10.12.2021

Ватанимиз тинчлиги ва осойишталигига кўз тегмасин

          

            Юртимизга тинчлик ва баданимизга сиҳҳат неъматларини берган Аллоҳ Ҳақ субҳанаҳу ва таолога беадад ҳамду санолар бўлсин. Агар бошимизга озгина мушкиллик тушган бўлса ёки баданимизга бироз иллат пайдо бўлган бўлса ҳам, бу кунимиздан янада ёмонроқ ҳолат бермаганига Ўзига шукроналар қиламиз, чунки бизлардан кўра дунёда қанча-қанча инсонлар борки ҳоли хароб, сиҳҳати хуноб бўлиб юрибди. Расулуллоҳ с.а.в. айтганларидек: “Кимики эрталаб дунёдан хафа бўлиб уйғонса, Аллоҳнинг ғазабида уйғонибди. Кимики эрталаб озгина қийинчиликларга ношукрлик қилиб турса, ношукрчилиги Аллоҳга етади”. Парвардигоримиз Ўзининг китобида шундай марҳамат қилади: “Роббингизнинг (бу сўзлар)ни эсланг: “Қасамки, агар (берган неъматларимга) шукр қилсангиз, албатта, (уларни янада) зиёда қилурман. Борди-ю ношукрчилик қилсангиз, албатта, азобим (ҳам) жуда қаттиқдир” “Аллоҳ таолонинг неъматларидан икки неъмати борки, кўпчилик одамлар унинг қадрига етмайдилар. У сиҳат-саломатлик ва хотиржамликдир” " Кишининг уйига, оиласи, бола-чақасига биров хавф солмаса, тинч-хотиржам бўлса, соғ-саломат бўлса, дарди йўқ бўлса, ейдиган таоми бўлса, бундай одам ниҳоятда улуғ бир бахт-саодатга эришган бўлар экан. Учта улуғ неъмат зикр қилинмоқда: тинчлик-омонлик, соғ-саломатлик ва етарли таом. Пайғамбаримиз с.а.в. инсонни бу дунёдаги энг яхши ҳолати мана шу уч нарсага эга бўлишлиги демоқдалар. Шу нарсаларга эришган одам “аҳволим ниҳоятда яхши” деб шукр қилиб юрса арзийди. Агар бундай қилмасак ношукрчилик қилган бўламиз. ». “Ким одамларга шукр қилмаса, Аллоҳ таолога ҳам шукр қилмайди” Ҳар бир инсоннинг киндик қони тўкилган ери бу унинг жонажон Ватани бўлади ва у жой жуда қадрли ва қимматли даргоҳ бўлади. Пайғамбаримиз с.а.в. Мадинаи мунавварага ҳижрат қилиб борганларидан сўнг туғилиб ўсган ватанлари Маккаи мукаррамани эслаб: “Агар қавмим мени Маккадан чиқиб кетишга мажбур қилмаганида, ҳечам ўз ихтиёрим билан уни ташлаб кетмаган бўлар эдим”, деганлар. Демак, ватанни севиш, туғилиб ўсган ердаги бор нарсаларни ардоқлаш, узоққа борилганда соғиниб яшаш ҳар бир кишида мавжуд бўлган нозик ҳис-туйғулардир. Тинч ватаннинг аҳолисини хотиржамлигини кўролмайдиган кимсалар ҳақида Худои таоло Ўзининг китоби Қуръони каримда дейди: “Албатта иймон келтирган кишилар ўртасида бузуқликлар ёйилишини истайдиган кимсалар учун дунёда ҳам, охиратда ҳам аламли азоб бордир” Аммо, динимиз Ислом дини инсониятга зарар етишига мутлақо қаршидир. Ислом Аллоҳ таоло томонидан инсоният бахт-саодатини таъминлаш учун жорий қилинган диндир. Ислом дини Аллоҳ таоло томонидан инсониятнинг ҳаётини, ақлини, динини, наслини, молу мулкини муҳофаза қилиш мақсадида жорий қилинган диндир. Бас шундай экан, ҳар бир мўмин мусулмон ўзи билан тинч-тотувликда яшамоқчи бўлган ҳар бир ғайридиннинг ҳурматини жойига қўйиши, унга зинҳор ёмонлик қилмаслиги зарур. Бу Пайғамбаримиз с.а.в.нинг кўрсатмаларидир. Аллоҳ таоло одамни барча мавжудотларининг ичида энг азизу мукаррамми қилиб қўйди. Пайғамбаримиз с.а.в. ҳажжатул вадоъда ташриқ кунларининг бирида хутба қилиб дедилар: “Эй Одамлар! Албатта, сизнинг Роббингиз бирдир. Албатта, сизнинг отангиз бирдир. Ҳаммангиз Одамдансиз. Одам тупроқдандир. Албатта, ҳузурида мукаррамроғингиз тақводорроғингиздир. Арабнинг ажамдан ҳеч қандай фазли йўқ, қора танли қизил танлидан, қизил танли қора танлидан ҳеч қандай ортиқчалиги йўқ фақат афзаллиги Худотарслигидадир. Тушундингизларми?” Саҳобалар дедилар: “Ҳа, Эй Расулуллоҳ”. “Умматимдан қайси бири умматимга қарши чиқса, унинг яхшиси ва ёмонини фарқига бормаса, умматимнинг мўминига зиён тегишидан ўзини тиймаса, берган ваъдасига вафо қилмаса, у менинг умматим эмас” “Лайлатул Қадрдан ҳам афзал бир кеча борлигининг хабар берайинми?! У шундай бир кечаки хавф-хатарли ерда ўзининг аҳлини, ватанини ҳимоялаш учун қўриқлайдиган қўриқбоннинг кечаси” ».

            “Кимики бир кеча-кундуз Аллоҳ йўлида Ватанини қўриқласа, худди бир ой кундузи рўза ва кечаси ибодат билан ўтказгандай ажрга эга бўлади. Энди Ватанини ҳимоя қилиб қўриқлаётган ҳолида вафот этса, қиёматга қадар унга савоб ёзилиб туради ва қабрдаги азобдан қутиб, жаннатдаги ризқдан ризқланиб туради”. Ватанимизнинг тинчлиги учун хизматда бўлган барча мутасаддиларни, ватан посбонларини Аллоҳ ўз панохида сақласин. Ватанимиз тинчлиги ва осойишталигига кўз тегмасин.

 “Жўйбори Калон” аёл-қизлар ўрта махсус ислом таълим муассасаси ўқув ишлари бўйича директор ўринбосари Ҳуснигул Ҳалимова

Izoh qoldirish