02.08.2021

ТИНЧЛИК ВА БАРҚАРОРЛИК – ОЛИЙ ҚАДРИЯТ!

Маълумки, инсоният ҳаёти давомида турли мафкура ва маслаклар ўртасидаги зиддият ва қарама-қаршиликларни бошидан кечирган. Бунинг оқибатида ўзаро келишмовчилик, нотинчликлар юзага келиб турган. Тарихга назар ташланса, ҳамма даврда ҳам давлатнинг ривожланиши, тараққий топиши жамиятнинг фаровон ва осойишта ҳаёт кечиришига боғлиқлиги аён бўлади. Шунинг учун ҳам Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам ҳадисларининг бирида тинчлик-хотиржамлик энг катта неъмат эканлигини таъкидлаб бундай деганлар: яъни:

(نِعْمَتاَنِ مَغْبُونٌ فِيهِمَا كَثِيرٌ مِنَ النَّاسِ، اَلصِّحَّةُ وَ الْفَرَاغُ (رواه البخارى
“Икки неъмат борки, кўпчилик инсонлар унинг қадрига етмайдилар. У – хотиржамлик ва сиҳат-саломатлик” (Имом Бухорий ривоят қилган).

Демак, тинчлик ва хотиржамлик Аллоҳ таолонинг беҳисоб бўлган буюк илоҳий неъматларидан биридир. Қолаверса, барча эзгу ишлар рўёбга чиқишининг боиси ҳам осойишталикдир. Шундай экан, инсонлар нафақат мавжуд тинчликни қадрига етиб, шукрини адо этишлари балки, унга ношукрлик қилиб путур етказишдан ҳам сақланишлари лозим.

Тинчлик қарор топган юртда хотиржамлик ҳукм суради, оқибатда, жамиятда ҳар томонлама юксалиш ва ривожланиш рўй беради. Одамларнинг ўзаро бир-бирларига бўлган ишонч ва садоқатлари, меҳр ва мурувватларининг самимий бўлиши ҳам асосан хотиржамликка боғлиқдир.

Демак, дунёда ҳаётнинг бир маромда давом этиши, халқнинг Ҳақ таоло буюрган ишларини мукаммал ва хотиржам адо этишлари учун тинчлик ва осойишталик лозим. Яратган Парвардигор Қуръони каримда ана шу тинчликни сақлаш ва қадрлаш вазифасини инсон зиммасига юклаб, Ислом дини тинчликка тарғиб қилишини, шайтоний йўлларга эргашмаслик лозимлигини таъкидлаб, бундай дейди:

“Эй, имон келтирганлар! Ёппасига тинчлик ишига киришингиз!" (Бақара сураси, 208-оят). Дарҳақиқат, тинчлик мавзуси ўта муҳим бўлганлиги боис ҳам Қуръони карим оятларидан ўрин олган. Араб тилидаги “салм”, “силм”, “салом”, ва “ислом” сўзлари бир ўзакдан чиққан, турли маънодаги сўзлар бўлсада, айнан бир мақсадга йўналтирилгандир.

Тинчлик ва хотиржамлик – инсоният бугун бошидан мкраккаб ўзаро зиддиятларни кечираётган бир пайтда сув ва ҳаводек зарурдир. Унинг қадрига етиб, фарзандларимизни ҳам Яратган берган бу тингсиз неъматларни қадрламоқлари ва асраб авайламоқ инсониятнинг зиммамиздаги бурчи эканлигини тушунтирмоқлигимиз керак. Бу барча пайғамбарлар қаторида бизнинг ҳам Пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в.)нинг суннати эканлигини юқоридаги ҳадисдан билиб олдик.

