17.11.2021

Аёллар учун янги “луғат” – сўзни тўғри эшитинг!

Аёллар учун янги “луғат” – сўзни тўғри эшитинг!

Ушбу мақола фақат аёллар учун! Эркаклар ўқиб овора бўлишмасин. Сабаби…
Азиз аёллар, ҳурматли опа-сингиллар! Сиз нозик хилқатсиз. Хилқатингиз каби қалбингиз ҳам нозик. Арзимаган сўз қалбингизни осмон қадар юксалтириши ва уни арзимас гап эса чилпарчин қилиб юбориши мумкин.
Ўзи озгина бўлган умр йўлимизда бизни севинтиргувчилар ҳам, сиқиб-эзгувчилар ҳам етарлича. Негадир хурсанд қилган, ширин сўз айтган, яхши муомала қилганларни эмас, ранжитган ҳамда қўпол сўз сўзлаганларни қалбимизга яқин оламиз, сиқиламиз, ранжиймиз, эслаган сари асабимиз толалари бир-бир узилади.
Айниқса, аёл киши турмуш ўртоғидан тез-тез ранжийди. Оғир сўз, ҳақорат ҳамда сўкишларни асло кўтара олмайди. Қуйида баъзи тавсия ва янги “луғат”ларни бир ўқиб кўринг.
Мақсадга ўтай, хуллас сизга қаратилган – гарчи лойиқ бўлсангиз ҳам, нолойиқ бўлсангиз ҳам сўкишлардан, имкон қадар ранжиманг, уларни тўғри эшитишга уриниб кўринг, натижасини кўрасиз!

“Мол” – оддий сўкиш тури. Эр хотинини молга, яъни ҳайвонга ўхшатади. Молга ўхшайсан, демоқчи бўлади. Сиз дарров сиқилманг! Мол фақат ҳайвонни билдирмайди. Балки, бу сўз арабча мол-мулкни англатади. “Сен мени мол-мулким, давлатим, боримсан”, дегани. Жаҳл оҳангида айтилган бўлса, янада яхши. Мол-мулкни ким шундай ташлаб қўярди?!

“Бефаросат” – яна бир сўкиш тури, аёл фаросатсизликда айбланганда шу сўз билан сийланади. Сиз ўзингизни асло бефаросат ҳисобламанг. Бу сўз форсча сўз – “Бофаросат” маъносида бўлиб, фаросатга, ақлга бой деганидир. Ҳа, эркаклар бизни койиганда ҳам фаросатимизга тан берадилар! Аслида, олд қўшимча “–бо”ни, “-бе”га алмаштириб юборишган.

“Бефаҳм” – бу сўзда ҳам олд қўшимча –бо ўрнига, -бе ўтиб қолган. Маъноси,серфаҳм, ақлли дегани.

“Бемаъни” – юқоридаги қоидага кўра ўқилсин. Маънили, деган маънода, бу ҳам. (қаерда –бе қўшимчаси билан сўкилганда, –бо қилиб тушуниб кетаверинг: Беақл-боақл, бетадбир-ботадбир, беўхшов-боўхшов)

“Ярамас” – бу сўз ҳам кунда учраб туради. “ярамоқ”, “арзирли бўлмоқ” ҳамда “яра бўлмаган”, маънолари бор. Аёлларимизга шу сўз билан мурожаат қилинса, икки хил тушунишлари мумкин.

– ярамас, “сенинг сўзларинг қалбимни яра қилмайди”
– ярамас, “сендан арзирлик, ярарлик озор кўрмадим”, маъносидадир. Оҳангни эса алоқаси йўқ!

“Ифлос” – сўкишнинг кучайтирилган сийғаси бўлиб, аслида бу ерда араб грамматикасининг муҳим қоидаси ишлайди. Аввалдан мавжуд сўзнинг баъзи ҳарфи ўрнига бошқа ҳарф алмаштирилиб ёзилади. (Эълол қоидаларига қаранг!) Яъни, “Ихлос” сўзидаги “х” ҳарфи, “ф” ҳарфига алмашиб қолган. Сабаби, сўкиш жараёнида баъзи ҳарфлар талаффузга оғирлик қилиб, тилга енгил ҳарфга алмашиб кетади. Бу каби фонетик ўзгариш она тилимизда ҳам мавжуд. Масалан, “мактаб” – “майтаб”, “соат” – “соғат”, “шам” – “шағам”. Майтаб, соғат, шағам деса, ажабланмаймиз-ку!?

Хуллас, ҳайқириб, ҳаяжонланиб “ифлос” дейилса, ихлосингизни тушуниб олаверинг.

“Эгов” – сўзи икки ҳил маънодадир. Биринчиси, асбоб маъносида бўлса, “чархловчи; ўткиргина аёлсан” назарда тутилган бўлади. Агар иш-ҳаракат номи ирода қилинган бўлса, “сен мени, чархлаб, эговлаб турувчимсан”, маъносини ифодалайди.

“Илон” – чақувчи, захарли ҳамда судралиб юрувчи ҳайвоннинг “и” ва “л” ҳарфларининг ўрни алмашиб қолган. Худди, 6-банддаги каби. Яъни тўғри ўқилганда инглизча “лион” – “шер”, урғочи шер, дегани бўлади. Табиий, хорижий тил луғати бу! Тез айтилганда “лион” “илон” бўлиб кетган. Тез айтиб кўрингда!

“Мараз” – арабча “маъраз” – “кўргазма” сўздан ўзлаштирилган. Ўзбек тилида “аъйн” ҳарфи бўлмагани учун, маъраз сўзи мараз бўлиб қолган. Маразнинг маъноси – кўримли, намунали, кўриб кўз қувнарлик деганидир. Зеро, кўргазмада нарсаларнинг энг яхшиси бўлади.

“Қишлоқи” – бу сўзни тўғридан-тўғри тушуниб олаверса бўлади. Негаки, меваларнинг энг сархили, тозаси, чиройлиси ҳамда ширини қишлоқда етиштирилган бўлади. Шаҳарнинг чанг-тутунидан узоқда етилган тоза, соғлом аёлсан, деганидир.

Хуллас, юраги ва асабини сақламоқчи бўлган аёллар сўкиш ва ҳақоратни мақтов ва севги изҳоридак қабул қилиб олсинлар. Йўқса, соғликларига катта зиён етказиб оладилар. Зеро, бу луғатлар сўкиш ва танбеҳга ҳожати йўқ аёллар учундир.
(Аммо, асли дангаса, эри ва қайнона-қайнотасига итоатсиз, фарзанд тарбияси, дин ва диёнат ишларига бепарво аёлларга эса – юқоридаги луғатлар ўз маъносидадир!)
Тошкент ислом институти
“Ҳадис ва ислом тарихи”кафедраси ўқитувчиси
Н.Саидакбарова

Izoh qoldirish