25.12.2021

Исломда аёллар ўрни

       Ислом илм маърифат соҳасида аёлларни эркаклар билан тенг ҳуқуқли қилди. Аёл киши нафақат таълим олиш, дарс, хутба ва ваъз эшитишга ҳақли, балки таълим бериш, ўқитиш ва бошқа илмий ишлар билан машғул бўлиш ҳуқуқига ҳам эга. Кўплаб муслима аёллар илм­фан ва маданият соҳасида улкан ютуқларга эришганликлари фикримизнинг далилидир. Бундан ташқари, муслима аёл жамият, сиёсат ва шариат соҳаларида ҳам ўз фикрига эга. Пайғамбар (с.а.в.) даврида ҳам аёллар диний, сиёсий, ижтимоий­иқтисодий соҳаларда у зотга мурожаат қилишган ва ўз фикрларини билдиришган. Исломда муслима аёлнинг тўғри фикрини Аллоҳ таолонинг ўзи ҳам эшитиб, у ҳақда оят туширганлиги маълум ва машҳурдир: «Эй Муҳаммад Аллоҳ сиз билан ўз эри ҳақида баҳслашаётган ва Аллоҳга шикоят қилаётган (аёл)нинг сўзини эшитди» (мужодала сураси 1 оят). Хулоса қилиб айтганда, ислом жамиятда аёлларнинг мақомини кўтарди ва кўп нарсада озодлик берди, уларнинг инсоний фазилатларини таҳқирлашдан, инсоният ақлига тўғри келмайдиган зулмкор фожиалардан халос этди. Жамиятда аёл мақоми қўллаб­қувватланиб, унинг табиий, ижтимоий, иқтисодий ва сиёсий ҳуқуқлари таъминланди.

Ҳозирги замон мусулмон аёли нафақат ижтимоий ҳаётда, балки илм-маърифат, маънавият ва маданият соҳаларида ҳам камолотга эришиш орқали эрига мухлис, солиҳа, вафодор хотин, фарзандларга меҳрибон она, ҳамма ишни эплайдиган уддабурон бўлиши лозим. Шу билан бир қаторда динимиз таълимоти эрларга хотинлари билан ниҳоят даражада хушмуомала, маъруф йўллар асосида ҳаёт кечиришни буюради.

Бизнинг мамлакатимизда ҳам аёлларнинг ўзларига яраша, жисмоний салоҳиятларига мос равишда меҳнат ва касб-ҳунарлар билан шуғулланишлари учун барча шароитлар муҳайё. Аёллар эҳтироми учун алоҳида саналарни “Оила йили”, “Аёллар йили” каби номлар билан аталиб келиши, ҳукуматимиз томонидан ўтказилаётган қатор тадбирларнинг барчасида аёлларимизга алоҳида эҳтиром кўрсатилиб келинаётгани ислом динимиз кўрсатмаларига ҳамоҳангдир.Муқаддас динимиз ва жаннатмакон юртимизда аёллар учун шунчалик эътибор берилган экан бунинг қадрига етайлик. Оналаримизни ва аёлларимизни асраб авайлайлик. Чунки улар келажак авлодларимизни дунёга келтирувчиси ва тарбия қилувчисидир. Зеро фарзандлари соғлом ва баркамол юртнинг келажаги порлоқ бўлади.

 

Жўйбори  Калон аёл-қизлар орта махсус ислом таълим муассасаси маънавият ва маърифат ишлари бўйича директор ўринбосари И.Уста-Алимова

Izoh qoldirish