02.12.2021

2 декабрь – Халқаро қулликка қарши кураш куни

1949 йил 2 декабрь куни БМТ Бош Ассамблеяси «Одам савдосига ва учинчи шахслар томонидан танфурушликдан фойдаланишга қарши кураш тўғрисида»ги конвенцияни қабул қилди. Ўшандан бери 2 декабр халқаро миқёсда одам савдосига қарши кураш куни сифатида нишонланади.

БМТ маълумотига кўра, дунёда ҳар йили тахминан 5 миллион киши одам савдоси қурбонига айланмоқда. Одам савдоси қурбонлари ва ундан жабр кўраётганлар бугун 50 миллион киши атрофида деб тахмин қилинади.

Бир замонлар одам савдоси ва қуллик ошкора тарзда олиб борилган бўлса, ҳозир бу иш яширинча жиноий гуруҳлар томонидан амалга ошириляпти. Аксарият ҳолларда одам савдоси қурбонлари ва фоҳишаликка мажбурланаётган аёллар меҳнат муҳожирлари бўлмоқда.

Энг ёмони, одам савдоси ва аёлларни фоҳишаликка мажбурлаш жиноятлари дунёнинг нотинч ҳудудлари билан биргаликда ривожланган давлатларда ҳам рўй бермоқда. Ўз юртидан бегона юртларга иш излаб борган инсонлар ўзга муҳитда одам савдоси қурбонига айланиб, оғир вазиятларга тушиб қолмоқда. Эркаклар оғир ишларга, аёллар эса фоҳишалик қилишга мажбурланмоқда.

Ҳар йили дунё бўйлаб миллионлаб аёллар ва болалар алдов йўли билан хорижий мамлакатларга олиб кетилиб, сотиб юборилмоқда.  Бундай инсонлар айрим ҳолларда ички аъзолар олди-сотдиси билан шуғулланувчи халқаро жиноий тўдалар қўлига тушиб қурбон бўлмоқда.

Халқаро меҳнат ташкилотининг ҳисоботига кўра бугун одам савдоси ортидан олинаётган даромад йилига 150 миллиард долларни ташкил этмоқда.  Бу маблағнинг 100 миллиард долларга яқини аёлларни фоҳишаликка мажбурлаш ортидан ишлаб топилади. Қолган маблағ эса одамларни саноат, қурилиш ва қишлоқ хўжалигида қул қилиб ишлатиш ортидан даромад қилинади.

Ислом дини келганда, дунёда қулчилик авжига чиққан эди. Ислом қулчиликка қарши биринчи бўлиб бош кўтарди. Инсонлар озод бўлишлари учун у барча чораларни кўрди. Турли йўллар билан мусулмонларни қул озод қилишга даъват этди. Ким бир қулни озод этса, дўзахдан паноҳ топишини эълон қилди. Каффорот учун, гуноҳни ювиш учун қул озод этишни, ўзида бўлмаса, сотиб олиб, озод этишни шарт қилиб қўйди.

Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзлари олтмиш учта қул озод қилганлар. Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг завжаи мутаҳҳараларидан бири Оиша онамиз розияллоҳу анҳо олтмиш еттита қул озод этганлар.

Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг амакилари Аббос ибн Абдулмуттолиб етмишта, саҳобаларидан Ҳаким ибн Ҳизом розияллоҳу анҳу юзта, Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳу мингта, Зул Кулў Ҳумайрий розияллоҳу анҳу саккиз мингта, Абдурраҳмон ибн Авф розияллоҳу анҳу ўттиз мингта қулни озод қилганлар.

Ҳазрати Абу Бакр ва ҳазрати Усмон розияллоҳу анҳулар томонидан озод қилинган қуллар ниҳоятда кўплигидан, тарихчиларимиз уларнинг сонини аниқлай олмаганлар.

Бу амал мусулмонлар орасида кенг тарқалди. Эски қулларни озод қилиш йўлга қўйилди. Шу билан бирга, Ислом ҳур одамларни қул қилишни тақиқлади”.

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф раҳимаҳуллоҳ

 

Ёшлар билан ишлаш маънавият ва маърифат бўлими

бошлиғи Дилшод Насиров тайёрлади

 

Izoh qoldirish