23.03.2021

Наврўз — яшариш ва янгиланиш фасли

Наврўз кунларда атрофда ажиб манзаралар барқ уриб, табиат уйғонмоқда. Баҳор ҳавосидан қалбларга тароват, илиқлик югурмоқда. Янгиланиш, яшариш фасли бошланди. Шукуҳли бу кунларда эса юртимизда Наврўз умумхалқ байрами кенг нишонланади. Асрлар тарихига эга бу байрам томошаларида халқимизнинг қадимий урф-одатлари, миллий анъаналаримиз қайта тикланиб, янгича тус олади. Шу тариқа миллий меросларимиз авлодлар қалбига синга боради. Наврўз байрамининг қадим тарихи, миллий қадриятларимиз билан боғлиқ жиҳатлари, маданий-маърифий ҳаётимизда тутган ўрни ҳақидаги тўхталиб ўтсак.

Мустақиллик йилларида барча соҳаларда бўлгани каби мамлакатимиз маданий-маърифий ҳаётида ҳам жуда катта ўзгаришлар рўй бермоқда. Мазкур жабҳада мустақиллик арафасида, ҳали собиқ иттифоқ ҳукмрон бир пайтда давлатимиз раҳбари томонидан маданий-маърифий, умуман, маънавий ҳаётимизда туб бурилиш ясаган муҳим бир тарихий ҳужжат имзоланганлигини бугун қувонч билан эслаймиз. Бу—Президентимизнинг 1990 йил 3 майдаги Фармони асосида 21 март — юртимизда Наврўз умумхалқ байрами ва дам олиш куни, деб эълон қилинганлиги бўлди. Наврўз ҳақидаги мазкур Фармон бу кунни эркин, умумхалқ байрами сифатида нишонлаш имконини яратди.
Наврўз байрами жуда қадимий байрам саналади. Бу байрамнинг тарихи қарийб 4-4,5 минг йиллик, деган тахминлар мавжуд. Бунга муайян асослар ҳам бор. X аср тарихчиси Абу Бакр Наршахий “Бухоро тарихи” китобида Сиёвуш ҳақида қўшиқлар тўғрисида сўзлар экан, бунга 3 минг йиллар бўлган, деган фикрни билдиради.

Наврўз асосан баҳорий тенг кунлик 21-22 мартдан бошлаб нишонланган ва бир ҳафта, ўн кун, ҳатто, баъзи жойларда бир ойгача давом этган байрам. Наврўз байрами - бу деҳқон, чўпон, ҳунарманд, қўйингки, ҳаммамизнинг ҳақиқий умумхалқ байрамимиздир. Тарихда Наврўзга муносабат доимо бир хил бўлиб келмаган. Турли даврларда Наврўз байрамига у ё бу даражада аралашувлар бўлган. Масалан, Сосонийлар даврида Наврўзни ёзги тенгкунликда нишонлашни расм қилишган. Лекин халқ байрами сифатида у барибир баҳорда кутиб олинаверган, яъни, бу каби уринишлар оқибатсиз қолган. Биз жуда яхши эслаймиз, Наврўзга энг қўпол тазйиқ шўролар даври сиёсати билан боғлиқ. Собиқ иттифоқ даврида Наврўзни байрам сифатида нишонлаш таъқиқлаб қўйилган. 
Мустақилликка эришгандан кейин миллий-диний урф-одатларимиз яна қайта тикланиб “Наврўз” кунини умумхалқ байрами сифатида Республикамизда кенг нишонлаш бўйича Муҳтарам Президентимиз Ислом Каримовнинг Фармони ниҳоятда катта, ҳам маданий-маънавий, ҳам тарихий-сиёсий аҳамиятга эга бўлган ҳодиса бўлди. 1990 йилдан буён Наврўз мамлакатимизда умумхалқ байрами сифатида тантана қилиб келинади. Наврўз байрами тикланиши билан қадимий урф-одатларимиз, маросимларимиз қайтадан жонланди.
Наврўз байрами арафасида тумандаги жомеъ масжидларни ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишлари йўлга кўйилди.

Мустақиллик йилларида Наврўз байрами тарихини ўрганиш борасида улкан ишлар амалга оширилмоқда. Масалан, 1992 йилда Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси нашриёти “Наврўз” деган китобни нашр этди. Бу китоб гарчи илгарироқ нашрга тайёрланган бўлсада, 1992 йилга келиб чоп этиш имкони бўлди. Демак, бу ҳам мустақиллик мевасидир.

Маълумки, мустақиллик йилларида Наврўз умумжаҳон байрами сифатида тан олинди. 2009 йилда ЮНЕСКО томонидан Наврўз инсониятнинг номоддий маданият мероси рўйхатига киритилди. Бу фахрли ҳодиса юртимизда Президентимиз раҳнамолигида халқимиз маданий-маърифий меросига қаратилаётган юксак эътибор нишонасидир.
Наврўз байрами элимизда ободлик, тинчлик-тотувлик, миллатларо аҳиллик, бағрикенглик рамзи, қалбларимизда эзгулик уйғотадиган ҳақиқий шарқона байрам бўлиб қолаверади.

Таълим муассасаси ўқув ишлари бўйича директор ўринбосари Ҳ.Ҳалимова

Izoh qoldirish