06.12.2021
Тафриқанинг зарарлари
Аллоҳ таоло инсонларни бир ота ва бир онадан пайдо қилиб, уларни Ер юзи бўйлаб турли хил миллат ва элатлар шаклида тарқатиб юборди. Қайсидир жамоа оқ рангли, бошқаси сариқ ва яна бошқаси қора. Қабилалар ер юзиннг турли жойларида яшаб, ўзгача урф одатлар, ҳар хил тилларда, шеваларда гапира бошлашди.
Инсонларнинг бу каби хилма-хиллиги фитрий бўлиб, Аллоҳ таоло уни илоҳий ҳикмат ила жорий қилди. Яъни, бу бўлиниш ажралиш учун эмас балки, бирлашиш ва ўзаро яқинлашиш учун эканлигини Қуръони каримда баён қилди:
“Эй одамлар! Биз сизларни бир эркак ва аёлдан яратдик ва сизларни ўзаро танишишингиз учун халқлар ва қабилалар қилиб қўйдик.”[1]
Демак, бизларнинг аслимиз бир; ҳаммамиз Одам Ато ва Момо Ҳаводан тарқалганмиз. Ундай бўлса одамизод бирга ўзаро меҳрибонлик билан бир бири билан дўст ҳолда яшаши керак. Агар башарият бирлашса, уни эътиқодидан ҳеч нарса қайтаролмайди, чунки ўзаро бирдамлик бир катта кучдир. Аммо буни билган шайтон алайҳи лаъна инсонлар орасида ҳасад, адоват, бир бирини кўролмаслик уруғини сепиб туради. Бунга сабаб: душманнинг рақиби тарқоқ бўлса енгиш осон бўлади.
Миллатнинг бойлиги ҳам уларнинг аҳл тотувлиги ҳам уларнинг бирлиги ва ўзаро дўстлигининг самарасидир. Аллоҳ таоло бандалари учун танлаган ва Ўзи рози бўлган дин – Исломнинг буюклиги ва азамати ҳам шундаки, у барчани бирлашишга чақиради, бўлиниш ва ихтилофлашишдан қайтаради.
Имом Байҳақийкелтирган ҳадисда: Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи вассаллам:
“Жамоат билан бирга бўлинглар. Ўзаро бўлиниб қолишдан эҳтиёт бўлинглар. Албатта, шайтон ёлғиз киши биландир. У икки кишидан узоқроқ бўлади. Ким жаннатнинг қоқ ўртасини ирода қилса, доимо жамоат билан бирга бўлсин”, дедилар.
Умуман, одамлар билан бирга бўлиш, жамоани лозим тутиш инсоннинг кўплаб руҳий ва нафсий касалликларига ҳам даво бўлар экан. Кўпчиликка қўшилиб юрган одам ўзининг ғам-ташвишларини бирозга бўлса-да унутади. Салбий фикрлар уни тарк этади. Қариндош-уруғ, ёру дўстлар билан дилдан суҳбатлашиш кишининг баҳри дилини очади, кўнгил чигалликларини ёзади. Шайтон ҳам якка-ёлғиз одамни кўпроқ васваса қилади. Одамларга аралашиб юрган кишиларни васваса қилолмайди.
Ихтилофлашиш, фирқаланиш ва бўлиниш қайси умматда содир бўлса ўша умматнинг ҳайбати кетади, куч-қудрати заволга юз тутади. Шунинг учун ҳам Аллоҳ таоло низолашишдан, ихтилофлашишдан қайтариб:
“Ва Аллоҳ ҳамда Унинг Пайғамбарига итоат қилингиз ва (ўзаро) талашиб-тортишмангизки, у ҳолда сустлашиб, куч-қувватингиз кетар”[2], деди.
Шайх Муҳаммад Саъид Рамазон Бутий роҳматуллоҳи алайҳ сўзларини эслайлик: Эй Аллоҳнинг бандалари, Аллоҳ азза ва жалла динининг тушишига сабаб бўлган бирлашишнинг манфаат чегарасини билиб олайлик.
Қаерда бўлмасин мусулмонларни Ислом номи билан бирлашиб аҳил яшаётганларини кўрсангизлар, билинки улар исломга мувофиқ тўғри ҳидоят йўлида кетаябдилар.
Қаерда бўлмасин уларни Ислом номи билан бир-бирлари ила келиша олмай бўлиниб юрганларини кўрсангизлар, билингки улар Исломни танимай йўлдан адашиб юрибдилар. Чунки ҳақиқий Исломнинг биринчи фойдаси миллатни бирлаштириб фитна сабабларини йўқотишдир.
Ҳозирги кунда беҳуда гап сўзларни кўпайтирадиганлар кўпайиб қолди. Интернетнинг ижтимоий тармоқларида давлатимиздаги диний ислоҳотлар кўролмайдиганлар. У гапни баҳона қилиб, бу гапни баҳона қилиб диний уламоларимизни, бошқа аҳли илмларни танқид қилишмоқда. Тинч ибодат қилиб юрган мусулмонлар орасида фитна солишмоқда. Баъзи нодонлар бу фитналарга ишонишиб, бошқа мусулмонларга тарқатишмоқда.
Шайхул ислом, Муфтий Муҳаммад Тақий Усмоний ҳафизаҳуллоҳ айтадилар: Барча одамлар бирдамлик ва иттифоқ учун ҳаракат қилаётган бўлсалар-да, нега бирдамлик барпо бўлмаяпти? деган муаммони Ҳазрат Ҳожи Имдодуллоҳ Маккий раҳматуллоҳи алайҳ ҳал қилиб берганлар.
Бу саволнинг жавобида ҳакимона гап айтганлар: Мен даъво қилиб айтаманки, агар биз қуйидаги нарсани яхшилаб ўзлаштириб олсак, жамиятимиздаги барча жанжаллар ва тортишувлар барҳам топади.
“Бирдамлик ва иттифоқнинг асосий йўли шуки, ўзингизда икки нарсани пайдо қилинг. Агар бу икки нарса пайдо бўлса, у ҳолда иттифоқ пайдо бўлади ва агар у иккисидан бири бўлса ва иккинчиси йўқолса, хеч қачон иттифоқ пайдо бўлмайди. У икки нарсанинг бири, тавозеъ. Иккинчиси, “мен ўзимнинг роҳатимни қурбон қилиб юборайин ва мусулмон биродаримга роҳат етказайин”, деган фикр.
Аллоҳ таоло барчаларимизни соф иймону эътиқодда ибодат қилишимизни, барча мусулмонлар бирлашиб иттифоқ бўлиш яшашимизни ва меҳр-оқибатда ҳаёт кечирмоғимизга муяссар айлаб, тафриқага берилишимиздан ўзи асрасин. Омин!
[1] Ҳужурот( 13)
[2] Анфол ( 46)
Жўйбор Калон аёл қизлар ўрта махсус ислом таълим муассасаси мударриси Ж. Мавлонов
Izoh qoldirish