Қиз боланинг балоғатга етиши
Ҳанафий мазҳаби уламоларига кўра, ўғил бола қамарий ҳисобда ўн икки, қиз бола тўққиз ёшга тўлмалгунича балоғатга етган деб ҳукм чиқарилмайди. Яъни, қиз бола тўққиз ёшидан, ўғил бола ўн икки ёшидан кейин балоғатга ета бошлайди. Бу ҳолат ҳар кимда турлича бўлиши мумкин (“Ал-мавсуатул фиқҳия ал-кувайтия”). Бола балоғатга етганидан кейин мукаллаф ҳисобланади. Энди унинг зиммасига шаръий буйруқларни бажариш, қайтариқлардан тийилиш юкланади, қилган ишига ўзи жавобгар бўлади, номаи аъмолига савоблари ҳам, гуноҳлари ҳам ёзилади. عَنْ عَائِشَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهَا عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ أَنَّهُ قَالَ: لاَ يَقْبَلُ اللهُ صَلاَةَ حَائِضٍ إِلاَّ بِخِمَارٍ. رَوَاهُ أَبُو دَاوُدَ وَابْنُ مَاجَهْ وَأَحْمَدُ وَسَنَدُهُ حَسَنٌ. Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинишича, Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай деганлар: “Аллоҳ ҳайз кўриш ёшига етган аёлнинг намозини химорсиз қабул қилмайди” (Абу Довуд, Ибн Можа, Аҳмад ривояти. Ҳадис санади ҳасан).
Химор аёлнинг бошини, бўйнини ёпадиган, елкаларига, орқасига тушиб турадиган ёпинчиқдир. Ҳадисга кўра, ҳайз ёшига етган аёл намозда авратини беркитиши шарт. Шунингдек, ҳайз кўриш қиз бола балоғатга етганидан дарак беради. Аёл балоғатга етса (намоздами, намоздан ташқаридами), юзи, икки кафти, икки қадамидан бошқа барча тана аъзоларини номаҳрамлардан беркитиши вожибдир (Бадриддин Айний Ҳанафий, “Шарҳу сунани аби довуд”). عَنْ عَائِشَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهَا أَنَّ رَسُولَ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: رُفِعَ الْقَلَمُ عَنْ ثَلاَثَةٍ: عَنِ النَّائِمِ حَتَّى يَسْتَيْقِظَ وَعَنِ المُبْتَلَى حَتَّى يَبْرَأَ وَعَنِ الصَّبِيِّ حَتَّى يَكْبُرَ. رَوَاهُ أَبُو دَاوُدَ وَالتِّرْمِذِيُّ وَأَحْمَدُ وَسَنَدُهُ صَحِيحٌ. Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Уч (тоифа)дан қалам кўтарилган. (Булар:) Ухлаётган одамдан то тургунича, ақл-ҳушини йўқотгандан то тузалгунича, ёш боладан то катта бўлгунича”, деганлар (Абу Довуд, Термизий, Аҳмад ривояти. Ҳадис санади саҳиҳ). Бу ердаги “қалам кўтарилиши” мукаллаф эмасликни билдиради. Яъни, ухлаб ётган одам, мажнун, ёш бола қилган ёки тарк этган ишига масъул эмас. Қачон уйқудан уйғонса, ақл-ҳуши жойига келса, ёш бола балоғатга етса, шунда қилмишига гуноҳ ёзилади, шариат талаб этган амалларни бажариши вожиб бўлади. Ёш бола балоғатга етганидан кейин (агар оқил, яъни, ақл-ҳуши жойида бўлса,) фарз, вожиб амалларни бажариши (масалан, кунда беш маҳал намоз ўқиши, рамазон ойи рўзасини тутиши, ҳаж қилиш), ҳаром ишлардан сақланиши шарт. Балоғатга етса, қилган савобли амаллари ҳам, гуноҳлари ҳам ўзининг номаи аъмолига ёзилади, содир этган ишига ўзи жавоб беради, унга нисбатан шаръий жазо қўлланиши мумкин. Унгача мукаллаф эмас. Балоғатга етмасидан аввал ҳам бирон ножўя иш қилиб қўйса, адаб бериш мақсадида енгил тарзда тергаб қўйилади. Ҳанафий мазҳабига биноан қиз болада ҳам, ўғил болада ҳам қамарий йил ҳисоби билан 15 ёшга тўлгунига қадар балоғатга етиш аломатлари кўринмаса ёш билан балоғатга етган бўлади.
Зиёвуддин Раҳимнинг “Ислом ақидаси” китобидан
Жўйбори Калон аёл қизлар ўрта махсус ислом таълим муассасаси ўқитувчиси Х. Дониёрова
Izoh qoldirish