02.12.2021

САЙФИДДИН БОХАРЗИЙНИНГ МАЪНАВИЙ МЕРОСИДА АХЛОҚИЙ ВА МАЪНАВИЙ ФАЗИЛАТЛАР

САЙФИДДИН БОХАРЗИЙНИНГ МАЪНАВИЙ МЕРОСИДА АХЛОҚИЙ ВА МАЪНАВИЙ ФАЗИЛАТЛАР 

         Президентимиз Ш.М.Мирзиёев ўзларининг ҳар бир маърузаларида сўзлаган нутқларида мамлакатимиз, жамиятимизни демократлаштириш ва янгилаш йўлидаги ҳаракатларимизни янги босқичга олиб чиқишга маънавият ва маърифат соҳасига эътиборни кучайтириш, шахсни камол топтиришнинг узлуксиз бир тизим асосида иш олиб боришни таъкидлаш билан бирга “Бу тизим асосида маънавият, ахлоқ-одоб, маърифат каби ўлмас қадриятлар турмоғи керак”, деган фикрларни таъкидлаб ўтадилар. Ҳақиқатдан ҳам, бугунги глалабаллашув жараёнида шахс камолотининг шаклланиши ва ҳозирги замон цивилизациясининг тақдири, ижтимоий ҳаётнинг ривожланиши билан боғлиқ. Чунки жамиятнинг ривожланишида шахснинг таълим-тарбия, маънавий онгининг шаклаланганлиги, ақл-идроки, тарбияси муҳим ўрин эгаллайди.

Дарҳақиқат, таълим-тарбия, ахлоқ-одоб онг маҳсули бўлиб ҳар бир шахснинг мустақил фикрлашини унинг ривожланишини белгилайди. Шахс-жамият-давлат ўртасидаги муносабатни шакллантиради.

Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, ўқувчи ёшларда ахлоқий-эстетик идеалини шакллантириш ҳар бир даврда жамиятнинг асосий вазифаси бўлиб келган. Чунки, ахлоқий пок шахси гўзал бўлган халқнинг маънавияти ҳам юксак ҳисобланган. Шуни ҳам эътироф этиш жоизки, ўзбек халқи азалдан ўзининг маънавияти ва маданияти билан жаҳонга машҳурдир. Хожа аҳмад яссавий, Баҳоуддин Нақшбанд, Нажмиддин Кубро, Алишер Навоий, Сайфиддин Бохарзий каби Ўрта Осиё мутафаккирлари халқимизнинг маданиятини ривожлантиришга, маънавиятини бойитишга улкан ҳисса қўшганлар. Улар ўзларининг ёзган асарларида инсонни орифлик, фозиллик, комиллик даражасига етказишнинг мақсад ва вазифаларини аниқ кўрсатиб берганлар. Буюк аждодларимизнинг бебаҳо асарлари маънавиятимизнинг асоси ва ўқувчи ёшларда ахлоқий эстетик идеални шакллантиришнинг негизи ҳисобланади.

“...Файласуфларнинг хулқ атвори, ахлоқи ҳам ўз касбига лойиқ бўлиши керак. Шунингдек, у, ўз халқининг раъйини ва ўз халқида бўлган энг яхши урф-одатларни қаттиқ тутган бўлиши керак”. Оламнинг сир-асрорларини очиш, табиий-тарихий, маънавий жараёнлар тубида ётган, моҳиятлар, қонуниятлар дунёсини кашф этиш мазмунан энг бой тушунчалар билан иш қилувчи, фалсафа илмигина берилган.

Ҳар бир халқ, жамият, давр ҳамиша ўз қиёфасига монанд фалсафий қарашлар тизимини яратган. Марказий Осиё ижтимоий-фалсафий фикри, халқимиз якдиллигининг тимсоли сифатида асрлар минг йиллар давомида муштараклик нашидасини сурган, шу туфайли ҳам, у умумжаҳон тафаккур хазинасига бебаҳо улуш қўшган:

Қадимий Турозамин халқлари Хоразмий, Фарғоний, Фаробий, Беруний, Ибн Сино, Қозизода Румий, Улуғбек, Кошифий, Али Қушчи, Муҳаммад Ҳайдар Дўғлот, Қодиргали Жалоирий, Имом ал-Бухорий, ат-Термизий, Аҳмад Яссавий, Абдухолиқ Ғиждувоний, Баҳоуддин Нақшбанд, Аҳмад Югнакий, Маҳмуд Қошғарий, Юсуф Хос Хожиб, Маҳмуд Чағминай, Жалолиддин Румий, Абдураҳмон Жомий,Алишер Навоий, Заҳириддин Бобур, Бобораҳим Машраб, Махтумқули, Чўқон Валихонов, Абай Қўқонбоев, Аҳмад Дониш, Бердах, Тоқтогул Сотилғонов, Фурқат, Муқимий, Беҳбудий, Ҳамза, Абдулла Қодирий, Чўлпон, Фитрат[1] ва бошқа умумий маънавий аждодларининг табаррук номлари билан ҳақли равишда бирдай фахрланадилар.

