28.12.2021

Жаннатга йўл

Аллоҳ таоло осмон билан бирга ерни яратди ва уни ўзи яратган халққа яъни биз одамизотга мулк қилиб берди. Аллоҳга шукрким, биз учун бизларга беҳисоб неъматларни ато этмоқда. Биз устида юрган шу ер Аллоҳнинг бандаларига берган буюк неъмат ва у биз бандалар учун омонатдир.

     Аммо ҳозирги кунда шу омонатга садоқатдан кўра хиёнатни кўп кўряпмиз. Муқаддас ислом дини ҳам поклик устига бино қилинган, токи қалб пок бўлмас экан, иймон комил бўлмайди. Токи инсон вужуди, атроф-муҳити пок бўлмас экан, энг улуғ фарзлардан бири бўлган намози қабул бўлмайди. 

    Ҳадиси шарифда  пайғамбаримиз Расулуллоҳ  соллаллоҳу алайҳи ва саллам “Поклик иймонннинг ярмидир”,  яна бир ҳадисларида “Аллоҳ-хушҳолдир-хушҳолликни суяди, покдир - покликни суяди, сахийдир-сахийликни суяди, карамлидир карамни суяди. Бас ҳовлиларингизни озода тутинг” деганлар. Ислом дини инсонни қамраб турувчи муҳитнинг озодалигига қай даражада эътиборли эканлиги мукаммал дин эканлигига ёрқин далилдир.Ўтмишга айланиб улгурмаган аммо бандаликни бажо келтирган буюк бир ўзбек ёзувчиси ўзининг ўқувчиларига ва фарзандларига шундай насиҳат қилади: “Ҳеч қачон осмонга тупурма! Осмондан қахрли тупугинг юзингга қайтиб тушади!  Ер меҳрли; тупугинг юзингга сачрамайди, аммо шу ер сени кўтариб юради”. 

Орамизда инсонларнинг ерга тупуришининг  одатга айланганлиги аянчли ҳол албатта. Қарими ёшми бир инсоннинг кўнглини ғаш қилиши ва кайфиятини бузиш учун шундай ҳолатнинг ўзи кифоя. Бизни бағрида кўтариб юрган мана шу замин шаънига қанчадан қанча достонлар шеърлар битилди. У она замин дея тан олинди. Сиз ҳеч қандай ноқулайликсиз юриб бораётган йўллар, кўнглингизни шод этаётган обод кўчалар, балки сизнинг маблағингизга қурилмагандир. Аммо сиз учун, фарзандларингиз, ота-онангиз, келажак авлодингиз учун хизмат қилиб турибди. Аллоҳга шукрким, кўчаларимизнинг ҳар бир бекатда, ҳар бир савдо жойлари ёнида чиқиндилар учун ҳам махсус қутилар мавжуд. Ҳеч қаерда фалон кўчанинг мана шу жойида чиқинди ташлаш ва тупуриш учун махсус чиқиндиҳона бор, ўша ерга бориб чиқиндиларингизни  ташлаб келинг  дейилмаган . Ҳаммаси шундоққина бурнингиз остида. Энди шунга ҳам кўчаларга тупуриб, чиқиндиларни сочиб юрган бўлсак, бунданда кўра эринчоқлик, дангасалик, ношукрлик бўлмаса керак.

          Ўзбекистондек жаннатмакон юртда дунёга келиб ҳаётгузаронлик қилаётган азиз юртдошлар! Кейинги ҳаётда ҳам жаннатда яшашни хоҳлайсизми? Бир киши пайғамбаримиз Расулуллоҳ  салоллоҳу алайҳи васалламга: Эй, Расулуллоҳ! Мени жаннатга киритадиган амалга далолат қилинг”, - деди.

          -“Одамлар йўлидаги озор берувчи нарсани олиб ташла”, дедилар. Пайғамбаримиз шу ишни жаннатга сабаб бўладиган амал деб айтдилар. Лекин, биз инсонлар бу ишни қилишга андиша қиламиз. Қўлимиз кир бўлади, йўлимиз кир бўлса майли, одамлар нима дейди ахир, лекин ўша нарсадан биров озор чекса ҳам майли. Ер юзида қилиб юрган бузғунчи, ҳақиқий айб ишларимиздан ҳаё қилмаймиз, аммо Жаннатга бошлаётган ишни қилишдан ҳаё қиламиз. Чиқиндини олишга ҳаё қиляпмизми уни ташлашга ҳам ҳаё қилайлик.

          Ҳар бир инсон ислоҳ қилишни аввал ўзидан бошласа, кейин ўзгаларга тадбиқ қилса жамият ислоҳоти ривожланади. Азиз юртдошлар! Аллоҳ таоло бизларга берган неъматларга   шукр қилайлик. Умримиз оқар сув каби оқиб кетгувчи бир заволдир, шу қисқа умримизда она заминимизни қадрлаб, қари-ю ёшларни  ҳурмат қилайлик ва уларни дуосини олайлик. Зора биргина ана шу амалларимиз сабаб, Жаннатга кирсак…

 

  Жўйбори Калон” аёл-қизлар ўрта махсус ислом таълим  муассасаси ҳадис фан ўқитувчиси  Маҳфуза Бозорова. 

Izoh qoldirish