Ватанни севиш, уни ардоқлаш, соғиниб яшаш ҳар бир инсоннинг нозик ҳис-туйғуларидир
Юртимизга тинчлик ватанамизга сиҳҳат неъматларини берган Аллоҳ Ҳақ субҳанаҳу ва таолога беадад ҳамду санолар бўлсин. Агар бошимизга озгина мушкуллик тушган бўлса ёки баданимизга бироз иллат пайдо бўлган бўлса ҳам, бу кунимиздан янада ёмонроқ ҳолат бермаганига Ўзига шукроналар қиламиз, чунки бизлардан кўра дунёда қанча-қанча инсонлар борки ҳоли хароб, сиҳҳати хуноб бўлиб юрибди. Расулуллоҳ с.а.в. айтганларидек: “Кимики эрталаб дунёдан хафа бўлиб уйғонса, Аллоҳнинг ғазабида уйғонибди. Кимики эрталаб озгина қийинчиликларга ношукрлик қилиб турса, ношукрчилиги Аллоҳга етади”.
Ҳозирги пайтда Ислом дини равнақи учун ўзларининг илмлари билан хизмат қилаётган ходимуддин уламоларимиз ва фақиҳларимизни Аллоҳ Ўз паноҳига олиб, фитнаю бало ва офатлардан асрасин.
Парвардигоримиз Ўзининг китобида шундай марҳамат қилади:
“Роббингизнинг (бу сўзлар)ни эсланг: “Қасамки, агар (берган неъматларимга) шукр қилсангиз, албатта, (уларни янада) зиёда қилурман. Борди-ю ношукрчилик қилсангиз, албатта, азобим (ҳам) жуда қаттиқдир
“Аллоҳ таолонинг неъматларидан икки неъмати борки, кўпчилик одамлар унинг қадрига етмайдилар. У сиҳат-саломатлик ва хотиржамликдир”
“Қайси бирингиз тонгда уйқудан уйғонганда оиласи тинч, тани соғ ва уйида бир кунлик егулик бўлса, билсинки, унда дунёдаги барча неъматлар мужассам экан”
Кишининг уйига, оиласи, бола-чақасига биров хавф солмаса, тинч-хотиржам бўлса, соғ-саломат бўлса, дарди йўқ бўлса, ейдиган таоми бўлса, бундай одам ниҳоятда улуғ бир бахт-саодатга эришган бўлар экан. Учта улуғ неъмат зикр қилинмоқда: тинчлик-омонлик, соғ-саломатлик ва етарли таом. Пайғамбаримиз с.а.в. инсонни бу дунёдаги энг яхши ҳолати мана шу уч нарсага эга бўлишлиги демоқдалар. Шу нарсаларга эришган одам “аҳволим ниҳоятда яхши” деб шукр қилиб юрса арзийди. Агар бундай қилмасак ношукрчилик қилган бўламиз.
“Ким одамларга шукр қилмаса, Аллоҳ таолога ҳам шукр қилмайди”
Ҳар бир инсоннинг киндик қони тўкилган ери бу унинг жонажон Ватани бўлади ва у жой жуда қадрли ва қимматли даргоҳ бўлади. Пайғамбаримиз с.а.в. Мадинаи мунавварага ҳижрат қилиб борганларидан сўнг туғилиб ўсган ватанлари Маккаи мукаррамани эслаб:
“Агар қавмим мени Маккадан чиқиб кетишга мажбур қилмаганида, ҳечам ўз ихтиёрим билан уни ташлаб кетмаган бўлар эдим”, деганлар. Демак, ватанни севиш, туғилиб ўсган ердаги бор нарсаларни ардоқлаш, узоққа борилганда соғиниб яшаш ҳар бир кишида мавжуд бўлган нозик ҳис-туйғулардир.