Минг афсуслар бўлсинки, буюк мутафаккирларимизнинг бой мерослари ўз юртларида йиллар давомида унитилиб боришга мажбур қилинди.

Ана шундай ўрганилмай қолган мутафаккир файласуф, кубравия тариқати йўлида кўплаб буюк ишларни амалга оширган аллома Сайфиддин Бохарзийдир. 

Нажмиддин Кубро томонидан асос солинган кубравия тариқати ва унга илгари сурилган инсоннинг одоб-ахлоқи, ва ахлоқий фазилатларни эгаллаш тўғрисидаги қарашлари шубҳасиз, Сайфиддин Бохарзийнинг одоб-ахлоқ тўрисидаги қарашларининг шаклланишига асос бўлди. Бохарзий яратган бой маънавий меросида инсон фалсафасининг таркибий қисмларидан бири бўлган инсоннинг руҳий маънавий олами асосий ўринни эгаллайди. Унинг инсонни камолотга эришиш йўлларига оид қарашларининг шаклланишида бевосила ўзининг таъсирини кўрсатди.

ﺟﺎن در ﺗﻦ ﻣﺮد ﺑ ﯽادب ﻟﺮزاﻧﺴﺖ

 ﮔﺮ زر ﺑﺪﻫﯽ ادب ﺧﺮي ارزان اﺳﺖ

 از ﺑ ﯽادﺑ ﯽ ﮐﺴﯽ ﺑﻪ ﺟﺎﯾﯽ ﻧﺮﺳﯿﺪ

[2] ﺣﻘﺎ ﮐﻪ ادب ﺗﺎج ﺳﺮ ﻣﺮداﻧﺴﺖ

Жон дар тани марди беадаб ларзон аст,

Гар зар  бидиҳи адаб хари арзон аст. 

Аз беадаби касе ба жойи нарасид,

Ҳаққо, ки адаб тожи сари мардум аст.

(Мусо ҳақида)

Адаб инсон бошидаги тож 

Адабсиз кишининг танасида жон(руҳ)  ларзададир,

Адаб учун зар бериб сотиб олмоқчи бўлсанг ҳам арзондир, 

(яъни зардан кўра қимматлидир).

Одобсизликдан киши бирор жойга ета олмайди,

Ҳақдирки, айтсак адаб инсон бошидаги тождир.

Ушбу рубоийда Бохарзий одоб, ахлоқ каби терминларга изоҳ бериб бу мисраларда одобнинг инсон учун қай даражада керакли нарса эканлигини таъкидлаб ўтмоқда. “Одоб” сўзи араб тилидан олинган бўлиб, “адаб” сўзининг кўплигидир. Бу мисралар орқали Сайфиддин Бохарзий ҳақиқий комил инсон деганда одобли кишини назарда тутган. Одобсизнинг танасида руҳ қафасга киргандай ларзага тушади, безовта бўлади, азоб чекади. Бундай одам кўриниши билан, зоҳиран одамларга ўхшаса ҳам мазмунан ҳайвон каби бўлади. Фалсафа фанининг марказида ҳам ахлоқ-одоб масалалари биринчи ўринни эгаллаганлиги каби, Бохарзий асарларида ҳам одоб-ахлоқ масалалари биринчи ўринда турадиҲамма замонларда жамиятнинг равнақи, тинчлиги ва осойишталиги, фаровон ҳаёти эришишда одоб-ахлоқнинг жамият ҳаётидаги тутган ўрни алоҳида аҳамият касб этса, ислом фалсафасида ҳам, инсоният истиқболи комил инсонни шакллантириш орқали юзага келади, ахлоқ-одоб эса инсон тафаккурининг ажралмас таркибий қисми ҳисобланади. Шахснинг ўз-ўзини англаш жараёнида унинг одоб-ахлоқи шаклланади ва бу шаклланиш жараёни ўзи яшаб турган жойга мансуб бўлган маданиятнинг ўрни ниҳоятда катта. Зеро, айнан маданият халқ, миллат тўплаган тажриба, билимларни ўзида мужассамлаштирган ҳолда шахс дунёқараши шаклланишига фаол таъсир ўтказади. Шунинг учун ҳам шахс маданияти, хулқу одоби, онги, ўз-ўзини англашининг даражасини белгиловчи индикатор сифатида намоён бўлади.