Ислом тарихини ўқир эканмиз, унда инсонни кимлиги, нима учун яратилганлиги, инсоннинг зиммасига нима вазифалар қилмоқлиги юклатилганлиги, ҳаётда қандай инсон бўлиб яшаши кераклиги ҳақида берилган тавсиялар ва кўрсатмалар билан яқиндан танишиб чиқади. Бу берилган неъматларни қадрига етишда ва уни асрашда, бизга Пайғамларларнинг отаси бўлган, Иброҳим (а.в.) бу борада башариятга ўрнак бўлганлар. Муқаддас динимизнинг мўтабар манбаси Қуръони Каримда Иброҳим (а.с.)нинг Ватанлари бўлган Макка ҳақига қилган дуоларида биз ўрганаётган мавзумизнинг айнан тасдиғидир.

Шунингдек, Макка шаҳрига тинчлик ва унинг аҳлига ризқ сўраганликлари сўзимизнинг ёрқин мисолидир. Бу ҳақида бундай дейилаган:
وَإِذْ قَالَ إِبْرَاهِيمُ رَبِّ اجْعَلْ هَذَا بَلَدًا آمِنًا وَارْزُقْ أَهْلَهُ مِنَ الثَّمَرَاتِ مَنْ آمَنَ مِنْهُمْ بِاللَّهِ وَالْيَوْمِ الْآخِرِ قَالَ وَمَنْ كَفَرَ فَأُمَتِّعُهُ قَلِيلًا ثُمَّ أَضْطَرُّهُ إِلَى عَذَابِ النَّارِ وَبِئْسَ الْمَصِيرُ (126)
Яъни: “Эслaнг: Ибрoҳим: “Эй, Рaббим, бу (Мaккa)ни тинчлик шaҳри қилгин вa унинг aҳoлисидaн Aллoҳгa вa oxирaт кунигa ишoнувчилaргa (турли) мeвaлaрдaн ризқ қилиб бeргин” (Бақара;126).

Бу жойда Аллоҳ таоло Пайҳғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в.)га ўтган умматларнинг пайғамбарларини ҳаётидан хабардор қилиб, умматларини ўунга тарғиб қилиб, улуғ неъматлар “Тинчлик” ва “Хотиржам”ликни қадрлаб, асраб авайлаб ҳаёт кечиришга ундалмоқда. Ўша вақтдаги тарихга назар ташласангиз Макка тинч шаҳарлардан бўлган.

Шундай бўлсада, бу тинчлики доимо сўраб дуо қилиш муҳим эканлигига далолатдир. Пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в.) билан саҳобалар бир куни суҳбатлашиб ўтирганларида, саҳобалардан бирлари Ё Расулуллоҳ (с.а.в.) биз Аллоҳ таолодан дуо қиилб сўраганимизда кўпроқ нимани сўрайлик деб савол қилишганда, жанобимиз, ҳабибимиз Пайғампбар (а.с.): “Аллоҳ таолодан офият (тинчлик, хотиржамлик)ни сўранглар” деб айтган сўзлари ҳам, инсоният учун бу неъматлар нечоғлик муҳим эканлигига далолат қилади. Тинч бўлиб турган жойга яна тинчлик сўраб дуо қилиш эса, тинчликни давомий бўлиши учундир. Бу хусусида

Қуръони Каримда бундай дейилган:
وَإِذْ تَأَذَّنَ رَبُّكُمْ لَئِنْ شَكَرْتُمْ لَأَزِيدَنَّكُمْ وَلَئِنْ كَفَرْتُمْ إِنَّ عَذَابِي لَشَدِيدٌ.
Яъни: “Яна Роббингиз эълон қилган (бу сўзлар)ни эслангиз: “Қасаммки, агар (берган неъматларимига) шукр қилсангиз, албатта, (уларни янада) зиёда қилурман. Борди-ю, ношукурлик қилсангиз, албатта, азобим (ҳам) жуда қаттиқдир” деб марҳамат қилган (Иброҳим – 8).

Мазкур ояти каримани тинчлик ва хотиржамлик учун нима даҳли бор деб фикр қиладиган инсонларга динимиз чиройли жавоб берган. Яъни биз юқорида тинчлик ҳам неъматларнинг энг улуғи эканлиги ҳақида Пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в.)дан ҳадисни эслаб ўтдик. Мазкур ҳадисга мувофиқ бу буюк икки неъат бардавом бўлиши учун ҳам инсондан шукр ва қадрлаш талаб этилар экан.

