19.11.2021

ҚУЛОҚНИНГ ҚАДРИГА ЕТАЙЛИК

      Инсонга сон-саноқсиз неъматлар ато этилган. Аслида ўша неъматларнинг баҳоси ва ҳисоби йўқдир. У неъматлар инсон аъзоларида мужассамдир. Ҳар бир аъзо ўзига хос аҳамиятга эга. Инсон ҳаётидаги энг муҳим аъзоларидан бири бу қулоқдир. Қулоқ ўзи бажарадиган вазифалари эътибори билан кўздан ҳам устун туради. Чунки, инсон қулоғи билан ҳар тарафдан келадиган овозларни эшитади. Кўз эса фақат рўпарасидаги нарсанигина кўра олади. Қулоғимиз қоронғида ҳам ўз ишини бажараверади. Кўзимиз эса қоронғида ўз вазифасини бажара олмайди. Чекланиш пайдо бўлади. Чунки, кўз нарсаларни кўриши учун унга ёруғлик керак.

Кимки қулоғидан, эшитиш қобилиятидан айрилса, у кўзидан ва кўриш қобилиятини йўқотган инсондан ҳам оғирроқ аҳволга тушади. Кўпинча, қулоғи эшитмайдиган одамнинг ақлида ҳам заифлик бўлади. Аммо кўр одамда бундай бўлмайди. Кўр одам баъзида кўзи очиқ одамлардан ҳам ақллироқ бўлиши мумкин. Зеро, эшитиш орқали илм ҳосил қилинади. Аллоҳ таоло бизнинг қулоқларимизга раҳим қилиб, эшитишга ярайдиган овозларнигина эшитадиган қилиб қўйган. Шундай овозлар борки, агар инсон уни эшитса, хушдан кетиб қолиши, хатто ўлиб қолиши ҳам мумкин.

Ҳозирги кунда ҳаммамиз гувоҳи бўлиб турган бир ҳолатга эътиборсиз қараяпмиз. Ёшларимиз кўпчилиги кўчада, транспортда, дарсда ва ҳатто уйқуда ҳам уяли телефон воситасида қулоқларида эшитиш мосламаси, оммавий тилда наушник, яъни қулоқчинлар орқали ҳар қандай мусиқаларни баланд овозда эшитишади. Эшитадиган мусиқалари шунчалик баландки, олдида туриб қолсангиз у қўшиқни сиз ҳам эшитасиз.

Зеро Пайғамбаримиз Муҳаммад саллоллоҳу алайҳи васаллам  : “Икки неъмати борки, кўпчилик одамлар унинг қадрига етмайдилар. У сиҳат-саломатлик ва хотиржамликдир”, деганлар.

Дарҳақиқат, инсон зоти кўпинча ундан бир неъмат кетиб қолгандагина кейин унинг қадрига етади.  Мисол учун, пулини кўкка совурган камбағал бойликни қадрига етади, ёшлигини беҳуда ўтказган қария доим афсусланади, бемор эса соғлигини қўмсайди. Ақилли инсон эса неъматни борлигида уни ғанимат кўриб, авайлайди.

Қулоқчин ишлатишнинг бир фойдаси бор у ҳам бўлса, уяли телефондан келаётган радиацияни инсон учун муҳим бўлган бош аъзосидан узоқлаштиради. Лекин бу мосламадан нотўғри фойдаланиш оқибатида эса эшитиш органларига зарар етади. Одам қулоғи соғлом бўлганида 10-15 децибел товушларни пайқай олади. Аслида барглар тўкилаётганда 20, секин овоз билан сўзлашганда 20-30, соат чиққиллашида 30, суҳбат жараёнида 30-35 децибел товуш ҳосил бўлади.

 Уяли телефон қулоқчинида эса 120 децибелгача товуш ҳосил бўлади. Бундай баланд товуш нафақат эшитиш органига, балки асаб тизимларига ҳам ёмон таьсир кўрсатади. 90 децибелдан баланд бўлган товушни эшитиш, асаб тизимида жойлашган толаларга ёмон таъсир кўрсатади. Бу асаб толалари 30 мингтани ташкил этиб, жуда баланд товушда 25 фоизи ҳалок бўлади. 

Толаларнинг ярмидан кўпи ҳалок бўлса, инсон кар бўлиб қолиши ҳам мумкин. Уяли телефон қулоқчини орқали мусиқа эшитишга муккасидан кетган болалар аввалига яхши эшитмаётганлигини сезмаслиги мумкин. Уларга баланд оҳангда гапирмасангиз эшитмайди, суҳбат жараёнида эса битта гапни бир неча бор такрорлашингизга тўғри келади. Агар сиз шундай ҳолатни сезсангиз дарҳол қулоқ докторига мурожат қилишингиз керак.

Бугунги кунда ёшларимизнинг соғлом ва билимли бўлиб камол топишида уларнинг замонавий техника воситаларидан тўғри ва оқилона фойдаланишга ўргатиш, қоидага нотўғри амал қилиш оқибатида юзага келиши мумкин бўлган салбий ҳолатларнинг олдини олиш ҳаммамизнинг вазифамиз.

 Маълум бўлишича, инсондаги барча сезги аъзолар ухлар экан. Яъни инсон ухлаган пайтда улар ҳам ухлар экан. Фақатгина қулоқ ва унинг сезиш қобилияти ухламас экан. Агар сиз ухлаётган кишининг юзига қўлингизни яқинлаштирсангиз, унинг юзи атрофида қўлингизни айлантириб, ҳаракат қилдирсангиз, у уйғонмайди. Агар бир киши ухлаётган хонага ўткир ҳидли атир сепсангиз ҳам ёки хона заҳарли газ билан тўлса ҳам, ухлаётган одам ҳеч қандай ҳидни сезмайди, заҳарли газ унинг бурнига кириб, уйғонмасиданоқ ўша газдан вафот этади. Лекин ухлаётган кишининг ёнида баланд овозда гаплашилса, қаттиқ шовқин кўтарилса, ана шунда у уйғониши мумкин. 

Агар ушбу муҳим аъзо ишламай қолса, бунинг қийинчилиги бошқа аъзоларнинг ишламай қолишидан кўра оғирроқ бўлар экан. Аллоҳ таоло бизга қулоқ неъматини ва унинг масъулиятини эслатиб шундай дейди: “Чунки қулоқ, кўз, дилнинг ҳар бири тўғрисида (ҳар бир инсон) масъул бўлур (жавоб берур)” (Исро, 36). Бизларга барча сезги аъзоларини, шу жумладан, қулоқ ва эшитиш сезгисини берган Аллоҳга беадад ҳамду санолар бўлсин. Нафақат сезги аъзоларимизни, балки, бутун тана аъзоларимизни фақат Ўзи рози бўладиган ишларга ишлатишимизни насиб этсин. Қулоқларимиз билан мавъизалар, панду насиҳатларни эшитиб, унга амал қилишимизни осон қилсин, омин!

                                                    Жўйбори Калон таълим муассасаси мударриси  Мавлонов Жамол

Izoh qoldirish