23.03.2021

Мени кечиринг, ота...

Инсонни йўқдан бор қилган ва унга улкан неъматлар берган Аллоҳга беадад ҳамд-у санолар бўлсин. Пайғамбарларнинг энг шарафлиси Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламга, оилалари ва асъҳобларига салоту саломлар бўлсин.

Аллоҳ таоло Ўзининг ҳақ каломи Қуръони каримда шундай марҳамат қилади:
"Парвардигорингиз Ёлғиз Унинг Ўзига ибодат қилишларингизни ҳамда ота-онага яхшилик қилишларингизни амр этди. Агар уларнинг (ота-онангизнинг) бири ёки ҳар иккиси сенинг қўл остингда кексалик ёшига ецалар, уларга караб "уф" тортма ва уларнинг (сўзларини) қайтарма! Уларга (доимо) яхши сўз айт! Улар учун меҳрибонлик билан, хорлик қанотини паст тут-хокисор бўл ва: "Парвардигорим, мени (улар) гўдаклик чоғимда тарбиялаб-ўстирганларидек, Сен хам уларга раҳм-шафқат қилгин", деб (ҳақларига дуо қил)!". (Исро сураси, 23-оят).

Ибн Аббос разияллоҳу анҳу: "Уларга қараб "уф" тортма ва уларнинг (сўзларини) қайтарма!" оятини шарҳлаб айтадилар: У нафрат сўзидир.
Муқотил раҳимаҳуллоҳ айтади: У қўпол, ёмон сўзларни айтиш.
Ҳар бир инсонга ота-онасига яхшилик қилиш ҳам фарз, хам қарздир. Ота-онага яхшилик қилиш, бу ҳеч қачон уларга қарши чиқмаслик, итоатларидан бўйин товламасликдир. Доимо хизматларига шай туриш, уларга ширин гап айтиб, қалбларига хурсандчилик киритишликдир.
Инсон доимо ота-онасини рози қилиш ғамида юришлиги лозим бўлади. Чунки киши ота-онасини рози қилишлиги билан Аллоҳ таолонинг розилигига етишади. Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай деганлар: "Аллоҳ таолонинг розилиги, ота-онанинг розилигидадир, Аллоҳ таолонинг норозилиги, ота-онанинг норозилигидадир". Шу ерда бир нарсани ёдга олишлигимиз фойдадан ҳоли бўлмайди. Ота-онага итоат қилишликда Аллоҳ таоло осий бўладиган аммаллар бўлмаслиги шарт. 

Фарзандлар доимо ушбу нарсаларни эсдан чиқармаслиги лозим:
1. Ота-онага яхшилик қилиш зарур эканлиги.
2. Ота-онага яхшилик қилган киши охиратда мукофот олиши.
3. Ота-онага яхшилик қилган кишига жаннат эшикларидан икки эшик очилиши.
4. Ота-онадан бирига яхшилик қилган кишига жаннатдан бир эшик очилиши.
5. Ота-онанинг ғазабини чиқарган одамдан Аллоҳ таолонинг ғазаби чиқиши.
6. Ота-она розилигини топган одам Аллоҳ таолонинг розилигини топиши.
7. Ота-она зулм қилган бўлса ҳам, фарзанд уларга бари бир яхшилик қилавериши лозимлиги.
Биз фарзандлар доимо ота-оналаримизга яхшилик қилишга ҳарис бўлишлигиз керак. Чунки Жаннат калитларимизни ҳаётлик чоғида розиликларини ололмасак, кейин афсус-надоматларлар ҳеч қандай фойда бермайди. Ушбу ўринда мулоҳазаларимизни бир ҳикоя билан тамомласак:

Бир йигит ҳикоя қилиб айтади:
Мен олий мартабадаги ўқишда ўқир эдим, ўқувчилар орасида ҳам аъло баҳога ўқирдим. Отам менга жуда катта эътибор қаратарди. Агар ручкам иккита бўлиб қолса, отам “Ручкангни ручкаси йўқга бер”, агар яхшироқ кийиниб олсам, отам “Болам, оддийроқ кийинавер, отаси йўқлар қалби синмасин, мени ҳам отам бўлганда, шу каби кийимлар олиб берарди, демасин”, ошхонани чироғи ёниб қолиб кеца, “Болам, чироқни ўчириб қўй, исроф бўлади”, дарсхонада чироқни ёқиб ухлаб қолсам, отам чироқни ўчириб “Чироқни ўчириб ухлагин, болам” дер эдилар. Шу гапларидан малолланиб-малолланиб, охири отамдан безиб қолдим. Отам гапирса, ғашим келаверадиган бўлиб қолди. Ўқишга кетаётиб отамдан овқатланиш учун пул сўрасам, отам “Болам, пулни аямайман, сендан қизғонмайман, аммо уйда овқатлансанг барака бўлади, кўчада овқатлансанг, халқумингни бузиб қўяди, уйга келсанг биргаликда овқатланамиз”, дер эдилар. Пул бермаганига, отамдан ғашим келар эди. Отамдан бу ишларидан ҳатто “қачон ўларкан” деб қолдим. Ўқишни тамомладим, олий маълумотли бўлдим. Бирор жойда ишлаш ниятида юрдим, бу истагимни сезга отам менга бир нечта фирмалар таклифини бериб, “Шуларга мурожаат йўллагин, ажаб эмас ишга қабул қилинсанг” дедилар. Шулар ичида обрўли ишхона бор экан. Мен уларга таваккал қилиб мурожаат йўлладим. Сўнг улар менга боғланишиб, фалон куни, фалон соатда суҳбатга чақиришларини айтишди. 