Тинчлик ҳукм суриб турган жойга яна тинчлик сўраб дуо қилиш эса, муқаддас диними ва давримизнинг энг долзарб шарафли вазифаларидан ҳисобланади. Инсон ким бўлишидан қатъий назар, ўзи яшаб турган, Аллоҳ неъмат қилиб берган Ватани, унинг зилол сувлари, ҳавоси, нози неъматлари ва бошқа барча шароитларига шукр қилиб, уни зиёда бўлишини сўраб дуо қилиши, Яратганинг, Ватанининг, жамияти ва оиласи олдидаги шарафли бурчидир.

Бугун дунёда тинчлигини ва хотиржамлигини йўқотган мамлакат ва у Юртларда истиқомат қилаётган инсонлар ҳаётлари, таъбир жоиз бўлса нурафшон нурни йўқотган, зимистон ичида қолган инсонларга ўхшади. Бу ҳолатни кўрган, эшитган инсонда бир аламлик дард пайдо бўлдаи. Бу ҳолатлардан кўриб, эшитиб турган инсонлар ибрат олиб, хулосалар чиқариб, ўзлари учун инъом қилинган тинчлик ва хотиржамликни қадрлашлари, асраб авайлашлари лозим бўлади.

Шунинг учун ҳам биз Юртимиздаги ҳукм сураётган тинчлик, хотиржамликни сақлаш, уни турли хил ғаразли хуруж ва ҳамлалардан, фитна ва бўҳтонлардан ҳимоя қилиш, ғарзли ва манфур кимсаларнинг макр ва пуч ғояларига учмасдан, алданмасдан, ёш авлодларимизни ҳам улардан хабардор қилиб, ислом маданиятининг (тинчлик, хотиржамлик, бағрикенглик, ўзарототувли, меҳр-оқибат в.ҳ.к.) эзгу ғояларини кенг тарғиб этишни долзарб вазифа сифатида билиб, ушбулар асосида фаолият олиб бормоқ лозим бўлади. Шунингдек, муқаддас динимизни ниқоб қилиб, ўзларининг ғаразли мақсадларига эришишга уринаётган фирқа ва оқимларга қарши доимо сергак ва ҳушёр туриш зарурлигини доимо ёдда тутмоқ даркордир.

Бу хусусида Аллоҳ таоло Қуръони Каримнинг “Моида” сурасида шундай деган:
…وَتَعَاوَنُوا عَلَى الْبِرِّ وَالتَّقْوَى وَلَا تَعَاوَنُوا عَلَى الْإِثْمِ وَالْعُدْوَانِ وَاتَّقُوا اللَّهَ إِنَّ اللَّهَ شَدِيدُ الْعِقَابِ.
яъни: “… Эзгулик ва тақво (йўли)да ҳамкорлик қилингиз, гуноҳ ва адоват (йўли)да ҳамкорлик қилмангиз! Аллоҳдан қўрқингиз! Албатта, Аллоҳ азоби қаттиқ зотдир” – дейилган. (Моида – 2). Ушбу оятга эътибор қаратадиган бўлсак, эзгу ният йўлида ҳамкорлик қилиш ер юзида ТИНЧЛИК ВА ХОТИРЖАМЛИКНИ барқарор бўлишига бош омилларидан эканлигига тарғиб қилинган.

Тинчлик ва хотиржамлик – барча даврларда мамлакатлар, жамиятлар, оилаларда яшаган инсонларнинг талаб қилган асосий мақсади бўлиб келган. Бу икки неъмат учун қилинган қанча ҳаракатлар, харажатлар ҳам сўзимизга мисолдир.

