19.11.2021

Мазҳабсизлик энг хатарли бидъатдир

Бемазҳаблар “Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг даврларида мазҳаблар бўлмаган. Шу боис бирор мазҳабга эргашиш бидъатдир” деб, бугун илмсиз ёшларни ўз домларига тортмоқдалар. 
Улар Қуръони карим ва ҳадиси шарифларга тўғридан-тўғри эргашилади деб, мазҳаб имомларини саҳиҳ ҳадисга риоя қилмасдан, ўз ижтиҳодларини ҳадисдан устун қўядилар, дейишмоқда. Аслида, мазкур даъволар жоҳилликдан бошқа нарса эмас. Уларнинг “мазҳаб”, “мужтаҳид”, “муқаллид” сўзларини тушунмасликлари оқибатида жоҳил бўлиб қолганлар.
Пайғамбаримиз алайҳиссалом саҳобаи киромларга фиқҳий масалаларни ўзлари таълим берганлар. У зот Муоз ибн Жабал розияллоҳу анҳуни Яманга жўнатаётганларида: “Эй Муоз, агар бирор ҳукм чиқаришингга тўғри келиб қолса, нима қиласан?” дедилар. У: – Аллоҳнинг Китоби билан ҳукм қиламан, – дедилар.  У зот: – Агар Аллоҳнинг Китобидан топа олмасанг-чи? – дедилар. Муоз розияллоҳу анҳу: – Расулининг суннати билан ҳукм қиламан”, – деди. Набий алайҳиссалом: – Агар Расулининг суннатидан тополмасанг-чи? – дедилар. Муоз:– Ўз раъйим билан ижтиҳод қиламан, ҳеч бўшашмайман, – дедилар. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам Муознинг кўксига қоқиб: “Расулуллоҳнинг элчисини Расулуллоҳни рози қиладиган нарсага йўллаб қўйган Аллоҳга ҳамдлар бўлсин”, дедилар (Имом Термизий ривояти).
Саҳобалар, аввало, Қуръони карим оятлари ва ҳадиси шарифлардан ечим қидирар, бордию топа олмасалар, қиёсан ҳукм қилар эдилар.
Кўплаб уламолар тўрт мазҳабдан бирига эргашганлар. Мазҳабсизлик мужтаҳид бўлмаган кишиларни бирор бир амални бажаришликда нима қиларини билмай қолишигача олиб боради.. Шу боис Муҳаммад Саид Рамазон Бутий раҳимаҳуллоҳ: “Мазҳабсизлик энг хатарли бидъатдир”, деган.
Имом Нафровий раҳимаҳуллоҳ айтади: “Тўрт имомдан бирига эргашмоқ вожиб эканига мусулмонлар иттифоқ қилишган”.
Демак, мужтаҳид бўлмаган киши ўзи Қуръон  ва суннатдан далил чиқариб олиш имконига эга эмас экан, тинчгина бирор мазҳабга эргашмоғи яхши ва тўғри йўлдир.
Аллоҳ таоло барчамизни тўғри йўлда собит қилиб, турли ихтилофлардан йироқ айласин.

Жўйбори Калон таълим муассасаси мударриси Хуснигул Халимова

 

Izoh qoldirish