22.09.2021

МАЗҲАБГА ЭРГАШИШ ШАРТМИ?

Биз Аллоҳ таолонинг шариатини Унинг китоби Қуръони каримдан оламиз. Яъни: Аллоҳнинг шариатини ваҳий нозил қилинган Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламдан оламиз. Агар, ваҳий тиловат қилинган бўлса, у – Қуръондир. Агар, ваҳий тиловат қилинмаган бўлса, у – ҳадиси шарифдир. Ушбулар асл манба ҳисобланади.

Сўнгра, мусулмон инсон Аллоҳнинг китобини таълим олиш, ундан ҳукумларни қандай қилиб чиқариш керак эканлигининг услуб ва манҳажларини ўрганишга имкон топа олмайди. Мана шу ҳолига эса, Аллоҳ таолонинг қуйидаги ояти мувофиқ келади:

“Агар билмайдиган бўлсангиз, зикр аҳлларидан сўрангиз”. (Наҳл 43-оят).

Тўғри, агар асл манба бўлса, уни жон деб қабул қилиб, Қуръони карим ва ҳадис шарифга юзланамиз. Лекин, қанча инсонлар эрта тонгдан ўз ишларига борадилар ва кечда оилавий масалаларга ғарқ бўладилар. Шундай қилиб, шариат масалаларининг энг охири, ниҳоясигача ўрганишга вақт қилолмайди. Энди биз бу кимсаларга: Қуръони карим ва суннати мутоҳҳарадан Аллоҳ таолонинг шариатини тўғридан-тўғри ўзинг олишинг вожиб деб айтсак қандай бўлади?! Бу муҳол иш!

Қолганлар ҳам худди шу каби, шифокор, муҳандис, деҳқон ва бошқа бўлсин, Қуръон оятлари ва суннати мутоҳҳарадан ҳукмларни чиқариб олиш йўлларини билиш учун имкониятлари бўлмас. Шундай экан, бу инсонларга нисбатан, ҳар бирига мазҳабга эргашиш вожиб бўлади. Ҳамманинг мазҳабига ҳам эмас. Балки, уммат уларнинг ижтиҳодларининг ишончли эканига ижмо қилган имомлардан бирига эргашиш вожиб. Булар тўрт мазҳабдир. Барчаси бизга тамомила ишонч билан етиб келгандир. Ушбу тўрт мазҳаб: “Ҳанафий” мазҳаби, “Шофеъий” мазҳаби, “Ҳанбалий” мазҳаби ва “Моликий” мазҳабларидир. Ҳозирги кунда ўзларини мазҳаб бошилар каби мужтаҳидмиз деяётганларнинг даъволари қуруқ сафсатадан ўзга нарса эмас. Сизга қуйида Қуръон ва суннатдан ҳукм чиқаришга ҳақли кимса яъни: мужтаҳид бўлиш учун қандай шартлар керак бўлишини келтириб ўтамиз.

“Мужтаҳид” сўзи луғатда интилганига етиш учун бутун куч қувватини сарфловчи маъносини билдиради. Истилоҳда шаръий ҳукм чиқариш салоҳиятига эга фақиҳ мужтаҳид дейилади. Мужтаҳидлар уч даражага ажратилган: 1. Мутлақ Мужтаҳид. Буларга тўрт мазҳаб имомлари киради. 2. Мазҳаб даражасидаги мужтаҳид (мужтаҳид фил-мазҳаб); у ҳар қандай масалани фақат ўз мазҳаби асосчиси манбаларига суянган ҳолда ҳал этган. 3. Айрим масалаларни ечиш даражасидаги мужтаҳид (мужтаҳид фит-таржиҳ); у масалаларни тадқиқ этиш ҳуқуқига эга бўлган. Агарда кўрилаётган масала бўйича ҳукмлар бир нечта бўлса, у ўзининг илмий салоҳиятига кўра, улардан бирини қувватлаши мумкин бўлган. Мужтаҳид араб тилини, усули фиқҳни, Қуръон ва ҳадис илмларини билиши шарт. Мужтаҳиднинг одоб ахлоқи, турмуш тарзи намунали бўлиши лозим. Ўн биринчи асрдан бошлаб ижтиҳод эшиклари ёпилган. Демак, бугунги кунимизда мужтаҳид йўқ экан. Ҳаммамиз турли ихтилоф ва қуруқ сафсатадан фарқи бўлмаган йўлларга эмас. Балки, ишончли тўрт мазҳабдан бирига эргашишимиз вожиб ҳисобланади. Бемазҳаблар ҳам, биз Абу Ҳанифа роҳимаҳуллоҳ ва ёки, бошқа имомларга эргашмаймиз деб ҳам, қайсидир бир ўзларининг имомларига эргашадилар. Бу эса, Қуръон ва суннатдан ҳукм олиш эмас, кимгадир эргашишку?! Аллоҳ барчамизни ҳидоятда собит қилсин!

Муҳаммад Юнус Муҳаммад Мусо ўғли тайёрлади

Izoh qoldirish