ОВҚАТЛАНИШГА ВАҚТИНИ ҚИЗҒАНГАН ОЛИМ
Араб тилида: бир нарсани қаттиқ хоҳлаб, унга қизиқишга "ҳарис" дейилади.
Аллоҳ таоло тарафидан инсонга берилган энг улкан бойлик бу — вақтдир. Шунинг учун ҳар бир кимса, вақтнинг қай даражада аҳамият касб этишини теран англаши ва унга жуда ҳам ҳарис бўлиши керак. Чунки ўтаётган ҳар бир лаҳза асло қайтиб келмайди. Мусулмон инсон вақтини дунё ва охират учун фойдали амаллар билан тўлдириши шарт. Йўқса, эрта қиёматда юзи қизариб, афсус-надоматлар ичра қолади.
Ибн Абу Усойбиа ҳикоя қилади: Фахриддин Розий раҳматуллоҳи алайҳи айтдилар: "Аллоҳга қасам! Овқат вақтида таомланиш билан банд бўлиб, шу вақтни илм ўқимасдан ўтказганимга афсусдаман. Чунки вақт жуда азиз нарсадир".
Шундан маълумки, олдинги уламолар қай даражада вақтини фойдали ишларга сарф этишга ҳарис эканлари. Қиёмат кунида ҳар бир жон дунёда берилган қимматли вақтини нималар билан ўтказгани борасида албатта сўралади.
Аллоҳ таолонинг ҳузурида юзимиз ёруғ бўлиши учун ҳозирдан вақтимизни яхшиликларга сарф этишимиз ва фойдали ишлар ила машғул бўлишимиз зарур.
Аллоҳ таоло барчамизни вақтнинг қадрини биладиган ва уни яхшиликлар билан тўлдирувчи бандаларидан қилсин!
Жўйбори Калон аёл қизлар ўрта махсус ислом таълим муассасаси мударисси
Муҳаммад Юнус Муҳаммад Мусо ўғли
Izoh qoldirish