06.04.2021

Ботил – ҳақ қаршисида туролмас.

Ислом қуёши ер юзини ёрита бошлаганига ҳам мана ўн тўрт аср бўлибди. Ҳиро ғорида илк нозил бўлган Қуръони карим йигирма уч йил давомида комил бўлди. Шу вақтда Аллоҳ таъоло рисолатни барча ҳукм ва кўрсатмаларини адо этган Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни қабз қилди. У зотдан Қуръон ва Суннатни биринчи бўлиб қабул қилиб олган такрорланмас авлод саҳобийлар эдилар. Уларга эса тобеъинлар (саҳобаларни кўрганлар) ва табаъа тобеъинлар (тобеъинларни кўрганлар) эргашди. Бу уч авлод Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам мақтаган ва умматнинг энг яхшилари деб гувоҳлик берган зотлар эдилар. 
Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан кейин Ислом дини жуда катта синов ва фитналарга юзма-юз келди. Биринчи бўлиб ажралиб чиққанлар “Таҳким” воқеасидан кейин хаворижлар ёки ҳарурийлар деб аталди. Шундан сўнг Исломда бўлинишлар ва фирқаланишлар кўпаяверди. Шийъалар, рофизийлар ва мўътазилалар каби катта оқимлар пайдо бўлди. Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан дин омонатини қабул қилиб олган авлод кейинги авлодларга Қуръони каримни барча қироатлари, тажвидлари ва тафсирларини, Суннатни барча қавлий, феълий ва тақририй ҳолатларини, ақидавий, фиқҳий ва бошқа жиҳатларини шундай ишончли санадлар билан етказдиларки, ҳозирги кунгача шу санад асосида давом этиб келмоқда. Санадда иштирок этган кишиларнинг ишончлилик даражалари шундай услубда ўрганиб чиқилганки, замонавий ахборот мутахасислари ҳам ҳайратда қолишмоқда. Ҳақ йўл ва соф ақидада бўлган уламолар диннинг ақидавий, фиқҳий ва тасаввуфий жиҳатларини тартибга келтирдилар. Қуръон ва Суннатда келмаган баъзи фиқҳий масалаларни ижмоъ ва қиёс каби қоидалар асосида ижтиҳод қилдилар ва шу ижтиҳодлар натижасида тўрт фиқҳий мазҳаблар вужудга келди. Албатта бу мазҳабларнинг асоси Қуръон ва Суннат эди. Ақида борасида шу даврда бир муддат мўътазилалар ғолиб бўлдилар, лекин кейинчалик уларнинг адашган жойларини пайқаган Имом Ашъарий мўътазилаликдан қайтиб, ашъария-ақидавий мазҳабига асос солди. Натижада мўътазилий фирқаси парокандаликка учраб, йўқ бўлиб кетди. Тўрт мазҳабдан учтаси, яъни моликий, шофеъий ва ҳанбалий мазҳаблари ушбу ақидада ҳисобланади. Ҳанафий мазҳаби эса ақида жиҳатдан баъзи масалаларда ашъариядан фарқ қилгани учун, кейинроқ Имом Мотуридий томонидан тартибга солингани учун, мотуридия ақидаси дейилган. Энг кенг тарқалган мазҳаб ва ақида ҳанафий-мотуридий мазҳаби ҳисобланади. Чунки аббосийлар ва усмонийлар халифалиги асрларида, темурийлар ва бобурийлар давлатларида ва бу давлатлар тасарруфида бўлган ўлкаларнинг аксар қисмида ҳозиргача шу мазҳаб асосида амал қилинади. Минг йилдан ортиқ вақт мобайнида уммат тўрт фиқҳий ва икки ақидавий мазҳабларни аҳли суннат вал-жамоат деб қабул қилган. Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам умматларини кейинчалик етмиш уч фирқага бўлиниб кетишини ҳадисларида марҳамат қилганлар ва “Нажот топувчи фирқа” деб, Ўзларини ва саҳобаларини йўлини тутганларни айтганлар. Шу эътибордан аҳли суннат вал-жамоат тўғри йўлдаги фирқа ҳисобланади. Мўътабар уламоларнинг барчаси бу мазҳаблардан бирини йўл тутиб, ижод қилдилар.Ўтган муддат давомида қайси фирқа бу йўлдан бошқача йўл тутган бўлса, йўқлик қаърига сингиб кетди. Ҳозирги вақтга келиб, баъзилар тарафидан мотуридия ва ашъария мазҳабларига тош отиб, уларнинг муқобилида аҳли суннат мазҳаби деб ўзларини ҳақ деб даъво қилмоқдалар. Шу ўринда бир савол туғилади: наҳотки, тобеъин ва табаъа тобеъинларнинг энг илмлилари томонидан асос солинган ва минг йиллардан буён амалда бўлган мазҳаблар хато бўлсаю, минг йилдан кейин биров чиқиб, мана бу йўл тўғри деб даъво қилган йўл тўғри бўлса? Наҳотки Имом Бухорий саҳиҳларига киритган ҳадисни минг йилдан кейин биров саҳиҳ ва заифга ажратишга журъат қилса? Мисол тариқасида оловни олсак, ундан узоқлашган сари иссиқлик ҳам нур ҳам сусайиб бораверади, шунингдек, Нубувват замонидан узоқлашган сари илм ҳам, дин ҳам ва иймоннинг қуввати ҳам камайиб бораверади. Бугунги кундаги ишид, ҳизбут-таҳрир, салафийлар ва акромийлар каби аҳли суннатдан ўзгача йўл тутган фирқалар ўтмишдошларининг ғояларидан таъсирлангандирлар.

Ўтмишдошлари ботил йўлда бўлгани сабабли йўқолиб кетдилар. Ҳақ эса ҳамиша музаффардир. Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг замонларида ҳам У кишига юзма-юз келиб ҳеч ким бас кела олмаган, балки ҳийла ва найранг йўлини тутганлар, чунки ботил ҳақнинг муқобилида туролмайди. 
Аслида мотуридия ақидасини ҳақ эканини исботлашга ҳожат йўқ, лекин баъзилар илми шаклланмаган қатлам орасида ялтироқ сўзлар билан муташобиҳ оятлар борасида журъат қилиб, чалғитувчи тарғиботлар олиб бормоқда. Бугунги замоннинг энг катта тузоғи, ижтимоий тармоқлардир. Яқин йилларда кўз ўнгимизда қанча давлатлар барбод бўлди ва ҳозиргача уруш ва қашшоқлик домида қолмоқда. Фуқароларимизни гиж-гижлашга уринаётганлар балки кимгадир хизмат қилаётгандир. Аммо тинчлик ва эркинлик бизга керак, шундай экан иттифоқ бўлайлик!

Ҳ.Ҳалимова

Izoh qoldirish