Тинчлик ва хотиржамлик неъматлари башарият уни сақлашлик учун хоҳ қимматли бўлсин, хоҳ арзон бўлсин барча нарсасини, ақл-заковат, мол-дунё ва куч-қувватини сарфлашига ҳақли бўлган улуғ неъматлардан экани, буни бардавом бўлиши учун унинг сабаблари, уни тутиб турувчи омиллари ва устунлари ҳам бардавом бажарилиши лозим бўлади.

Тинчлик ва хотиржамликни сақлаш, уни қадрлаш учун инсонларни, ёш авлодни, эркак-аёлларни, хуллас ҳар бир шахсни Аллоҳнинг тоатида, Аллоҳга маъсият қилишдан қайтариш, берган неъматларини қадрлаш асосида тарбиялаш лозим бўлади. Шунингдек, ҳар бир инсон ўзининг бурчи ва мажбуриятларини яхши билиши ва унга қатъий амал қилиши динимизнинг талаб ва тавсияларидандир.

Юқорида таъкидлаб ўтганимиз каби, инсон учун тинчлик ва хотиржамлик зарур ва бу муқаддас динимизнинг, давримизнинг талабидир. Бу хусусида Пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в.) яна бир ҳадисларида шундай деганлар:
من أصبح آمنا في سربه معافى في جسده عنده طعام يومه فكأنما حيزت له الدنيا
Яъни, “Ким оиласи тинч, жасади саломат ва ҳузурида бир кунлик таоми бор ҳолатда тонг оттирса, унга дунё тўлиғича берилибди”. (Имом Бухорий “Ал-адаб ал-муфрад” китобида ривоят қилган).

Жаҳонда рўй бериб турган нотинчликлар, кишини дилини хуфтон қиладиган ҳолатлар, бўлиб турган турли воқеа ва ҳодислардан бугун ғафлатда қолиш ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ. Мамлакатларни, жамиятни, оилаларни, инсонни ҳалокат ва фалокатга учратадиган энг ёмон мусибатлардан бу – бепарволик, ғафлат, лоқайдлик ва шунга оид ёмон ҳислатлардир.

Бу инсонларга кўринмайдиган иллатлардан, касалликлардандир десак муболаға бўлмайди. Шунинг учун ҳам жаннатмакаон Ватанимиз фуқаролари, барча-барчамиз мазкур ёмон ҳислатлардан чиқишимиз лозим ва лобуддир.
Бепарволик, ғафлат, лоқайдликлардан динимизда қатъий қайтариб, у каби иллатларга тушмасликка тарғиб этган.

Хулоса қиладиган бўлсак, динимизнинг тинчлик ва хотиржамликка бўлган эътибори нечоғлик катта, ҳамда бағрикенглик унинг негизи эканлиги яққол номоён бўлади. Инсон ўзидаги неъматнинг қадрини унинг устида мулоҳаза юритиш, шу неъматдан ўзгалар ҳам баҳраманд ёки бебаҳра эканлигини ўйлаб кўриш билан билади. Бу эса янада кўпроқ Аллоҳга шукр қилишга ундайди. Неъматнинг бардавом бўлиши, унинг шукрни адо этилишига боғлиқдир.

Тинчлик ва хотиржамлик ана шундай амалий шукр талаб қиладиган неъматлардандир. Бу неъматнинг шукрини адо этиш барчанинг зиммасига фарздир. Ёши улуғ нуроний отахон ва онахонларимиз ушбу икки улуғ неъматнинг мустаҳкамлигини сўраб дуо қилишлари, ёшлилар ўзларининг ҳалол меҳнатлари, уни ҳимоя қилиш учун астойдил бел боғлашлари билан бу неъматнинг шукрини адо этган бўламиз. Шу билан бирга давримиз ва муқаддас динимизнинг талаб ва тавсияларида амалга оширган бўламиз.

Аллоҳ таоло Юртимиз тинчлиги ва хотиржамлигини барқарор ва бардавом, халқимизнинг ҳаётини фаравон қилсин.

Исомиддин АҲРОРОВ,
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
масъул ходими

Манба www.muslimuz

Izoh qoldirish