Иддадаги аёлга совчи қўйиш
Иддада ўтирган аёл нафақат шариат риоясини балки, эрининг ҳам риоясини қилади. Эрига вафосини изҳор этади. Иддадаги аёлга совчи ҳам қўйилмайди. Фақатгина ишора йўли билан бўлса, майли. Чунки Аллоҳ таоло Бақара сурасида шундай деган: وَلاَ تَعْزِمُواْ عُقْدَةَ النِّكَاحِ حَتَّىَ يَبْلُغَ الْكِتَابُ أَجَلَهُ «(Идда) ўз муддатига етмагунча никоҳ боғлашни қасд қилманг» (235-оят). Жумладаги «қасд» сўзига алоҳида урғу бериляпти. Бу, идда ичида никоҳ қилиш у ёқда турсин, уни қасд қилишга ҳам рухсат йўқ деганидир. Ким идда вақтида никоҳ қилса, унинг никоҳи бузилади. Оралари ажратиб юборилади. Вафотдан кейин идда ўтирган аёлларга ишора йўли билан совчи қўйса бўлади. Аллоҳ таоло Бақара сурасида марҳамат қилади: وَلاَ جُنَاحَ عَلَيْكُمْ فِيمَا عَرَّضْتُم بِهِ مِنْ خِطْبَةِ النِّسَاء أَوْ أَكْنَنتُمْ فِي أَنفُسِكُمْ عَلِمَ اللّهُ أَنَّكُمْ سَتَذْكُرُونَهُنَّ وَلَكِن لاَّ تُوَاعِدُوهُنَّ سِرًّا إِلاَّ أَن تَقُولُواْ قَوْلاً مَّعْرُوفًا «У аёлларга ишора ила совчилик қилишингиз ёки уни ўз ичингизда яширин тутишингизда гуноҳ йўқ. Албатта, сиз уларни эслашингизни Аллоҳ биладир. Лекин улар билан хуфиёна ваъдалашманг. Магар маъруф сўз айтсангиз, майли» (235-оят). Ушбу оятда эри ўлгандан кейин идда ўтирган аёлга совчилик қилиш ҳақида сўз кетяпти. Аввало, бундай аёлга очиқдан-очиқ совчилик қилиш ҳаром, чунки у азада – иддада ўтирибди. Ўлган эрининг ҳурмати бор, унинг қариндош-уруғларининг ҳам дардига дард қўшмаслик керак. Лекин ояти кариманинг кўрсатмасига кўра, эри ўлиб, идда ўтирган аёлларга очиқ-ойдин эмас, ишора билан совчилик қилишда гуноҳ йўқ. «У аёлларга ишора ила совчилик қилишингиз ёки уни ўз ичингизда яширин тутишингизда гуноҳ йўқ». Ишора билан совчилик қилиш қандай бўлади? Ишора билан совчилик қилиш «Бирорта муносиб аёл топилса, уйланмоқчи бўлиб юрибман», «Аёл киши бўлмаса, қийин бўлар экан» каби сўзлар билан кўнглидаги гапни билдиришдир. Ўтган азизлар ҳам шундай йўл тутишган. وَعَنْ سُكَيْنَةَ بِنْتِ حَنْظَلَةَ، قَالَتْ: اسْتَأْذَنَ عَلَيَّ مُحَمَّدُ بْنُ عَلِيٍّ، وَلَمْ تَنْقَضِ عِدَّتِي مِنْ مَهْلَكَةِ زَوْجِي، فَقَالَ: قَدْ عَرَفْتِ قَرَابَتِي مِنْ رَسُولِ اللهِ صَلَي الله عَلَيْهِ وَسَلَّم وَقَرَابَتِي مِنْ عَلِيٍّ، وَمَوْضِعِي مِنَ الْعَرَبِ، قُلْتُ: غَفَرَ اللهُ لَكَ يَا أَبَا جَعْفَرٍ، إنَّكَ رَجُلٌ يُؤْخَذُ عَنْكَ، وَتَخْطُبُنِي فِي عِدَّتِي، فَقَالَ: إنَّمَا أَخْبَرْتُكِ بِقَرَابَتِي مِنْ رَسُولِ اللهِ صَلَي الله عَلَيْهِ وَسَلَّم وَمِنْ عَلِيٍّ، وَقَدْ دَخَلَ رَسُولُ اللهِ صَلَي الله عَلَيْهِ وَسَلَّم عَلَى أُمِّ سَلَمَةَ، وَهِيَ مُتَأَيِّمَةٌ مِنْ أَبِي سَلَمَةَ، فَقَالَ: «لَقَدْ عَلِمْتِ أَنِّي رَسُولُ اللهِ صَلَي الله عَلَيْهِ وَسَلَّم، وَخِيرَتُهُ مِنْ خَلْقِهِ، وَمَوْضِعِي مِنْ قَوْمِي»، كَانَتْ تِلْكَ خِطْبَتَهُ. رَوَاهُ الدَّارَقُطْنِيِّ Сукайна бинти Ханзаладан ривоят қилинади: «Эрим ҳалок бўлганидан кейин иддам тугамай ўтирганимда олдимга Муҳаммад ибн Али кириб: «Менинг Расулуллоҳ солаллоҳу алайҳи васалламга яқинлигимни, Алига ҳам яқинлигимни яхши биласан, араблар ичидаги мақомимни ҳам биласан», деди. Мен унга: «Аллоҳ сизни мағфират қилсин, эй Абу Жаъфар! Ўрнак олинадиган кишисиз. Иддада ўтирганимда совчилик қиляпсизми?!» дедим. У: «Мен сенга Расулуллоҳ алайҳиссалом ва Алига яқинлигимнинг хабарини бердим, холос. Умму Саламанинг эри Абу Салама вафот этиб бева қолганида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унинг олдига кириб: «Мени Аллоҳнинг Расули ва Унинг махлуқотларининг яхшиси эканимни ва қавмимдаги мартабамни биласан», деганлар. Бу у зотнинг совчиликлари эди», деди». Дорақутний ривоят қилган.
Шайх Муҳаммад Юсуф Муҳаммад Содиқ роҳимаҳуллоҳнинг "Кифоя" китобларидан олинди
Жўйбори Калон аёл қизлар ўрта махсус ислом таълим муассасаси ўқитувчиси Х. Дониёрова
Izoh qoldirish