23.03.2021

Намозда аёллар ва эркаклар орасидаги фарқ

Намозда аёллар ва эркаклар орасида бироз фарқ мавжуд бўлиб, бу аёл кишининг яратилиши ва табиати жиҳатидан эътиборга олинган.

Аёл киши ўз намозида:
Такбири таҳримада икки қўлини елка баробарида кўтаради.
Такбир пайтида қўлларини енгидан чиқармайди. (Чунки аёллар намозда ва кундалик ҳаётда аврат чегаралари очилишидан сақланишлари лозим. эркакларга эса қўлларини енгидан чиқариш суннат амал ҳисобланади.)
Икки қўлини кўксига қўйиб қўл боғлайди.
Рукуъда панжаларини ёзмайди.
Рукуъда ортиқча эгилмайди.
Рукуъда икки чиғаноғини биқинига теккизиб туради.
Саждада қорнини сонига теккизиб туради.
Ўтирганда оёқларини ёнига чиқариб ерга ўтиради.
Саждада икки чиғаноғини ерга қўяди.
10.Овозини чиқармайди. Яъни намозини доимо махфий ўқийди, жаҳрий ўқимайди.

Аёл киши ўз уйида намоз ўқигани масжидда ўқиганидан савоблироқдир.
Аёл кишининг аврати эркакларникидан фарқли ўлароқ икки кафт, икки қадам ва юзидан бошқа барча аъзоларидир. Енги калтароқ кийимда намоз ўқилса, қайтадан ўқилиши лозим. Оёқнинг қадами масаласида икки хил, оёқнинг энг пасти яъни қадамнинг юзи аврат, ости аврат эмас ёки қадамнинг ҳаммаси яъни тўпиқдан пасти аврат эмас деган қовл мавжуд. Эҳтиётан оёқнинг юзини ёпиш афзал.
Аслида аёлларнинг ёлғиз ўзлари жамоат бўлиб намоз ўқишлари макруҳ саналади. Агар жамоат бўлиб ўқишга мажбур бўлинган вақтда уларнинг имомлари ўзлари билан бир сафда туради.
Аёллар жамоат намозига эркаклар билан бирга қатнашадиган бўлсалар, энг орқа сафдан жой оладилар. Ҳатто кичик ёшдаги ўғил болалардан ҳам орқада турадилар.
Имомга қироатдан адашиб кетадиган бўлса эркаклар тасбиҳ айтиб, эслатадилар. Аёллар эса қўлларини бир бирига уриб овоз чиқариб, (тасфиқ билан) эслатадилар.
Аёллар ҳеч вақт азон ва иқомат айтмайдилар. Бу иш улар учун макруҳ саналади. Эркакларга эса азон ва иқома айтиш суннатдир.
Аёл киши ҳайзли ёки нофосли ҳолатида намозларини ўқимайди ва поклангач бу қолдирилган намозларнинг қазосини ҳам ўқиб бермайди.
Жума намози эркакларга фарз саналади, аёлларга эса фарз қилинмаган.
Ҳайит намозлари эркаклар учун вожиб қилинган, аёллар учун вожиб эмас.
Аёллар ва эркаклар намозида бир неча фарқлар борлиги замонлар ўтиши билан пайдо бўлиб қолган эмас, аксинча аввалдан бор бўлган. Мазҳабларнинг фиқҳий китобларида ҳам бу масалалар келтирилган. Ҳеч бир мазҳабда бунинг тескариси, яъни, аёллар ва эркакларнинг намози бир ҳил дейилмаган. Шариатнинг тўртинчи манбаъси бўлмиш қиёсга биноан аёллар қимтиниб, фиқҳ китобларида айтилганидек намоз ўқишлари собитдир. Чунки, муслималар доимо эркакларга ўхшамай аёлликларига эътиборли бўлиб туриши лозим. Бир қанча ҳадисларда бу масала баён қилинган.

Жўйбори Калон ДТМ маънавият ва маърифат 
ишлари бўйича директор ўринбосари Рохат Муҳаммадшоева

Izoh qoldirish