03.12.2021

Раддия /Истинжо

          “Истинжо” – “нажосатни кетказиш”, дегани. Истинжо олд ва орқа авратлардан нажосат чиққанда қилинади. Уйқу ва ел чиқиши сабабли истинжо қилинмайди. Истинжо тош, кесак, махсус қоғоз ва шунга ўхшаш нарсалар билан қилинади ва унда маълум бир адад белгилаб қўйилмаган, поклик ҳосил бўлса бас. Суяк, шиша, тезак, пишиқ ғишт каби нарсалар билан истинжо қилинмайди.

          Фуқаҳоларимиз истинжонинг ҳукми борасида шундай деганлар: “Истинжонинг ҳукми ҳолатга қараб беш хил бўлади: 
1.  Жунублик, ҳайз ва нифосдан покланиш учун ғусл қилаётганда бадандаги нажосатни ювиш вожиб;
2.  Олд ва орқа авратдан чиққан нажосат атрофидаги пок жойга тарқалган ва у кўп бўлса, истинжодан кейин ювиш вожиб. (Кўплик миқдори қуюқ нажосатларда 4,25 гр. билан, суюқ нажосатларда танга кенглиги миқдори билан белгиланади);
3.  Нажосат чиққан жойидан атрофга тарқалмаган бўлса, истинжодан кейин уни ювиш суннат;
4.  Фақат пешоб қилганда жинсий аъзосини ювиш мустаҳаб; 
5.  Ел чиққанда олд ва орқа авратларни ювиш бидъатдир (яъни, мумкин эмас)” (манба: “Ал-Ихтиёр” китоби).
Юқоридаги биринчи ва иккинчи ҳолатларда сув билан ювмасдан таҳорат қилиш мумкин эмас. Учинчи ва тўртинчи ҳолатларда эса фақат истинжо билан кифояланиш ҳам мумкин, сув билан ювиш шарт бўлмайди балки афзал бўлади.

                                                                            Жўйбор Калон аёл қизлар ўрта махсус ислом таълим муассасаси ўқитувчиси Х. Дониёрова
 

Izoh qoldirish