07.12.2021

ГЎЗАЛ ХУЛҚ

Маълумки, Ислом дини инсониятни гўзал хулқу одобга чорлаш, уларни инсоний фазилатлар эгаси қилиб тарбиялаш учун нозил қилинган бўлиб, унинг таълимоти инсоният ҳаётининг барча жабҳаларини қамраб олгандир. Динимизнинг ҳаётбахш ва ўлмас қадриятлари мана ўн беш асрдирки, ҳамон бутун башарият назарида ҳурмат ва эътиборга сазовор бўлиб келмоқда. Биринчи навбатда, биз уммати Муҳаммадияни ўз динимизга бўлган муҳаббатимизни янада зиёда бўлишига сабаб бўлса, иккинчидан, унинг таълимотларига чин ихлос билан амал қилмоқликка ундайди.

«(Эй, имон келтирганлар!) Сизлар учун – Аллоҳ ва охират кунидан умидвор бўлган ҳамда Аллоҳни кўп ёд қилган кишилар учун Аллоҳнинг пайғамбарида гўзал намуна бордир» (Аҳзоб сураси, 21-оят) деб, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламни барча мўмин мусулмонларга намуна бўлишга энг лойиқ зот эканликларини баён қилган.

Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг дуоларини олиб хизмат қилган Анас ибн Молик розияллоҳу анҳу, У зотнинг тавозеликларини эслаб:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга ўн йил хизмат қилдим. Лекин, менга бирор марта ҳам «Уф» демадилар. Шунингдек, бирор нарса қилсам «нима учун уни қилдинг?», демаганлар, агар бирор ишни қилмасам «нимага буни қилмадинг?», деб айтмаганлар» – деганлар.

Демак, Он ҳазратлари ҳеч қачон бирор кимсага қўрс ва дағал муомала қилмаганлар. Ширин сўзлик ва мулойимлик билан муомала қилганлари учун ҳам, инсонлар У зотга эргашар, хизматларини қилишга ошиқишар эди.

«Пайғамбар бўлиб келишимнинг асосий боиси гўзал ахлоқни тамомига етказишдан иборатдир» – деган сўзларида Ислом динининг асл моҳияти ифодалаб берилгандир. Шундай экан, Аллоҳ таолонинг ризосини истаган, дунё ва охиратининг фаровонлигини хоҳлаган ҳар бир мўмин-мусулмон киши Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламни ўзи учун ибрат қилиб олмоғи лозим.

“Қандай бўлсанг – шундай кўрин,
қандай кўринсанг – шундай бўл!”
Мазкур шиор ҳар бир хонадон пештоқига
ёзиб қўйилгани маъқулдир?

Мавлоно Румий ҳазратлари ёзганларким: “Иймон недир?” дея сўрадим. У қалб қулоғига эгилиб: “иймон одобдан иборатдир”, дея шивирлади”.

Яна ёзмиш эдиларким: “Менинг бу байтим байт эмас, маъно жаҳонидир. Латифам ҳам латифа эмас, тарбиядир. Қиссаларим ҳам оддий сўзлар йиғиндиси эмас, таълимдир. Яширин бўлган нарсаларни изоҳ ва идрок эттириш учундир”.

Аллоҳ таоло барчаларимизни гўзал хулқ соҳиби бўлмоқлигимизни насиб қилсин!

Юнусхон Умаров,
 Косонсой туман “Аълохон махдум” жоме
масжиди имом ноиби

Izoh qoldirish