Бугунги кунда таълим соҳасида одобнома дарсларига эътиборнинг қаратилиши, етишиб келаётган ёш авлоднинг таълим ва тарбия борасида  ижобий натижаларни кўрсатмоқда.

Одоб, бу жамиятдаги эътироф этилган хулқ меъёри ҳисобланиб, шахс маънавий ҳаётининг ташқи жиҳатларини ифодалайди ва бу у билан муносабатда намоён бўлади[3]. Одоб асосида ахлоқ меъёрлари ва тамойиллари, тарбияланганлик даражаси намоён бўлади. Одоб кишининг жамоат орасида қандай тутиши, одамлар билан қандай муомалада бўлиши, ўз турмуши бўш вақтини қандай ташкил қилиши, инсон ташқи қиёфаси қандай бўлишига мансуб қоидалар (масалан, ор-номус, шарм-ҳаё, иффат, камтаринлик, хушмуомалалик, тароват ва фасоҳатларни ўз ичига олади). Одоб биринчи навбатда оила муҳитида, қолаверса таълим-тарбия, ижтимоий фойдали меҳнат, амалий тажриба жараёнида шакланади.

Жамиятда инсонлар меҳнатсевар, ўз касбининг устаси, доимо ўзгаларга ёрдам берувчи, шижоаткор ва жасур, ақлли ва билимдон, саховатли, тўғри сўз, софдил, камтар, ўзида хулқ-одоб, адолат, сабр-тоқат, нафсни тийиш, олижаноблик каби фазилатларни мужассамлаштирган шахслардан ҳисобланади. Беодобдан жамиятда ахлоқсизлик шаклланади ва таназзулга олиб келади. Шу ўринда ахлоқ сўзига изоҳ берсак: ахлоқ деганда нимани тушуниш керак? Ахлоқ кишиларнинг бир-бирига, жамиятга бўлган тарихий муайян муносабатларини ифодалайдиган хулқ-атвор, одоб, қоида ва тамойиллари мажмуидир.

 Сайфиддин Бохарзий кейинги мисраларда инсон учун одобнинг мол дунёдан ҳам устун туришини таъкидлайди. Ва инсонинг қадри-қиммати унинг бойлиги молу дунёси билан зару зевари билан эмас, балки одоби билан эканлиги таъкидланмоқда. Фаробий ҳам ўзининг асарларида комил инсонга мукаммал ақл, пок руҳ, тоза қалб, яхши фазилатнинг ўзаро бирлашуви билан боғлайди.

Кубравия таълимотига асосан, инсон руҳий маънавий камолотига эришувининг энг муҳим шартларидан бири умрни зое кетказмаслик, беҳуда ишларга сарф қилмасликни тарғиб қилади. Инсон умри жуда тез ўтиб кетади. Доимий ҳаракатда бўлган киши албатта зафар қучади. Лоқайд дангаса эса албатта муваффақиятсизликка гирифтор бўлади. 

Бохарзийнинг юқоридаги рубоийсида илмнинг ёки бирор бир фаолиятнинг юқори натижаларига эришиш учун дангасаликка, танбаликка йўл қўймаслик кераклигини таъкидлайди. Ҳар қандай инсон одоби бўлмаса, жамиятда ўрнини топа олмайди. Ва инсонларни қалбидан жой топа олмайди. Одобни инсоният бошидаги тож деб баҳо беради. Чунки ҳақиқий инсон, ҳазрати Инсон номига муносиб киши одобли инсон бўлади. Кўплаб файласуф олимларимиз комил инсон тўғрисида ўзларининг фикрларини асарларида ёзиб қолдирганлар. Шу қаторда фалсафа тарихида Шабистарийнинг «Гулшани роз, Абдулкарим Жийлийнинг «Инсони комил» асарларида комил инсон тушунчаси ҳақида сўз борган. 

