ВИТРНИНГ ҚАЗОСИ ЎҚИЛАДИ
Ҳа, беш вақт намозни қазоси ўқилганидек, витр намозини ҳам қазоси ўқилади. Бу ҳақда Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар:
إِذَا أَصْبَحَ أَحَدُكُمْ وَلَمْ يُوتِرْ فَلْيُوتِرْ(رَوَاهُ الإمامُ البيهقي والإمامُ الحاكم)
яъни: “Сизлардан бирингиз витр ўқимасдан тонг оттирса, витрни ўқиб олсин!” (Имом Байҳақий ва Имом Ҳоким ривоятлари).
Витр намозининг қазосини ўқиш кераклиги ҳақида “Фатовои ҳиндия” китобида шундай дейилган:
فِي الْفَتَاوَى رَجُلٌ يَقْضِي الْفَوَائِتَ فَإِنَّهُ يَقْضِي الْوِتْرَ
яъни: “Фатво китобларида келишича, қазо намозларини ўқиётган киши витр намозини ҳам қазосини ўқийди”.
“Мавсуатул фиқҳийя” китобида бу ҳақда бундай дейилган:
ذهب الحنفيّة إلى أنّ من طلع عليه الفجر ولم يصلّ الوتر يجب عليه قضاؤه ، سواء أتركه عمداً أم نسياناً وإن طالت المدّة ، ومتى قضاه يقضيه بالقنوت
яъни: “Ҳанафий мазҳаби бўйича, ким витр намозини ўқимасдан тонг оттирса, витрнинг қазосини ўқиб олиши лозим бўлади, хоҳ витрни қасддан ўқимаган бўлсин, хоҳ унутиб ўқимаган бўлсин фарқи йўқ, гарчи узоқ вақт ўтсаҳам. Витр намозининг қазосини ўқиганда қунут дуосини ҳам ўқийди”.
Демак, ўз вақтида ўқилмаган витр намозини қазоси ўқилади. Валлоҳу аълам.
Диниерова Хонзодабегим,фиқх фани ўқитувчиси
Izoh qoldirish