Мен ўша кунни интизорлик ила кута бошладим. Шу дамларда отам қариганлиги сабабли соғлиги ҳам ёмонлашиб қолганди. Уйимизга докторлар ҳам, домлалар ҳам келишарди. Докторлар отамга муолажаа қилишар, қорилар Қуърон ўқиб, отамга дам солишарди. Шу ҳолатлардан роса малолланар эдим. Сўнгра мен отамни ҳузурига кирдим, шу пайт отам жуда қувониб, мени қўлимдан ушлаб, “Болам, чироқни ўчириб, деразани очиб қўйгин, Аллоҳнинг нури хонага кирсин, шуни ёруғи етади” дедилар. Отам яна гапиряпти деб, аччиқланиб айтганини қилдим. Кейин отам ишим борасида сўради. Мен ариза топширганимни ва учрашув куни белгиланганини айтдим. “Охирги насиҳатим, болам, қаерда сочилиб кетган нарсани кўрсанг йиғиштириб қўй, бузилиб кетган нарсани кўрсанг, тузатиб қўй, тўзиб турган нарсага кўрсанг, покиза қилиб йиғишитириб қўйгин, ўзингга яхши бўлади” дедилар отам. Бу гапларидан яна ғашим келди. 

Кунлар ўтди. Ўша мен орзиқиб кутган кун келди. Мен чақирилган ўша обрўли ишхонага бордим. У ерга ишга кириш ҳаммага ҳам насиб қилавермасди. Қарасам, ишхонани эшик очқичи носоз эди. Ҳайрон бўлган ҳолда наҳотки шундай обрўли жойни эшиги носоз бўлса, бошқа ерга келиб қолмадимми, деб ўйладим. Носоз жойини таъмирлаб қўйдим. Эшикдан киришимга ахлат қутиси ерга ағдарилган, ичидаги қоғозлар ёйилиб ётган эди. Отамни насиҳати ёдимга келиб, йиғиштириб қўйдим. Эшиклар очиқ, чироқлар ёниқ эди. Кейин мен эшикларни ёпиб, чироқларни ўчириб, қабулхонага кирсам, мен каби 15 га яқин мурожаат қилган одамлар бор эди. Сўнгра бирма бир мулоқот бошланди, навбат менга келганда суҳбат тугади. Мендан на савол сўради, на гапирди, ишга олмапдида, деган ўй билан эшик томон қараб кетаётганимда, менга “Сиз қолинг” дейишди. Жуда ҳайрон бўлдим. Сўнгра ишхона раҳбари менга юзланиб “Биз бу масъулиятли ишга тадбиркор, тежамкор, эътиборли, зийрак, тарбия кўрган, ўзини ишини устаси бўлган ходим излаб юргандик. Бинони ҳар жойига кузатув камерасини қўйганмиз, бугунги келганлардан биронтаси эътибор бермади, лекин сиз эшикни тузатиб, ахлатларни йиғиштириб, ортиқчқа чироқларни ўчириб, эшикларни ёпиб кирдингиз. Сиз ишга қабул қилиндингиз”. Шу пайтда отамни қилган насиҳатларини эслаб, ич-ичимдан қувониб, бу хушхабарни отамга тезлик билан етказишга ошиқдим. Раҳбарият иш бошлаш кунимни айтганидан сўнг, уйга шошилганча кетдим. Уйимга етишимга оз қолганда, дарвозамиз очиқ ҳолатда, 5-10 та одам тўпланиб қолганди.

Уйга кирсам, “Чироқни ўчиргин, болам”, “Эшикни ёпиб юргин, болам”, “Йўлингдаги нарсаларни тозалаб юргин, болам” дейдиган отам бу ҳаётдан кўз юмган эканлар. Минг афсус, хушхабарни, янги ишга жойлашганимни айта олмадим. Мени кечиринг, ота...

"Жўйбор Калон" ўрта махсус таълим муассасаси 3 "а"-курс талабаси Жумаева Юлдузхон

Izoh qoldirish