ИСЛОМ ДИНИ ВА ТАБИАТ
Ислом динининг атроф-муҳитга ўсимлик ва табиатга қандай муомалада бўлиши лозимлиги ҳақидаги оят ва ҳадислар бисёр. Аллоҳ таоло Ўзининг оятида яъни: “У шундай зотки, сизлар учун ердаги барча нарсаларни яратди. Сўнгра само сари турди-да, уни етти осмондан иборат қилиб қўйди. У барча нарсани билгувчи доно Зотдир”, - деб марҳамат қилди. (Бақара сураси 29-оят). Дунёдаги барча нарсалар инсон манфаати учун яратилганлиги шу оятдан маълум бўлади. Тупроқ, сув, ҳаво ва бошқа нарсаларни тоза тутиш ва уларни ифлослантирувчи ва зарар берувчи нарсалардан сақлаш динимизнинг амридир. Бўш ерларга мевали ва манзарали дарахтлар экиб, Ватанимизни янада кўкаламзор қилиш барчамизнинг бурчимиз ҳисобланади. Биз ўтқазган кўчатлар ва ўсимликлар доимо Аллоҳга тасбеҳ айтиб туради. Бунга Қуръони каримдаги жуда кўп оятлар далолат қилади. Яъни: “Осмонлардаги ва ердаги бор нарса подшоҳ пок, қудрат ва ҳикмат соҳиби бўлмиш Аллоҳга тасбеҳ айтур”, деб марҳамат қилди. (Жумъа сураси 1-оят). Уларнинг айтган тасбеҳ ва зикрлари уларни эккан ва парвариш қилган кишиларнинг номаи аъмолига ёзилади. Атроф-муҳитга қўпол муносабатда бўлишни динимиз ман қилади. Бу ҳақида кўплаб оят ва ҳадислар бор. Яъни: “Олдингиздан кетганида ерда фитна-фасод, экин ва наслни ҳалок қилиш ишлари билан юради. Аллоҳ эса фасодни (бузғунчиликни) ёқтирмайди”, деб марҳамат қилди. (Бақара сураси 205-оят).Экин ва ўсимликларни пайҳон қилиш, жонивор ва ҳайвонларни бекордан-бекор ўлдириш шу оятда бузғунчилик ва фасод эканлиги уқтирилмоқда. Атроф-муҳитни тоза сақлаш ҳам бизнинг бурчимиз ҳисобланади. Чунки Қуръони карим оятларида ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муборак ҳадисларида жуда кўп марта поклик ва тозаликка ундовчи буйруқлар келган. Муоз ибн Жабал розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар: “Учта жойга сув ўзанларига, йўлларнинг кесишган жойига, соя-салқин ерларга ахлат ташлашдан сақланинглар чунки бундай жойларга ахлат ташлаган киши одамларнинг лаънатига мустаҳиқ бўлади”, деб марҳамат қилдилар. Бундан ташқари Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам сувларни ифлослантиришни ҳам манъ қилганлар. Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қиладилар: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам оқмайдиган кўлмак сувга бавл қилишдан қайтарганлар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сувга бавл қилишни таъқиқлашдан мақсадлари, сувни ифлослантиришнинг олдини олиш эди. Шунинг учун сувни ифлослантирувчи бошқа сабаблар ҳам шу ҳадисга мувофиқ таъқиқланади. Аллоҳ барчамизни Ўзи тўғри йўлдан адаштирмасин!
Бухоро шаҳар "Хўжа Абдуллоҳ Сафедмўй" жомеъ масжид
имом-хатиби Рўзиев Абдуғани
Izoh qoldirish