Тинч ватаннинг аҳолисини хотиржамлигини кўролмайдиган кимсалар ҳақида Худои таоло Ўзининг китоби Қуръони каримда дейди:
“Албатта иймон келтирган кишилар ўртасида бузуқликлар ёйилишини истайдиган кимсалар учун дунёда ҳам, охиратда ҳам аламли азоб бордир
“Мусулмон мусулмоннинг биродаридир. Фитначига қарши бирлашадилар”
Куни кеча Қозоқистонга бир нечта фитначилар кириб, жангари қуроллар билан ҳужум қилиб, халқининг тинчлиги ва осойишталигини бузишга уриндилар. Фитначилар, бузғунчилар томонидан отилган ўқлар ва портлатишлар сабабидан бегуноҳ кишилар нобуд бўлдилар. Улар ўз Ватани, сизу бизни ва фарзандларимизни ҳимоя қилиб қурбон бўлдилар. Ахир, улар кимнингдир фарзанди, турмуш ўртоғи ёки бир тинч оиланинг бошлиғи эди. Муқаддас динимизда Илоҳий қоида бор:
“Албатта, мўминлар биродардирлар. Энди икки биродарингиз ўртасини ислоҳ қилинг, Аллоҳга тақво қилинг, шоядки, раҳим қилинсангиз”.
“Менинг умматим залолатда бирлашмайдилар”.
Динимиз Ислом дини инсониятга зарар етишига мутлақо қаршидир. Ислом Аллоҳ таоло томонидан инсоният бахт-саодатини таъминлаш учун жорий қилинган диндир. Ислом дини Аллоҳ таоло томонидан инсониятнинг ҳаётини, ақлини, динини, наслини, молу мулкини муҳофаза қилиш мақсадида жорий қилинган диндир.
“Ким бир жонни ноҳақдан ёки ер юзида фасод қилмаса ҳам ўлдирса, худди ҳамма одамларни ўлдирган бўлади”.
Ислом динимиз ҳар бир жонни жуда қадрлайди, хоҳ мусулмон бўлсин, хоҳ ғайри дин бўлсин, қандай ирққа тегишли бўлмасин, қайси миллатга тегишли бўлмасин, барибир барча-барчасини ардоқлайди. Бир беайб инсонни ўлдириш бутун бошли инсониятни ўлдиргандек жиноят ҳисобланади.
“Ким бир аҳдлашган жонни ўлдирса, жаннатнинг ҳидини ҳидламайди. Албатта, унинг ҳиди 40 йиллик масофадан келиб туради”
Расулуллоҳ с.а.в.нинг ушбу муборак лафзлари билан шу нарса маълум бўлаяптики, дейдилар уламоларимиз, кофир бўлса ҳам, инсон жони Ислом наздида қанчалик қадр-қийматга эга эканини кўриниб турибди. Ушбу жиноятга қўл урган одам жаннатга кириб, ундаги хушбўй мушку анбарлардан ҳидлаш, лаззат олиш у ёқда турсин жаннатнинг умумий ҳидини ҳам ҳидлай олмайди. Яъни жаннатни кўролмайди ҳам.
Бас шундай экан, ҳар бир мўмин мусулмон ўзи билан тинч-тотувликда яшамоқчи бўлган ҳар бир ғайридиннинг ҳурматини жойига қўйиши, унга зинҳор ёмонлик қилмаслиги зарур. Бу Пайғамбаримиз с.а.в.нинг кўрсатмаларидир. Аллоҳ таоло одамни барча мавжудотларининг ичида энг азизу мукаррамми қилиб қўйди.
Ватаннинг ҳимояси учун жонларини фидо қилганларни Аллоҳ таоло Ўз мағфиратига олган бўлсин.
“Лайлатул Қадрдан ҳам афзал бир кеча борлигининг хабар берайинми?! У шундай бир кечаки хавф-хатарли ерда ўзининг аҳлини, ватанини ҳимоялаш учун қўриқлайдиган қўриқбоннинг кечаси”.
“Кимики бир кеча-кундуз Аллоҳ йўлида Ватанини қўриқласа, худди бир ой кундузи рўза ва кечаси ибодат билан ўтказгандай ажрга эга бўлади. Энди Ватанини ҳимоя қилиб қўриқлаётган ҳолида вафот этса, қиёматга қадар унга савоб ёзилиб туради ва қабрдаги азобдан қутиб, жаннатдаги ризқдан ризқланиб туради”.
“Жўйбори Калон” аёл-қизлар ўрта махсус ислом таълим муассасаси ўқув ишлари бўйича директор ўринбосари Ҳуснигул Ҳалимова
Izoh qoldirish