Аристотел “Ахлоқи кабир”  асарида ҳам ахлоқ ва одоб тўғрисида фикрлар билдирилган. Аристотел ахлоқсизликка тийиқсиз, очкўз одамни ифрот - ҳаддидан ошишган киши деб кўрсатади. Унинг бундай ҳаддидан ошиши ёмонлигини билмагани учун ёхуд унинг бу ҳақда ўз фикри борлиги учун оқламаймиз. (Арастунинг бу фикрлари ҳамд: исломий, шарқона одобга яқиндир. Муҳаммад с.а.в. ҳадиси шарифларида ифрот - ҳаддан ошишлик аввал ўтганларни ҳалокатга учратган, сизлар ҳам ҳаддан ошманг, дейилади. - М.М.) Яна бундай масала кўпчиликни ўйлантириб қўяди. Оқил одам (sophron - софрон) ўзини тия олади, яъни покдомондир. Аммо у қайсидир гуноҳ ишга кучли майл қўйган бўладими? Ахир оқил ўзини тия олса (гуноҳ ишдан), кучли майли, истагини жиловлай олади. Чунки оддий истакларини тия олган одамни зоҳид, покдомон демаймиз-ку? Аммо бошқа жиҳатдан (гуноҳ ишларга, масалан, шаҳватга) кучли майл-истаклари бўлган одамни оқил демаймиз, бундай (гуноҳ) ишларга майли йўқ одамни оқил одам, деймиз-ку? (Арасту бу саволга ўз муносабатини айтмайди, эҳтимол, Буни биз Арастунинг ахлоқ ҳақидаги бошқа асарларини ўқиганда аниқлашимиз мумкин. Бу масалага бизнинг жавобимиз бундай: ҳар бир инсон, табиатан фаришта эмас, ҳар қандай вазиятда инсон ўзини жиловлай олиши бу зоҳид, покдомондир. Алишер Навоийда: шайх Санъон ва шайх Барсисо. Булардан шайх Санъон охири жиноятга қўл уради. Сайфуз Зафар Навбаҳорийнинг «Дуррул-мажолис» асарида шайх Барсисо омонатга хиёнати оқибатда Ҳақ таолонинг қаҳрига учраб, дўзахий бўлиб кетади. Жованни Боккаччонинг «Декамерон» асарида, француз адиби Проспер Мерименинг «Авлиё Антонийнинг айниши» драмасида ҳам шу масала таҳлил қилинади. - М.М.)[4].

Хулоса қилиб айтиш мумкинки, Сайфиддин Бохарзийнинг фалсафий-тасаввуфий қарашларида илгари сурилган инсон маънавий камолотига оид соғлом эътиқод, бағрикенглик, меҳнатсеварлик, камтаринлик, адолат, илм ва маърифат сингари ғояларининг мазмун-моҳиятини бугунги глобаллашув шароитида, янги таҳдидлар жумладан “оммавий маданият” хавфи, боқимандалик кайфияти пайдо бўлаётган бир шароитда ёшларда одоб ахлоқ каби жиҳатларнинг шаклланишида муҳим аҳамият касб этади.

Адабиётлар рўйхати.

1.Жалолов А Мустақиллик масъулияти.-Тошкент: Ўзбекистон,1996. -Б.236.

2.ﻋﺎدل اﺳﯿﺮ دﻫﻠﻮي، رﺑﺎﻋﯿﺎت ﺳﯿﻒ اﻟﺪﯾﻦ ﺑﺎﺧﺮزي، دﻫﻠﯽ، ﻧﺸﺮ ﻣﻠﮏ ﺑﮏ دﭘﻮ Б.63

3.Фалсафа қомусий луғат. “Ўзбекистон файласуфлари миллий жамияти нашриёти”. Тошкент. 2004. Б.306.

4. Арасту “Ахлоқи кабир”. Янги аср авлоди.Тошкент.2015.Б.352.

5. Норова М.Ф. Сайфиддин Бохарзийнинг тасаввуф тарихидаги ўрни. Фал.фан.док.(PhD) дис. – Бухоро: 2021. – Б.145.

 

[1] Жалолов А Мустақиллик масъулияти. – Тошкент: Ўзбекистон,1996. – Б.236.

[2] ﻋﺎدل اﺳﯿﺮ دﻫﻠﻮي، رﺑﺎﻋﯿﺎت ﺳﯿﻒ اﻟﺪﯾﻦ ﺑﺎﺧﺮزي، دﻫﻠﯽ، ﻧﺸﺮ ﻣﻠﮏ ﺑﮏ دﭘﻮ، Б.63 

[3]Фалсафа қомусий луғат. “Ўзбекистон файласуфлари миллий жамияти нашриёти”. –Тошкент . 2004. – Б.306.

[4] Арасту “Ахлоқи кабир”. Янги аср авлоди.Тошкент.2015.Б.352.

 

                                                      Жўйбор Калон аёл қизлар ўрта махсус ислом таълим муассасаси ҳуқуқ фан ўқитувчиси Норова Малика Файзуллоевна

Izoh qoldirish