24.12.2021

Ижтиҳод нима

«Ижтиҳод» «жаҳд» ёки «жуҳд» сўзларидан олинган бўлиб, қайси ишда бўлмасин, бор куч-қувватни сарфлаш маъносини билдиради. Истилоҳда эса, динимиз ҳукмларини билишга бор илмий куч ва салоҳиятни сарфлаш ижтиҳоддир. Аммо бу таърифдан истаган киши ўзидаги бор илмий куч-қувватни сарфлаб, мужтаҳид (ижтиҳод қилувчи) бўлиши мумкин, деган хулоса чиқиб келмаслиги учун айрим уламолар «шаръий ҳукмларни билишга фақиҳнинг бор кучини сарфлаши», деб таърифга «фақиҳ» сўзини қўшимча қилишган. “Фақиҳ”дан мурод мужтаҳиддир. Фосиқ киши мужтаҳид бўла олмайди. Агар фосиқ кимса аҳкомларни ва ҳукм йўлларини билса ҳам, фосиқлиги туфайли унинг сўзи эътиборга олинмайди. Мужтаҳиддан қуйидагиларни мукаммал билиш талаб этилади: 1. Қуръони каримни билиш. Мужтаҳид Аллоҳ таолонинг Китобини яхши билиши шарт. Зеро, Қуръони карим биринчи шаръий манба бўлиб, мужтаҳиднинг унга суяниши вожибдир. Қуръони каримни билиш унинг маъноларини қисқача тушуниш эмас. Мужтаҳид Қуръони каримга доир барча илмларни чуқур билиши ва бу соҳада моҳир бўлиши керак. Аммо Қуръони каримни тўла ёд билиши шарт бўлмайди. 

Мужтаҳид Қуръони карим оятларидан ҳукм чиқаришда зарур оятларни топиш ва уларга мурожаат қилиш йўлларини яхши билиши керак. Қуръони каримни билишда вожиб бўлган илмлар қуйидагилардир: — носих ва мансух ҳақидаги илм, мужтаҳид мансух оятлардан ҳукм чиқармаслиги, балки носих оятлардан ҳукм чиқариши керак; — мутлоқ ва муқайяд оятлар ҳақидаги илм; — оятларнинг тушиш сабабларига доир илм. 2. Суннат илмини билиши. Мужтаҳид пайғамбаримиз Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) суннатларини яхши билиши вожиб. Зеро, суннат Қуръони каримдан кейинги иккинчи манбадир. Суннат илми Қуръони каримда келган ҳукмларни ойдинлаштиради ва батафсил баён қилиб беради. Суннат илмидан хабарсиз киши ҳеч қачон мужтаҳид бўла олмайди. «Ижтиҳод қиламан деган кишига Абу Довуднинг «Сунан»и ёки Имом Бухорий ва Имом Муслимнинг «Саҳиҳ»лари ёхуд олти саҳиҳ китобнинг ўзи кифоя қилмайди, — дейди доктор Муҳаммад Ҳасан Ҳиту. — Тўғри, бу китобларда кўплаб ҳукм ҳадислари жамланган бўлса-да, улар барча аҳком ҳадисларни қамраб олмаган. Баъзи ҳукмларга доир ҳадислар мазкур китобларга кирмай қолган». Мужтаҳид Пайғамбаримиз (алайҳиссалом) суннатларини ўрганиб, қуйидагиларни билиши лозим: — «саҳиҳ», «ҳасан» ва «заиф» ҳадисларни билиши; — ҳадис ровийларининг тарихини билиши. Бу нарса «саҳиҳ» ҳадисларни «заиф» ҳадислардан ажратиш, мақбул ҳадисларни рад этилганларидан фарқлашда зарур бўлади;  - носих ва мансух ҳадисларни билиши. Агар буларни билмаса, нотўғри ҳукм чиқариши мумкин. 3. Мужтаҳид ижмоъ ўринларини билишда мутахассис бўлиши керак. - Мужтаҳид бўлишга интилган шахс уламолар ижмоъи, яъни якдиллиги ўринларини билиши, уларга хилоф иш тутмаслиги зарур. Мужтаҳид араб тили қоидаларини, маъоний ва баён илмларини билиши керак. Чунки Қуръони карим ва ҳадислар араб тилидадир. Мазкурлар араб тили қоидалари, яъни, сарф ва наҳв, балоғат йўллари билан фаҳмланади ва билинади. Усулул фиқҳ олими, доктор Муҳаммад Ҳасан Ҳиту бундай дейди: «Ким араб тилини билмаса, у туя игнанинг тешигидан ўтганида ҳам, яъни, ҳеч қачон) мужтаҳид бўла олмайди». Айрим олимлар мужтаҳид шариат мақсадларини мукаммал билишини ҳам ижтиҳод шартлари сирасига киритишган. Чунки Қуръони карим ва суннатни яхши тушуниш ва уларни воқеликка татбиқ этиш шариат мақсадларини билишга боғлиқдир. Шундай экан, ким бир ҳукмдан шаръий далил чиқармоқчи бўлса, шариат сирлари ва унинг умумий мақсадларини билиши вожибдир.

 Жўйбор Калон аёл қизлар ўрта махсус ислом таълим муассасаси ўқитувчиси Х. Дониёрова

Izoh qoldirish