик ва синовлар учраб туриши мумкин, ҳатто яқин йилларда бунданда оғир пандимея, карантин синовларини ҳам бошимиздан ўтказдикку! 

Бир кунлик синовда шунча ваҳимага тушилса, бундан “тадбиркорлар” ночор ва қийналганлар изидан фойда кўришга ҳаракат қилса, Аллоҳ сақласин, бу ҳолат узоқроққа чўзилса, нима бўлади!? Ахир биз тақдирга иймон келтирганмиз-ку! Ризқ Аллоҳ таолодан эканига иймонимиз бор-ку! Қуръони Каримда бу мавзуда шундай марҳамат қилинади:

وَمَا مِن دَآبَّةٍ فِي الأَرْضِ إِلاَّ عَلَى اللّهِ رِزْقُهَا وَيَعْلَمُ مُسْتَقَرَّهَا وَمُسْتَوْدَعَهَا كُلٌّ فِي كِتَابٍ مُّبِينٍ

“Ер юзида ўрмалаган нарса борки, уларнинг ризқи Аллоҳнинг зиммасидадир. У уларнинг турар жойларини ҳам, борар жойларини ҳам билур. Ҳаммаси очиқ-ойдин китобдадир” (Ҳуд сураси, 6-оят).

Нега синов пайтида ана шу иймонимиз талаб қилганидек иш тутмаймиз?! Нега ушбу оятга биноан “Ризқимни Аллоҳ беради” деб ҳаракатланмаймиз?!

Имом Ҳаким Термизий раҳматуллоҳи алайҳ “Наводирул усул фи маърифати аҳодисур Расул” асарида: Муоз ибн Жабал розияллоҳу анҳудан бундай ривоят қилади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Энг яхши касб савдогарликдир. Агар савдогар ёлғон гапирмаса, омонатга хиёнат қилмаса, ваъдага хилоф этмаса, сотиб олаётган нарсаларини мақтамаса, (ҳаддан ортиқ) қимматга сотмаса, зиммасидаги ҳақни беришни чўзмаса ва ўз ҳақларини олишда ҳам қўпол бўлмаса”, дедилар”.

Демак, савдогарлар ҳалол, омонатдор, яхши инсон бўлишлари учун ушбу ҳадисда айтилган нарсаларга амал қилишлари, жумладан, маҳсулотни ҳаддан ортиқ қиммат сотмасликлари лозим бўлади.

Мусулмонларнинг эҳтиёжи тушиб турганда, уларга енгиллик қилиб бериш ўрнига асоссиз қимматлаштириш ёки янада қимматроқ сотиш мақсадида ушлаб туриш гуноҳдир. 

Ҳазрати Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам:«Жалб қилувчи ризқлантирилган, эҳтикорчи (маълум шартларга кўра, маҳсулотни қиммат бўлганда сотиш учун ушлаб турган киши) эса лаънатланган», деганлар.

«Жалб қилувчи» бошқа юртдан ўз юртига керакли нарсаларни олиб келувчидир.Ким бу ишни қилса, ризқи улуғ бўлади. Аммо ўз юрти бозоридан энг керакли нарсаларни сотиб олиб, ушлаб туриб, сунъий равишда нархни кўтарувчи, натижада одамларга зарар етказувчи лаънатлангандир.

Ҳазрати Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам:“Ким мусулмонлар нархларига киришиб, уларга қимматчилик келтириш учун ҳаракат қилса, Аллоҳ учун уни қиёмат куни катта оловга ташламоғи ҳақ бўлади” деганлар (Имом Аҳмад ривояти).

Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Сотганда, сотиб олганда ва ҳаққини талаб қилганда марҳаматли бўлган одамни Аллоҳ раҳм қилсин”, дедилар” Бухорий ва Термизий ривоят қилишган.

Сотиш, сотиб олиш ва ҳаққини талаб қилишда бағрикенг, саховатли бўлиш мақсадга мувофиқдир. Бундай кишига Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Аллоҳ таолонинг раҳматини сўраганлар. Бир сўм устида етти думалаб туриб олиш, айтганимга сотаман дейиш, нархни кўтариб, туширмаслик, одамларга қийин шароитни вужудга келтириш Аллоҳ таолонинг раҳматига эришишга, топгани баракотли бўлишига тўсқинлик қилади.

Ислом дини жамиятга зарар бўладиган ҳар қандай ҳатти-ҳаракатни қоралайди. Ҳукуматнинг нарх қўйишда ҳаддан ошганларни тартибга чақиришини қўллаб-қувватлайди.

Мўмин-мусулмон одам ўз биродарига ёрдам беришга шошилиши, унинг оғирини енгил қилиш пайидан бўлиши лозим.

Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: “Ким бир мўминдан бу дунё машаққатларидан бирини аритса, Аллоҳ таоло ундан қиёмат куни машаққатларидан бирини аритади. Ким бир камбағалнинг ишини енгиллатса, Аллоҳ таоло унинг бу дунёю охират ишларини енгиллатади. Ким бир мусулмон айбини беркитса, Аллоҳ унинг айбини бу дунёю охиратда беркитади. Модомики банда ўз биродарининг ёрдамида экан, Аллоҳ ҳам унинг ёрдамида бўлади” (Имом Муслим ривоятлари).

Яна бир жиҳати шуки, динимизда ўзаро муҳаббат, меҳр шафқатга тарғиб қилинади. Зеро, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан энг афзал амал ҳақида сўралганда, у зот: “Таниган ва танимаган одамингга таом ва салом бермоғинг”, деб марҳамат қилганлар. Бошқа ҳадиси шарифда эса мўминлар бир бирларини яхши кўрмагунларича комил мўмин бўла олмаслиги таъкидланган. 

Мана шундай синовли кунлар одамларга ёрдам қилиш, эҳсон қилиш, савоб олишнинг айни вақтидир. Чунки кенгчилик кунлари ҳамма ҳам эҳсон қила олади, лекин қийинчиликда бу ишлар ҳамманинг қўлидан келмайди. 

Умар разияллоҳу анҳу халифалик даврида Мадина аҳлига қаттиқ очарчилик етди. Одамлар ниҳоятда қийин аҳволда қолди. Шу кунларда тириклигидаёқ жаннат башорати берилган саҳоба Абдурроҳман ибн Авф разияллоҳу анҳунинг катта карвони озиқ овқатлар билан Мадинага кириб келди. Савдогарлар у зотга икки, уч ва унданда кўп баробар фойда беришни таклиф қилдилар. Лекин у зот фурсатни ғанимат билиб, одамларга раҳм шафқат қилиб, бирига етти юз баробар ажр берадиган Аллоҳ таоло йўлига эҳсон қилдилар. Ўша кеча бирор киши оч қолмади. 

Мана шунда улуғ зотлар бизга чиройли ўрнак бўлиши керак. Қийинчилик пайтларда марҳаматли бўлиб, пул ишлашдан кўра кўпроқ савоб ишлаш ҳаракатида бўлишимиз керак.

Аллоҳ таоло бизнинг оғиримизни енгил қилишини, бизга ёрдам беришини, айбларимизни беркитишини, истаймизми, у ҳолда ўзимиз диндошларимизга ёрдам қўлини чўзишга, уларнинг оғирини енгил қилишга интилайлик!

Аллоҳ таоло барчамизни Ўзининг ҳидоятидан айирмасин ва хотимамизни чиройли қилсин!

Izoh qoldirish